Бугун ахборот энг муҳим қадрият(ми)?

    Фикр 3 май 2023 958

    Финларда «Дераза ойнасини журналистлар синдиради, уни ҳукумат қайта ўрнатади», деган гап бор экан. Истардикки, ҳамкасбларимиз мана шу ойнани, тўғрироғи, инсонларнинг кўнгил ойнасини синдирмасин. Зеро, кўнгил ойнасини қайта тузатиш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди.

    Деярли ҳар куни халқаро миқёсда маълум бир номдаги сана нишонланади. Нима учун халқаро кўламда, деган савол туғилиши табиий. Чунки Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) бу усулни муайян масалалар бўйича хабардорликни оширишнинг кучли воситаси сифатида қабул қилган.

    Халқаро кунлар БМТ Бош Ассамблеясининг қарори билан танланган тарихий воқеалар ва одамлар ҳаётининг муҳим жиҳатларини таъкидлаш мақсадида нишонланади. Ҳар бир халқаро кун кўплаб манфаатдор томонларга кун мавзуси билан боғлиқ тадбирларни ташкил этиш имкониятини беради. Халқаро кунларнинг мавзуси маълум бир тарзда БМТнинг халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, барқарор ривожланиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, халқаро ҳуқуққа риоя этиш ва гуманитар ёрдам каби соҳалардаги фаолияти билан боғлиқ.

    Халқаро кунларга бағишланган веб-сайтлар БМТ порталида энг кўп ташриф буюрилган манбалар саналади. Бундай кунларнинг эълон қилиниши мазкур ташкилотга аъзо давлатлар ва халқаро ҳамжамият у ёки бу муаммодан хавотирда эканлигини англатади. Баъзи кунлар нафақат БМТ Бош Ассамблеяси, балки унинг айрим ташкилотлари томонидан ҳам эълон қилинади.

    Масалан, 3 май куни нишонланадиган Жаҳон матбуот эркинлиги куни аввалига БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош конференциясининг 26-сессияси томонидан 1991 йил қабул қилинган, сўнг 1993 йил 20 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан тасдиқланган. Бу, ўз навбатида, 1991 йилда плюрализм ва оммавий ахборот воситаларининг мустақиллиги тўғрисида тарихий Виндхук декларациясини қабул қилган африкалик журналистларнинг чақириғига жавоб бўлди.

    Ҳар йили 3 май куни бутун дунёда матбуот эркинлигининг асосий тамойилларини таъкидлаш, дунёдаги матбуот эркинлиги ҳолатини баҳолаш, оммавий ахборот воситалари ва уларнинг мустақиллигига тажовузлардан ҳимоя қилиш ва вафот этган журналистлар хотирасини эслаш мақсадида Жаҳон матбуот эркинлиги куни нишонланади.

    Ушбу кун матбуот эркинлигини ҳимоя қилиш ва бутун дунё бўйлаб матбуот эркинлиги ҳолатини баҳолаш бўйича ташаббусларни рағбатлантириш ва ривожлантириш имкониятини беради. 3 май ҳукуматларга матбуот эркинлигини ҳимоя қилиш мажбуриятини бажариш зарурлигини эслатиб туради. Оммавий ахборот воситалари ходимлари матбуот эркинлиги ва касбий этика билан боғлиқ масалалар ҳақида фикр юритади. Бу кун чекловлар қурбони бўлган ёки овоз эркинлигидан тўлиқ маҳрум бўлган оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлашга чақириқ бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари, бу ўз касбий бурчини бажаришда вафот этган журналистларни хотирлаш кунидир.

    Бугунги кунда авторучка, ёзув машинкаси, қоғозлар, оддий телефон ва халқ тилида магнитофон, радиожурналистлар тилида репортёр деб аталувчи техникалар ўрнини мобиль телефонлар, компьютер, ноутбук, рақамли диктофонлар эгаллади. Журналистлар меҳнати анча енгиллашди.

    Журналистларнинг бир авлоди кўз ўнгида ахборотни узатиш технологияси тубдан ўзгариб кетди. Замонавий технологиялар журналистикани «тош асри»дан олиб чиқди ва бу соҳани бутунлай ўзгартириб юборди. Бироқ ОАВнинг холис, тўғри ахборот тарқатиш борасидаги масъулияти ўша-ўшалигича қолиши керак эди. Аммо, минг афсуски, бундай бўлмаяпти.

