Бугун Ер юзи аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига тобора ўсиб бораётган талабини қондириш учун бошоқли донли экинлар, жумладан, юмшоқ буғдой ҳосилдорлигини ва дон сифатини ошириш борасида кенг қамровли ишлар бажарилмоқда. Хусусан, ўтган йили дунё бўйича жами 724 миллион тонна дон етиштирилган бўлса, шундан 6,6 миллион тоннадан ортиғи юртимиз ҳиссасига тўғри келади.
Президентимиз жорий йил апрель ойида Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида олимлар олдига буғдойдан 100 центнердан юқори ҳосил берадиган навларни яратиш, кластер ва фермерлар билан ҳамкорликда ишлаш вазифаларини қўйгани ҳам бежиз эмас. Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида кейинги йилларда чуқур ислоҳотлар ўтказилиши натижасида дон етиштириш ҳажмини кўпайтириш, бошоқли донли экинлар ҳосилдорлигини ошириш борасидаги айрим масалалар ўз ечимини топди.
Ғалла ҳосилдорлигини янада ошириш, дон сифатини, айниқса, унинг нонбоплик хусусиятини яхшилашда туп роқ унумдорлигига алоҳида эътибор қаратиш, селекция ва уруғчиликни такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади. Бу жараёнда агротехнологияни мақбуллаштириш, буғдойни касаллик, зараркунанда ва бегона ўтлардан ҳимоя қилишнинг уйғунлашган тизимини кенг ҳамда ўринли жорий этиш билан бирга механизациялашган интенсив технологияларни қўллаш ҳосилдорлик ва дон сифати ошишини таъминлайди.
Шунга қарамай, юмшоқ буғдойнинг интенсив навларини яратиш, уларни етиштириш технологияси кашф этилган ҳар бир навнинг биологик хусусиятларига мос равишда етарлича ишлаб чиқилмагани айрим хўжаликларда ҳосилдорлик пасайишига сабаб бўлмоқда. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали олимлари буғдойнинг янги, серҳосил навини кашф этиш устида изчил илмий изланиш олиб бормоқда.
Жумладан, юмшоқ буғдой коллекцияси нав намуналари орасидан ҳосилдор, касаллик ва зараркунандаларга, ноқулай об-ҳаво шароитига чидамли, дони сифатли, эртапишар намуналарни аниқлаб, уларни селекция учун дастлабки ашё сифатида чатиштириш, олинган дурагай тизмаларни ўрганиш ишлари давом эттирилди.
Бу орқали барча талабга жавоб берадиган навларни яратиш мақсадида Ўзбекистон ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти ҳамда халқаро илмий марказларнинг жаҳон коллекцияси, Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти нав намуналари ўрганилди. Хусусан, кузги буғдойнинг 1200 та нав намунаси ва янги селекция тизмалари асосида “Суғориладиган ерларда шўрланишнинг олдини олиб, экинзор фитосанитар ҳолатини яхшилайдиган, кузги буғдойдан мўл ва сифатли ҳосил олишнинг ресурстежамкор агротехнологиясини яратиш”, “Кузги қаттиқ буғдой навларининг бирламчи уруғчилигини йўлга қўйиш ва уруғлик сифатини оширадиган агротехник усулларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш” ҳамда “Суғориладиган ерларда занг касаллигига, табиатнинг ноқулай омилларига чидамли, серҳосил, кучли ва қимматли юмшоқ буғдой ҳамда анғизга экиладиган ловиянинг тезпишар навларини яратиш ва уларнинг ресурстежамкор агротехнологияларини ишлаб чиқиш”, “Кузги буғдойнинг суғориладиган ерлар учун интенсив типдаги, серҳосил, дон сифати кучли ва қимматли буғдой талабларига жавоб берадиган навларини яратиш” илмий лойиҳалари бўйича давлат гранти асосида тадқиқотлар олиб борилди.
Ушбу ўрганишлар асосида кузги юмшоқ буғдойнинг интенсив типдаги, дон сифати кучли ва қимматли буғдой талабларига жавоб берувчи “Жасмина”, “Фарбома” ва “Амира” навлари яратилди. Мазкур навларга учта патент олинган. Бугун “Жасмина”, “Фарбома” навлари амалиётга кенг жорий этилган бўлиб, Самарқанд вилоятининг суғориладиган майдонларида 2020-2021 ҳосил йилида 12 минг, 2021-2022 ҳосил йилида 13 минг гектар ерга экилди.
Самарқанд вилоятида экилган “Жасмина”, “Фарбома” навлари юқори ҳосилдорлиги, касалликларга чидамлилиги ва дон сифати юқорилиги билан бошқалардан ажралиб туради. Бу ғаллачиликнинг ривожланишига, донга эҳтиёжнинг таъминланишига хизмат қилиши кутилмоқда. Шунингдек, Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали ҳамда “Фарбома селект” илмий уруғчилик фермер хўжалиги ҳамкорлигида интенсив типдаги серҳосил, касалликларга чидамли ва дон сифати юқори кузги юмшоқ буғдойнинг “Самарқанд” ва арпанинг “Бек” навлари яратилди.
Айни кунларда мазкур навлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш марказида синовдан ўтказилмоқда. Донли экинлар селекцияси ва уруғчилигини янада ривожлантириш мақсадида вилоятда Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали ҳамда Россиянинг “Шёлково Агрохим” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида селекция ва уруғчилик кластерини тузиш, унда хориждан келтирилган қишлоқ хўжалиги экинлари навлари (буғдой, арпа, кунгабоқар, соя) экиш, ўрганиш ва янги навларни яратиш, бирламчи уруғчилигини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, Европанинг бир қанча мамлакатлари билан ғаллачиликни ривожлантириш бўйича илмий ҳамкорлик меморандумлари ҳам имзоланмоқда. Бир сўз билан айтганда, Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалида яратилган донли экинлар селекцияси ва уруғчилиги мактабида муайян илмий ишлар бажарилмоқда. Келгусида юртимиз тупроқ-иқлим шароит ига мос, энг зўр буғдой ва арпа навларини яратиш пировард мақсад қилиб белгиланган.









