Бугуннинг муҳандислари илм-фан ва ишлаб чиқариш драйверига айланади

    Замонавий олийгоҳлар,айниқса, техника-муҳандислик йўналишидаги ОТМлар кенг қамровли иш юритиши, илмий ишланмалар, амалий, инновацион ва стартап лойиҳаларни амалга ошириши эвазига катта фойда олиши зарур.

    Бугун дунёда технологиялар, техник тизимлар мураккаблашмоқда. Шу билан бирга, уларнинг иқтисодиёт ва жамият ривожидаги ўрни ҳам кучайиб бормоқда. Жаҳон илм-фани тараққиётнинг янги босқичига кўтариляптими, демак, ҳар бир давлат шунга монанд ривожланиши керак. Шунинг учун ҳам муҳандислик таълими сифатига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соҳада кадрлар тайёрлаш ўзани замонавий талабларга йўналтирилиб, муҳандислик таълимини модернизация қилиш долзарб масалалар қаторига чиқди.

    “Рақобат кучайиб боряпти”, деган жумлани кўп қўллаймиз. Айтишга осон, лекин унинг замирида илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга муваффақиятли татбиқ этишдек вазифа ётади. Саноат тармоқлари иқтисодиётимизнинг драйвер соҳасига айланиб бораётганидан очилаётган янги иш ўринлари меҳнат бозорида замонавий технологик жараёнларни бошқаришга қодир муҳандислар тайёрлашни талаб қилишини англаш мумкин.

    Янги Ўзбекистон тараққиёти технологиялар ва инновацияларнинг жадал ривожланиши билан боғлиқ. Бу йўналишдаги энг муҳим вазифалардан бири замонавий муҳандислик технологияларига доир билимларни пухта эгаллаган, илм-фан ва техниканинг сўнгги ютуқларидан хабардор, қисқаси, юқори малакали муҳандислар тайёрлашдир.

    2023 йили ўтказилган сўровномада мактаб битирувчиларининг атиги 8 фоиз шу муҳандислик йўналишини танлаган. Олий таълимга қамров 5 баробар, яъни 9 фоиздан 42 фоизга ошган бир пайтда ёшларнинг муҳандисликка қизиқишидаги бу кўрсаткич соҳага янги технологияларни жорий этиш заруратидан дарак беради.

    Юртимизда техника йўналишидаги 36 та давлат олий таълим муассасасини ҳар йили 67 минг йигит-қиз битиради. Бироқ уларнинг 60 фоизи ўзи ўқиган йўналиш бўйича ишламаяпти. Сабаби, олий таълим муассасаларининг ўқув дастури ва ихтисосликлари бугунги иш берувчилар талабини тўлақонли таъминлайдиган кадрларни етиштириб беролмаяпти. Бугун биз ана шу талабларга жавоб бермасак, замонавий йўналишларда кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўймасак, саноат тармоқлари катта маблағ сарфлаб, четдан мутахассис олиб келишга мажбур бўлади. Ваҳоланки, ўзимизда шу йўналишда ўқиб, “дипломини токчага қўйиб қўйган”лар талайгина. Ўйлаб қарасак, ўша дипломларнинг чанг босиб ётишида олий таълим муассасаларининг ҳам “ҳиссаси” бор. Сабаби, замон талабларига мос кадрлар тайёрлаш масаласига етарлича эътибор қаратилмаганида.

    Тошкент шаҳрида 15 йилдан буён фаолият юритиб келаётган Турин политехника университетининг асосий вазифаларидан бири хорижий тажрибага асосан юқори малакали муҳандисларни тайёрлашдир. Бу борада университетда ўқув-амалий ва ишлаб чиқариш лабораториялари мавжуд. Ҳозир муҳандислик соҳаси бўйича қатор йўналишлар бор. Талабалар машинасозлик технологияси, компьютер муҳандислиги, автомобиль муҳандислиги, авиакосмик муҳандислик, дастурий таъминот муҳандислиги, қурилиш муҳандислиги ва архитектура йўналишларида таҳсил олиб келмоқда.

    Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 20 июнь куни муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида замонавий талабларга мос муҳандис кадрлар тайёрлашнинг айни пайтдаги ҳолати танқидий таҳлил этилди.

    Тўғри, соҳадаги шароит аввалгидан анча ўзгарган. Аммо бу шиддатли замон учун етарли эмас. Жамият муаммоларига хавфсиз ечим топиш учун зарур бўлган бино ва иншоот, ускуна ҳамда мосламаларни таъмирлаш бугун учун муҳим. Лойиҳалаштириш жараёнида илмий, математик, иқтисодий, ижтимоий ва амалий билимларни қўллаш катта самара беради. Мана шуларнинг бажарувчиси бўлган муҳандис мутахассислар ишлаб чиқариш тармоқлари, замонавий иқтисодиёт ривожида ҳал қилувчи вазифани бажаради.

    Илм-фан ва ишлаб чиқариш занжирининг тўлақонли интеграциясини таъминлаш учун назарий билим ва кўникманинг амалиётда мустаҳкамланишига эришиш зарур. Мана шу заруратни тўлақонли таъминлай олмаганимиз учун ҳам кейинги йилларда муҳандислик таълими кутилгандек самара бермади. Бугун ишлаб чиқарувчиларнинг муҳандис кадрларга эҳтиёжи ва талаби катта. Айни кезда талабаларга сифатли билим бериш билан чекланиб қолмай, уларнинг бирор корхона ёки ташкилот учун керакли ходим сифатида шаклланиб боришига ҳам эришишимиз лозим.

    Чунки ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этиш баробарида дунё ҳамжамиятидаги ўрнимизни мустаҳкамлаш учун муҳандис кадрларни салоҳиятли этиб тарбиялашнинг аҳамияти катта.

    Инновацион ва стартап лойиҳалар — ОТМ учун даромад манбаи

    Бир вақтлар ОТМ даромади фақат талабаларнинг шартнома тўловидан шакллантирилади деган қараш бор эди. Аммо бугун бу мезон анча эскирди. Замонавий олийгоҳлар, айниқса, техника-муҳандислик йўналишидаги ОТМлар кенг қамровли иш юритиши, илмий ишланмалар, амалий, инновацион ва стартап лойиҳаларни амалга ошириши эвазига катта фойда олиши зарур.

    Университетимизда фундаментал лойиҳалар билан бир қаторда амалий ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш йўлга қўйилган. Сўнгги уч йилда умумий қиймати 11 миллиард сўмга яқин жами 9 та лойиҳа амалга оширилди. Булар орасида Германия, Беларусь, Туркия, Хитой билан қўшма илмий лойиҳалар ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашишда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, Европа ­Иттифоқи билан ҳамкорликда Erasmus дастури доирасида қитъанинг етакчи университетлари билан бирга қатор лойиҳаларни амалга оширяпмиз.

    Университетимизда инновацион лойиҳалари билан мамлакат ва жаҳон миқёсидаги танлов ва кўргазмаларда қатнашиб, ғолибликни қўлга киритаётган иқтидорли, инноватор талабалар талайгина. Муассасада инновацион лойиҳалар билан шуғулланувчи талабалардан иборат “NazarХ” ва “Cоsmos Innovation” жамоалари турли йўналишда лойиҳаларини йўлга қўйган.

    Биринчи ўзбек рободоктори

    Аэрокосмик лойиҳалар билан машҳур “NazarХ” жамоаси ҳозир учувчисиз учиш аппаратлари ҳамда автопилот режимида ҳаракатланадиган автомобиллар устида тадқиқотлар олиб бормоқда. Бу борада университетимиз ва Италиянинг Dron Lab компанияси ҳамда Савдо-саноат палатаси ўртасида Ўзбекистонда дрон ишлаб чиқариш бўйича стратегик ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Энди айнан шу жамоа иштирокида хорижий тажриба асосида иқтисодиётнинг турли соҳалари учун дронлар ишлаб чиқарилади.

    “Cоsмоs Innovation” жамоаси томонидан амалиётга татбиқ этилган навбатдаги лойиҳалардан бири — биринчи ўзбек рободоктори “Body tester”. Лойиҳа соғлом турмуш тарзини янада кенг тарғиб қилишда ёрдам беради. Қурилма бир вақтнинг ўзида инсонга доир тиббий маълумотларни аниқлаб, чек қоғози кўринишида тақдим қила олади. Маълумотлар билан бирга тақдим қилинган чекдаги QR-код орқали ҳар бир фойдаланувчи онлайн тарзда тиббий кўрсаткичларини билиш ҳамда вазн индекси бўйича тавсиялар олиш имконига эга бўлади.