    Давримиз ҳақли равишда «Ахборот асри» деб номланади. Жаҳон ягона ахборот майдонига айланиб бўлди.

    ХХ аср охири — ХХI асрга келиб, дунё бутунлай ўзгариб кетди. Ахборот-коммуникация соҳаларининг тараққиёти, геосиёсий вазиятнинг кескин ўзгариши ким ахборотга эга бўлса, жамиятни ўша бошқаришини кўрсатиб қўйди.

    Бу эса ҳар қандай давлат ва тузум олдида долзарб муаммони келтириб чиқармоқда. Ахборот хавфсизлиги ҳар бир давлат миллий хавфсизлигининг таркибий қисмидир. У давлат ва жамиятнинг барча соҳаларидаги миллий манфаатларни ҳимоя қилишга қаратилган бўлиши керак. «Ҳар қандай давлатнинг оммавий ахборот воситаси чет эл таъсири остида қолар экан, жамият ўз тарихий идеаллари, қадриятларини бузишга йўналтирилган ахборотлар оғушида қолади», деб ёзган эди америкалик олим Лэнс Беннет. Ҳозирги кунда жаҳондаги турли «куч марказлари»нинг геосиёсий қарама-қаршилиги «ахборот макони»га кўчди, деган гапларда жон бор. Яъни оддий сўз билан айтганда, ахборот кимнинг қўлида бўлса, ўша хақ бўлиб чиқмоқда.

    Рус ёзувчиси А.Чеховнинг «6-палата» повести ёдингиздами? Бош шифокор ўринбосарининг бош шифокор лавозимини эгаллаш мақсадидаги хатти-ҳаракатлари ахборот хуружини эслатмайдими? Соппа-соғ одамни жиннига чиқариб, ўзининг қабиҳ мақсадларига эришган бош шифокор ўринбосарининг ишини ҳозир айрим ОАВ ходимлари бажараётгандек.

    Ҳаёт ҳақиқати шуни кўрсатмоқдаки, ҳар қандай тараққиёт маҳсулидан икки хил мақсадда — эзгулик ва ёвузлик йўлида фойдаланиш мумкин.

    Замонавий дунёда ахборотлар шу қадар кўпки, тарқатилаётган ахборотларнинг қай бири тўғри, қай бири нотўғрилигини аниқлагунча инсон онги биринчи тарқалган хабарга мослашган бўлади. Радио ва телевидение пайдо бўлганидан кейин дунё ўзгариб кетди. Интернет пайдо бўлиши билан эса янада бошқача тус олди.

    Ахборот озчиликнинг эмас, барчанинг мулкига айланди.

    Ҳозирги пайтда ер юзининг қайси чеккасида қандайдир воқеа юз бермасин, одамзод бу ҳақда дунёнинг бошқа чеккасида турган бўлишига қарамай, зудлик билан хабар топиши ҳеч кимга сир эмас. Бугунги кунда замонавий ахборот майдонидаги ҳаракатлар шу қадар тиғиз, шу қадар тезкорки, энди илгаригидек, бу воқеа биздан жуда олисда юз берибди, унинг бизга алоқаси йўқ, дея бепарво қараб бўлмайди. Ҳаётимизнинг бирор-бир соҳасини ахборотсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

    Бугун ахборот энг муҳим қадрият саналмоқда. У оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилади.

    Айрим ҳолларда матбуот одамларга салбий таъсир кўрсатишидан кўз юмиб бўлмайди. Буни биз дунёда юз бераётган ҳодисаларнинг нотўғри талқинда ёритилаётганидан кўриб турибмиз. Журналистлар ва медиа ходимлари нафақат иш берувчилар ва ахборот истеъмолчилари олдида, шу билан бирга, жамиятга нисбатан ҳам масъулиятни ҳис қилиши, демок ратияни ҳаддан ошиш деб тушунмаслиги керак. Эркинликка интилиш ҳар бир журналист олдида турган вазифа, аммо чегарани билиши шарт. Медиа жамият олдида ўз зиммасига маълум бир мажбуриятларни олиши керак. Бу мажбуриятлар ахборот тарқатишда ҳалоллик ва адолатни талаб қилади.

