Кеча мазкур таълим муассасасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов ҳамда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовлар иштирок этди.
Иштирокчилар ва меҳмонлар илм масканида яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар билан яқиндан танишдилар.
Энг замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан жиҳозланган ва юқори тезликдаги интернет тармоғига уланган синф хоналари, робототехника хонаси, рақамли кутубхона, фаоллар залида ўқувчиларга информатика ва ахборот технологиялари фанини чуқур ўзлаштириш учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Илм масканидаги бу каби имкониятлар ихтисослаштирилган мактабнинг самарали фаолият юритишида, ўқувчиларнинг «Бир миллион ўзбек дастурчиси» лойиҳасида иштирок этиб, дастурлаш йўналишида ҳам ўз билим ва иқтидорларини намойиш этишларида муҳим омил бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Халқ таълими вазирликлари, ҳамда Давлат тест маркази ҳамкорлигида тасдиқланган қабул квоталари асосида қишки таътил кунларида мактабга иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиш бўйича танлов ўтказилган эди.
Танлов асосида мазкур илм масканига информатика ва ахборот технологияларига ихтисослаштирилган 1 та синфда 30 нафар ўқувчи қабул қилинди.
Тантанада саралаш танловларидан муваффақиятли ўтган иқтидорли ўқувчиларга, шунингдек, «Бир миллион ўзбек дастурчиси» лойиҳасида фаол иштирок этган ўқитувчи ва ўқувчиларга махсус сертификатлар топширилди.
Маълумот учун:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 октябрдаги ПҚ-4851-сонли “Ахборот технологиялари соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштириш,илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва ИТ-индустрия билан интеграция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида«ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2020-2024 йиллар мобайнида ҳар бир туман шаҳарларда биттадан информатика ва ахборот технологиялари фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабларни ташкил этиш режалаштирилган.