    Бугун глобал иқтисодиётни барқарор ривожлантириш билан бирга инсоният ҳаётига салбий таъсир кўрсатиб, яқин келажакда жиддий муаммоларни юзага келтириши мумкин бўлган ҳолатлар талайгина. Шулардан бири — табиий бойликлар ва ресурслар захирасининг йилдан йилга камайиб, тақчиллашиб бораётгани. Табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш учун ҳам илм-фан ва инновациялар интеграцияси зарур.

    Чет элда хизмат сафарида бўлганимизда бир жиҳат эътиборимни тортди. Ривожланган давлатларда муҳандислар жуда қисқа вақтда юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга жалб этилади. Улар турли машина ва воситалар яратади. Бу жараёнда нафақат ўз устида ишлайди, балки мамлакат экспорти айланмасини оширишга ҳам катта ҳисса қўшади. Чунки уларда технология соҳасидаги инновациялар замонавий иқтисодиётнинг ўсишини таъминловчи катализаторга айланиб улгурган.

    Бугун биз учун ҳам кун талаби “тармоқ — корхона — олийгоҳ” интеграциясини яратишдир. Замонавий машина ва ускуналардан фойдаланиш, уларга хизмат кўрсатиш учун малакали ишчи кучи талаб қилинади. Олий таълим муассасаси мана шу талабдан келиб чиқиб, кадрлар тайёрлаши лозим. Фан ва технология ютуқлари мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши билан узвий боғлиқ. Шу билан бирга, таълим тизимини замон билан ҳамнафас тарзда муттасил янгилаб, такомиллаштиришни тақозо этади. Бу эса, ўз навбатида, таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясига олиб келади.

    Электротехника соҳасидаги тадқиқотлар

    Олий таълимнинг мавқеи замон талабларига муносиб, малакали, рақобатбардош, юксак билимли, ўзи танлаган йўналиш бўйича маҳоратли кадрларни етиштириш билан белгиланади. Бунга эса фақат сифатли таълим орқали эришиш мумкин. Кадрлар тайёрлашда ўқув жараёнининг малака талаблари асосида ўтилишини муттасил мониторинг қилиш, самарадорлигини таҳлилдан ўтказиб, такомиллаштириб бориш зарур.

    Университетимиз таълим дастурлари иш берувчи компаниялар эҳтиёжи ҳамда талабалар қизиқиши асосида мунтазам янгиланиб, такомиллаштириб борилмоқда. Бу жараён таълим дастурларини замонавий технологиялар ва бозор талабларига мослаштириш имконини янада кенгайтиради.

    Ҳозир битирувчиларимизга автомобилсозлик, машинасозлик, энергетика саноати, нефть ва газни қайта ишлаш, ахборот технологиялари ва қурилиш компанияларида талаб катта. Биз талабгорларни доим кузатиб, ҳар бир йўналишга кириб келаётган технологияларни ўрганиб боришимиз керак. Шундагина иш берувчилар қўядиган мезонларга мос кадр тайёрлай оламиз. Бизни қувонтиргани бугун кўпгина битирувчиларимиз етакчи компанияларда фаолият юритмоқда. Италиянинг Manganorobot, Пирелли, Даниянинг Uber, Дубайнинг VITRONIC Machine Vision Middle East, Германиянинг “БМW group” каби компанияларида муҳандис, етакчи мутахассис бўлиб ишламоқда.

    Университет ҳузурида электромобиллар ва уларнинг инфратузилмаси бўйича илмийтадқиқот лабораторияси ташкил этилган. У ерда электрда ҳаракатланадиган транспорт воситаларини ўрганиш ва шу йўналиш бўйича илмий изланиш, экспериментал тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бу электротехника соҳасидаги тадқиқотларни ривожлантириш ва шу йўналишлар бўйича етук мутахассислар тайёрлаш имконини беради.

    Йирик корхоналар раҳбарлари билан суҳбатлашганимизда улар амалиётга борган талабаларнинг назарий билими билан замонавий ишлаб чиқариш ўртасида тафовут борлигини айтади. Бу бизнинг оғриқли нуқтамиз. Мана шу камчиликни бартараф этсак, соҳа кадрлари “олтин мутахассис”га айланади. Чунки рақамли иқтисодиётнинг асосий технологиялари, рақамли трансформация сценарийлари, муҳандислик фаолиятининг янги устувор йўналишларидир. Демак, келажак таълимининг асосий тенденциялари ҳам шулар бўлади.