    Жамоатчилик фикрини чалғитиш айнан оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилмоқда. У ёки бу мамлакатни ёмонотлиқ қилиш, ўзи танлаган тараққиёт йўлидан қайтаришга бўлган уринишлар замирида тор манфаатлар ётибди.

    Одамлар онгини, дунёқарашини ёт ғоялар таъсирига бўйсундиришга интилиш ҳолатлари айнан матбуот орқали амалга оширилаётгани ташвишлидир. Интернетдаги ижтимоий саҳифалар ҳам нафратга қаратилган даъватларга қарши курашиши лозим.

    Одамлар дунёқарашини у ёки бу ғоялар таъсирига бўйсундиришда молпараст, шуҳратпараст ва амалпараст кучлар ўз мақсадларига эришиш, дунёни хоҳиш-иродаларига бўйсундиришда фойдаланмоқда. Бугунги кунда халқаро майдонда турли сиёсий кучлар ўзларининг миллий ва стратегик режаларига эришиш учун, эрамиздан аввалги ВИ асрда яшаб ўтган файласуф ва ҳарбий арбоб Сунь Цзи ёзганидек, хоин ва сотқинлардан фойдаланмоқда. У ўз саркардаларига «энг қабиҳ ва разил одамлар билан ҳамкорликдан фойдаланинг», деб маслаҳат берган эди. Сиёсий кучларнинг узоқни кўзлаган асл мақсадларини ўз вақтида сезиш ва англаш катта аҳамиятга эга. Эълон қилинмаган ахборот урушларининг замирида ёлғон ахборот тарқатиш, ижтимоий онгни эгаллаш, миллий ва маданий қадриятларни йўқ қилиш, турмуш тарзимизга ёт ва бегона қадриятларни сингдириш мақсади ётгани аниқ.

    Медиа жамият олдида ўз зиммасига маълум бир мажбуриятларни олиши керак. Бу мажбуриятлар ахборот тарқатишда ҳалоллик ва адолатни талаб қилади. Медиа жиноятчилик ва зўравонликни тарғиб қилмаслиги, фуқароларнинг ҳуқуқларини камситмаслиги зарур. Бу матбуот эркинлигини чеклашни англатмайди. Шу ўринда «эркинлик истаб» йўл транспорт қоидаларини бузган ҳайдовчи келтирган нохуш ҳодисани мисол қилиш мумкин.

    Демократия экан, деб журналистика этикасини бузганлар ҳам жамиятга катта зиён келтиришини англаб етиши керак. Айрим мамлакатларда «тўртинчи ҳокимият» «биринчи ҳокимият»га интилувчи матбуотнинг борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Улар олигархлар, молиявий гуруҳ, маҳаллий «барон»лар қўлидаги бир ўйинчоқ эканини ёддан чиқариши керак эмас. «Тўртинчи ҳокимият» деб юритилаётган бўлишига қарамай, ОАВни ҳукумат ёки тижорат структураси деб эмас, балки том маънодаги фуқаролик жамияти институти сифатида кўриш керак.

    Америкалик тадқиқотчи Г.Лассуэлл ОАВнинг тўртта вазифаси борлигини таъкидлаган эди: жаҳонни кузатиб бориш (ахборот тўплаш ва тарқатиш); таҳрир қилиш (ахборотни танлаб олиш ва шарҳлаш); жамоатчилик фикрини шакллантириш; маданият тарқатиш.

    Айтишларича, финларда «Дераза ойнасини журналистлар синдиради, уни ҳукумат қайта ўрнатади», деган гап бор экан. Истардикки, ҳамкасбларимиз мана шу ойнани, тўғрироғи, инсонларнинг кўнгил ойнасини синдирмасин. Зеро, кўнгил ойнасини қайта тузатиш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди.

    Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, бугун мамлакатимизда сўз, матбуот эркинлигини таъминлашга юксак эътибор бериляпти. Журналистларимизда тўғри сўзни айтишга журъат бор. Давлатимиз раҳбарининг ўзи тўғрисўз ва журъатли журналистларни қўллаб-қувватлаб турибди. Биз бугун шиддат билан ўзгараётган ва ривож топаётган, шу билан бирга, ечими ўта оғир ва мураккаб бўлган турли муаммоларни туғдираётган ХХI асрда яшаётганимизни ҳар он ҳис қилиб туришимизни истардим.

    Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ,

    журналист

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates