Бугун Ҳиндистонда миллий байрам нишонланмоқда

    Ҳиндистон ҳамда Ўзбекистон мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ўзаро ишонч ҳамда мустаҳкам ришталар асосида қурилган. Бу икки давлат орасидаги дипломатик муносабатларда ҳам азалий қадриятларга ҳурмат туйғуси устунлик қилади.

    Ҳиндистонда бугун, 24 январь куни 75-республика куни нишонланмоқда. 1950 йилнинг айнан шу кунида мамлакатнинг ҳар бир фуқаросига тенглик ва адолат кафолатланган Конституция қабул қилинган. Ушбу санада мамлакат аҳолиси Маҳатма Ганди, Жавоҳарлал Неру, Сардар Пател каби етакчиларнинг улкан ҳиссаларини хотирлайди.

    Мазкур байрам Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасида ҳам ўзгача шукуҳда нишонланмоқда.

    — Ўзбекистондаги дўстларим ва ҳамкасбларимдан ушбу байрам муносабати билан кўплаб табриклар қабул қилмоқдаман. Барчага ўз ташаккуримни билдираман, — дейди Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Маниш Прабҳат. — Ҳиндистон ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик бизнинг давримизда ҳам янада мустаҳкамланиб, стратегик шериклик изчил ривожланиб бораётгани ўзига хос мамнуният бахш этади.

    Ўтган йили Ҳиндистон энг муҳим икки ташкилот, яъни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва G20га раислик қилди. Ҳиндистоннинг саъй-ҳаракатлари тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, иқтисодий ҳамкорликни ошириш, соғлиқни сақлаш, ёқилғи ва озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилди.

    Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нарендра Модининг таклифига биноан VGSS етакчилари йиғилишида иштирок этди.

    2023 йил 1 декабрь куни Дубайда бўлиб ўтган COP28 саммити доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда мамлакатимиз Бош вазири Нарендра Модиларнинг ҳам ўзаро учрашуви бўлиб ўтди. Икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида соғлиқни сақлаш, таълим, фармацевтика, анъанавий тиббиёт ва бошқа соҳаларда яқин ҳамкорликни давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар.

    Ҳиндистоннинг вакили сифатида икки мамлакат ўртасидаги мавжуд ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун бор салоҳиятимиз билан ҳаракат қилишга тайёрмиз, — дейди Маниш Прабҳат.

    Таъкидлаш керакки, Ҳиндистон илм-фан, соғликни сақлаш ҳамда таълим соҳасида катта ютуқларга эришмоқда.

    Ҳиндистон “Chandrayaan-3” миссияси учун нуфузли Леиф Эриксон Ой мукофотини олди

    Ҳиндистон космик тадқиқотлар ташкилоти (HKTT) ойни тадқиқ қилишда муҳим босқич бўлган “Chandrayaan-3” миссияси учун таниқли Леиф Эриксон мукофоти билан тақдирланди.

    2023 йил 19 декабрда Исландиянинг Ҳусавик шаҳридаги Тадқиқотлар музейи томонидан берилган ушбу мукофот HKTTнинг ойни тадқиқ этиш ва самовий сирларни тушунишга қўшган ҳиссасинининг муҳимлигини эътироф этади.

    “Chandrayaan-3” миссияси Ҳиндистон космик тадқиқотлари тарихидаги улкан ютуқ бўлиб, 2023 йил 23 август куни ойнинг жанубий қутби яқинига муваффақиятли қўнди. Ушбу ажойиб натижа Ҳиндистонни ойнинг ушбу минтақасига қўнган биринчи давлатга айлантирди ва шу билан Ҳиндистон глобал космик кучларнинг элита гуруҳига қўшилди.

    “Ягона қуёш, бир макон, бир тармоқ”ташаббуси амалда

    Шунингдек, “Ягона қуёш, бир макон, бир тармоқ” ташаббуси ҳам мамлакат учун алоҳида аҳамиятга эга саналади. Мазкур ташаббус Ҳиндистон ва Буюк Британия томонидан Халқаро қуёш иттифоқи (ХҚИ) ва Жаҳон банки гуруҳининг икки томонлама ҳамкорлиги доирасида ишлаб чиқилган.

    Қайта тикланадиган энергетика саноатини ривожлантиришга қаратилган ушбу ташаббуслар кейинчалик Яшил тармоқлар ташаббуси – “Ягона қуёш, бир макон, бир тармоқ” деб номланган яхлит саъй-ҳаракатларга бирлаштирилиб, умумий мақсади эса жамоавий садоқатни таъкидлайди. Ўзаро боғланган қуёш тармоқларининг дунёдаги биринчи халқаро тармоғи 140 та давлатни узлуксиз қуёш енергияси билан боғлашни мақсад қилган ва ХҚИга аъзо 80 та давлат томонидан маъқулланган.

    Қайта тикланадиган энергия манбалари бўйича халқаро агентлик томонидан эълон қилинган статистик маълумотларга кўра, Ҳиндистон қайта тикланадиган энергия бўйича 4-ўрида туради.

    Ҳиндистонда рақамли тўловларнинг жадал ўсиши: UPI

    Рақамли тўловлар соҳасида Ҳиндистон Ягона тўловлар интерфейси (UPI) бошчилигидаги монументал силжишнинг гувоҳи бўлди. 2023 йил декабрь ҳолатига кўра, UPI 857 миллион транзакцияни қайд этди, бу унинг Ҳиндистоннинг рақамли тўловлар бозоридаги доминант ролини кўрсатиб, 2022-23-молия йилида бозорнинг 62% улушини эгаллайди. UPI транзакцияларининг бундай ўсиши мамлакатнинг рақамли иқтисодиётга ўтишининг яққол кўрсаткичидир.

    Бош вазир Нарендра Модининг Ҳиндистонда рақамли революцияни ривожлантиришга содиқлиги мамлакатнинг рақамли технология имкониятларини ўзлаштириш ва ривожлантириш борасидаги муҳим ютуқларини яққол акс эттиради. Унинг баёнотлари ва ташаббуслари Ҳиндистонни рақамли кучга эга жамият ва билим иқтисодиётига айлантиришга қаратилган.

    Дордо — бутун дунёни ўзига мафтун этаётган қишлоқ

    Таъкидлаш керакки, Ҳиндистонда туризм соҳаси ҳам самарали ривожланган. Маҳаллий ҳамжамиятлар тарихий ва маданий аҳамиятга эга бўлган ҳудудларда сайёҳлик ташаббуслари муваффақиятининг пойдевори ҳисобланади. Уларнинг тарих, урф-одат ва ҳикоялар билан чуқур боғлиқлиги бу манзилгоҳлар моҳиятини асраб-авайлашда алоҳида аҳамият касб этади.

    Ана шундай манзилгоҳлардан бири Ҳиндистоннинг бой маданий мероси ва табиий гўзалликнинг ажойиб сеҳрини акс эттирувчи Буюк Кутчнинг оқ чўл минтақасидаги Дордо қишлоғидир. Мазкур қишлоқ халқаро эътирофга сазовор бўлиб, 2023 йилнинг октябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилган БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг юбилей сессиясида "Энг яхши сайёҳлик қишлоғи" нуфузли унвони билан мукофотланди. Дордонинг «Энг яхши сайёҳлик қишлоғи» деб эътироф этилиши шунчаки мукофот эмас, бу Ҳиндистоннинг ҳали фойдаланилмаган туризм салоҳиятидан далолатдир.

    Бир сўз билан айтганда, Ҳиндистон бугунги даврда ривожланиш сари жадал одимлар билан кетаётган мамлакат сифатида диққатга сазавордир.

    Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси

    Матбуот маркази

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates