2021 йил 29 июнь куни Ислом Олами Мероси Қўмитасининг тўққизинчи онлайн мажлиси бўлиб ўтди. Учрашувда Бухоро 2020 йилда «Ислом олами маданияти пойтахти» деб эълон қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси номидан тақдим этилган номзоднома ҳужжатлари кўриб чиқилиб, Бухородаги 7 та: Исмоил Сомоний мақбараси, Чор Бакр, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари, Мағоки Aттор масжиди, Пои-Калон ансамбли, Қадимги Пойкент шаҳри қолдиқлари ва Тошсарой мадрасалари ICESCOнинг Ислом Олами Мероси рўйхатига киритилди, деб ёзади Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси матбуот хизмати.
Онлайн тарзда ўтказилган мажлисда шунингдек, Иордания (1 та), Эрон (5 та), Бангладеш (3 та), Жазоир (1), Ироқ (5 та), Фаластин (7 та), Қатар (3 та), Камерун (1 та), Ливия (16 та), Миср (3 та), Марокаш (6 та) давлатларида жойлашган обидалар ҳам Ислом Олами Мероси рўйхатига киритилди.
Шунингдек, келажакда ушбу маданий мерос объектларини реставрация қилиш, уларни ўрганиш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш бўйича ICESCO ва Ислом Олами Мероси Қўмитаси билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш юзасидан келишиб олинди.