    Европа давлатлари ўз истиқболли дастурлари ҳамда назарияларини шакллантиришда ахборот технологиялари, техника жабҳаси ва турли ноу-хауларга таянмоқда. Замонавий саноат тармоқлари учун фойдали турли технологик ускуналар, машиналар, предметларни ишлаб чиқишда самарадорликни ошириб, маҳсулот таннархини минималлаштириш вазифаси олдимизда турган экан, бунга соҳада кадрлар тайёрлаш жараёнини такомиллаштириш орқали эришамиз.

    Таълим муассасамизда халқаро алоқаларни ривожлантириш устувор йўналишлардан. Шу сабабли Европа, Америка ва Осиёнинг етакчи олий таълим муассасалари ва компаниялари билан яқиндан ҳамкорлик қилинади. Бугун 20 дан ортиқ хорижий давлатнинг 90 га яқин университети ва компаниялари билан қўшма таълим лойиҳалари, саноат даражасидаги ҳамкорлик, ўқув ва алмашинув дастурлари ташкил этилмоқда.

    Ўтган даврда олийгоҳимиз Хитой политехника институти, Косовска Митровицадаги Пристина университети, Россиянинг “Трансмашхолдинг” корпоратив университети билан ўқув ва илмий соҳада кенг қамровли ҳамкорлик қилиш бўйича меморандумлар имзолаган. Ҳамкорлик доирасида талабаларнинг муҳандислик фаолияти бўйича олган назарий билим ва кўникмаларини амалий жиҳатдан мустаҳкамлаш, шунингдек, ўқиш йўналишига мувофиқ компетенцияларини ривожлантириш мақсадида август ойида 17 талабамиз Россиянинг “Трансмашхолдинг” АЖ таркибига кирувчи “Метровагонмаш” АЖ заводида 10 кунлик амалиёт ўтаб келди.

    Жорий йил 24 сентябрида Ўзбекистон — Италия биринчи таълим форуми доирасида Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ҳузурида “Италия — Ўзбекистон илғор муҳандислик маркази” очилди. Ушбу марказ Италиядаги илғор ва инновацион технологияларни узлуксиз жорий этиш орқали Ўзбекистонда машинасозлик, тўқимачилик, чармсозлик соҳаларида ишлаб чиқариш майдонларини кенгайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, ўзбекистонлик мутахассисларнинг малакасини ошириш, тажриба лойиҳалари, ихтисослаштирилган маълумотларни тарқатиш, икки давлат хусусий секторини жалб қилган ҳолда Италия — Ўзбекистон сармоялари ва қўшма корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун инфратузилма ҳамда шарт-шароитлар яратишда муҳим омил бўлади.

    Талабалар марказдаги энг замонавий моддий-техник базада амалиёт ўтаб, тажрибасини оширади. Шунингдек, ёшлар экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришда иштирок этиш, илмий-инновацион тадқиқотлар билан шуғулланиш ҳамда касбий кўникмаларини мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлади.

    Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига 2022 йил 20 декабрдаги Мурожаатномасида “...Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашни кенгайтирамиз. Кимё саноати, электр техникаси, транспорт ва энергетика соҳаларида нуфузли халқаро ташкилотлар билан бирга алоҳида муҳандислик мактаблари ташкил қилинади. Бу тизим бизда ҳозиргача бўлмаган. Лўнда айтганда, янги замон инженерлари тайёрлаш тизимини яратамиз”, деган эди.

    Келгуси беш йилда Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетининг дунё миқёсидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, нуфузли университетларнинг 1000 талигига киритишни режалаштирганмиз. Ҳозир талабаларимизнинг 6 фоизи чет эллик йигит-қизлардан иборат. Булар Туркия, Россия, Ҳиндистон, АҚШ, Нигерия, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа қўшни давлатлардан келганлардир. Келгуси режаларимиздан бири хорижлик талабалар сонини янада кўпайтириш.

    Таълимга ислоҳотларнинг ҳал қилувчи кучи сифатида қараш яқин келажакда янгидан янги ихтироларга асос бўлади. Соҳа вакили бўлганим учун ҳам кўп эътибор бераман: илгари саноат дастгоҳлари, эҳтиёт қисмлар импорт қилинган. Энди мана шу маҳсулотларнинг муҳандислик мактабларида тайёрланишига эришяпмиз. Кеча муҳандислар олдига чет элдан келтирилган техника ва технологиялардан самарали фойдаланиш талабини қўйган бўлсак, бугун улар зиммасига бозор эҳтиёжидан келиб чиқиб, янги техника ва технология яратиш вазифаси ҳам юкланяпти.

    Олимжон ТЎЙЧИЕВ,

    Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ректори

    Техника фанлари доктори





    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates