Бухоронинг қадимий қозихоналари қайта тикланмоқда

    “Дор-ул қуззот” ўз даврининг энг ишончли ва мустаҳкам қўрғони бўлган.

    Тарих сир-синоатларга тўла. Уни ўрганганинг сари сайқаллашиб, бугунги кунга йўл очган ўтмиш манзаралари ойдинлашиб бораверади. Диёримиз олис давлатчилик тарихи, буюк алломалар, қадимий шаҳарлару, тарихий обидаларга бой. Уларда ҳали ўрганилмаган жиҳатлар, кашф этилмаган янгиликлар, топилмаган маълумотлар қанча. Биргина Бухоронинг ўзи Шарқ халқлари маданий меросининг энг катта бойликларидан биридир. Қадимдан илм-фан ўчоғи бўлиб келган бу масканда ҳозир ҳам ўрганилмаган тилсимлар бисёр.

    Уларни тадқиқ этиш орқали ўтмиш, бугун ва келажакни ўзаро боғлаш соҳа олимлари зиммасида экани ҳам сир эмас. Шу мақсадда мунтазам олиб бориладиган турли тадқиқотлар, халқаро лойиҳалар кўлами охирги йилларда янада ортиб бораётгани қувонарли. Янги изланишларни давом эттириш, тарихимизни чуқурроқ ўрганиш учун ажратилаётган давлат грантлари, қўшимча маблағлар эса илм-фан соҳаси ривожига катта туртки бермоқда.

    Ана шундай грантлардан бирини Бухоро давлат университети ва “Буюк ипак йўли” Бухоро вилоят маданий-маърифий маркази олимлари қўлга киритган эди. Ўтган бир йил давомида “Бухоро амирлиги қозихона маҳкамаси тарихи” деб номланган илмий лойиҳа доирасида қатор изланишлар олиб бордик. Археологик ва илмий тадқиқотлар XIX асрга оид “Қозихона” маданий мерос ёдгорлигида ўтказилди. Бу жой Бухоро амирлигида фуқароларнинг ҳуқуқий муносабатларини ҳал этишда асосий бўғинлардан бири ҳисобланган ва ҳозиргача сақланиб қолган бўлиб, миллий давлатчилигимиз тарихининг ўрганилмаган саҳифаларидан бири ҳисобланади.

    Тарихий манбалардан кўринадики, Бухорода азалдан илм-фан тараққий этиши баробарида, жамиятда адолатни таъминлашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган атоқли қозилар ҳам етишиб чиққан. Бу қадим шаҳарда қозикалонлик қилиб донг таратган, илму маърифати ва адолати билан намуна кўрсатган етти нафар қози ўтгани ҳам маълум.

    Ҳудудда қонунчилик маҳкамаларининг вужудга келиши қадимги даврларга бориб тақалади. Дастлаб зардуштийликнинг муқаддас китоби “Авесто” жамиятнинг ҳуқуқий қарашларини ўзида ифодалаган бўлса, кейинчалик, давлатчилик асослари тобора тарихий тажрибалар асосида такомиллашиб борган. Айниқса, ислом динининг кириб келиши ва шариат қоидалари асосида ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётнинг тартибга солиб борилиши Бухорода ҳам қозилик маҳкамаларининг вужудга келишига пойдевор қўйди. Натижада улар жамиятда адолатни қарор топтиришнинг ҳуқуқий кафолатига айланди. Ўтган ўн икки аср давомида қозилар фаолият юритадиган маскан — “қозихона”лар эса “дор-ул қуззот”, яъни адолат даргоҳи сифатида аҳолининг ҳуқуқий муносабатларини таъминлайдиган ишончли ва мустаҳкам қўрғон бўлиб келди.

    Одатда, қозилар ўз фаолиятини олиб бориш учун қулай деб билган жойларни ихтиёрий равишда танлаганлар. Аксарият ҳолларда улар масжид, мадраса ёки ўз уйларида иш олиб борган. Кейинчалик алоҳида бинолар қурилиб, махсус қозихоналар ва маҳкамалар ташкил этилган. Бухоро амирлигида қозихоналар фаолияти Амир Шоҳмурод (ҳукмронлик даври: 1785-1800 йй.) даврида кенгайиб борди. Шоҳмурод мамлакатда адолатни қарор топтириш мақсадида шахсий намуна кўрсатиб, Минораи калон яқинидаги ҳовлисида фуқароларнинг арз-додларини эшитиш ва уларни ҳал этиш тизимини жорий этган. Натижада амирлик пойтахти Бухорода қозихоналар ва қозилар тасарруфида бўлган ҳовуз, ҳаммом, боғ, мадраса ва масжидлар сони XX аср бошларига қадар муттасил кенгая борди.

    Ҳуқуқий хизматларнинг дастлабки кўринишлари

    Биз тадқиқот давомида ҳозирда ҳаёт бўлган бухоролик нуронийлар хотиралари, илмий адабиётларда келтирилган маълумотлар, архив ҳужжатлари ҳамда 2022-2023 йилларда олиб борилган археологик изланишлар натижаларини ўргандик. Бугунги кунда қисман сақланиб қолинган Бухоро амирлигининг марказий қозихонаси қиёфасини тиклаш мақсадида унинг дастлабки манзараси қандай бўлгани, маҳкама жараёнлари қандай амалга оширилгани ҳамда қозихонанинг таркибий қисмлари қандай хоналардан иборат бўлгани каби саволларга жавоб излашга ҳаракат қилдик.

    Ўрганишларимиз натижаларида кўринадики, ўша даврларда қозикалон яшаган уй ва суд бошқармаси биноси қозихона, деб юритилган. Суд ишлари учун мўлжалланган махсус бинолар Бухоро шаҳри ҳудудида мавжуд бўлмай, айни пайтда қозикалон уйи ушбу вазифани бажарган. Қозиларнинг уйлари лойиҳа ва қурилиши жиҳатдан у ерда қозихона жойлашиши ёки жойлашмаслигига боғлиқ бўлмай, анъанавий Бухоро аҳолиси хонадонларидан бирор жиҳати билан ажралиб турмаган. Бироқ фуқароларни қабул қилиш ва уларга ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш ҳамда ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш учун тадбирлар ўтказиш каби талабларга жавоб бера олган.

    Тарихий манбаларнинг далиллик беришича, Бухоро шаҳрида бир неча қозихоналар фаолият юритиб, марказий қозихона Арк қўрғонидан ташқарида — Минораи калоннинг жануби-ғарби, Шаҳристон ва Гавкушон мавзелари ўртасидаги Шарифжон гузарининг жарлик ёқасидаги қисмида жойлашган. Бу мавзе XVI асрда Мирзоқули гузари, деб номланиб, жуда кичик ва аҳолиси ҳам оз бўлган. У ерда дастлаб, фақатгина қозикалон ҳовлиси, яъни қозихона бўлган. Гузарда аҳолининг кўпчилиги қозихонада турли лавозимларда, хусусан, мирзалик ва мулозимлик вазифаларида ишлаган. Бошқа қисми эса ҳунармандчилик ва савдо билан шуғулланган.

    Қозихонанинг учта дарвозаси бўлиб, унинг марказий дарвозаси фуқароларни қабул қилиш учун мўлжалланган. Қозикалон уйининг дарвозаси ортида иккита суфа бўлган, катта суфада жибачи, мирзобоши, қоровулбеги унвонига эга “қирқ аълам” деб номланган 40 га яқин уламо ўтирган. Ўнг томондаги кичикроқ бошқа суфа эса “дарбон” (дарвозабон) учун мўлжалланган. Унинг вазифаси эшик олдида навбатчилик қилиб, мурожаатчиларни қозикалон олдига олиб боришдан иборат эди. Қозихонанинг марказий дарвозаси ҳеч қачон ёпилмаган. Агар уни ёпишганда ҳам, бу узоқ муддатга чўзилмаган. Бундан асосий мақсад амирнинг қарорларини ва турли расмий шошилинч хатларини кечиктирмасдан қабул қилиш бўлган.

    Уч ҳовлидан иборат маскан

    XIX асрга оид Бухоро қозихонаси учта ҳовлига бўлинган ва уларнинг ҳар бири алоҳида вазифани бажаришга мўлжалланган. Биринчи ҳовли қабулхона, маҳзархона (ҳужжатхона), аминахона (амин хонаси), мутаваллихона (иш бошқарувчилар хонаси), муфтихона, маҳрамхона (ёрдамчилар хонаси) ва қозилик ҳужжатлари расмийлаштириладиган бошқа хоналардан иборат. Бу ҳовлида ҳозир фақат қозикалон ўтирадиган олд айвонли меҳмонхона, мирзойи дафтархонаси ҳамда муфтихоналар сақланган.

    Барча маҳкама жараёнлари айнан шу ҳовлида олиб борилган. Дарбоши томонидан олиб келинган фуқарони дастлаб икки нафар маҳрам — қозикалоннинг яқин ёрдамчилари қабул қилиб, дастлабки ишни кўриш жараёни амалга оширилган. Муфтихонада муфти-аълам раислигида 15 мулладан иборат “девони муфти” кенгаши маслаҳатлашган ҳолатда шариат қоидаларига риоя этиб “фатво”, “сижжил” (икки шахс ўртасидаги баҳс-мунозара бўйча қози томонидан чиқарилган ҳукм) ва “ривоят”лар тузишган, сўнгра фуқаро қозикалон ҳузурига олиб борилган. Қози одатда ўз котиби — “мирзо-и калон” билан биргаликда кичик дераза орқали фуқароларни “бўйро-и шариат” (шариат гиламчаси) устига таклиф этиб, “мурофаа” (даъво, қозига шикоят билан мурожаат қилиш, суд) жараёнини амалга оширган. Шахсий масалалар бўйича мурожаат этувчилар эса олд даҳлиз орқали киритилган. Худди шу ҳовлида шимолга қараган беш эшикли, баланд устунли қозикалоннинг ёзги қабулхонаси ҳам жойлашган. Қозихонада аксарият ҳолларда фуқаролик ишлари ва кичик низоли вазиятлар кўриб чиқилган. Агар иш жуда кескинлашиб кетса, унда Арк қўрғонида Қўшбеги ҳузурида Шайх-ул ислом, раисикалон ва қозикалондан иборат кенгашда муҳокама қилинган.

    Қозихона дарвозасидан ўнг йўлакдаги хоналардан бирида 5-6 нафар мирзолар фаолият юритадиган мирзохона (девонхона) жойлашган. Қозихона котиби, яъни мирзода махсус “дафтар” бўлиб, унда қозихонадан чиққан ҳужжатлар қайди юритилган. Бухоро қозихонасида қозикалоннинг турли табақалардан таркиб топган 40 нафардан 60 нафаргача мулозимлари маҳкама ишларида фаолият олиб боришган. Шунингдек, Бухоро қозихонасида меросий мулкни тақсимлаш бўйича 12 та мутахассис – “тариқачи” ҳам фаолият юритган.

    Иккинчи ҳовлидан асосан турли хизматлар кўрсатадиган хона (фаррошхона, ошхона, мирзохона, таҳоратхона)лар ўрин олган. Мазкур ҳовлида “мирзойи ижора” (ижара ишлари бўйича котиб) ҳам бор эди. У ижарага берилган вақф мулклари ҳисобини юритган ҳамда васиқа ҳужжатларини тузган. Ижара ҳужжатларини расмийлаштириш айнан мирзои ижора орқали амалга оширилган. Учинчи ҳовли эса қозикалон оиласи учун мўлжалланган, бироқ ҳовлининг бу қисми сақланмаган.

    Қозихонада ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги “тамға”, “муҳр”, “нишон”лар билан қонунийлаштирилган. Расмий ишларда қўлланилган муҳр-тамғаларнинг кўриниши бир неча хил — думалоқ, бодом ёки уч, тўрт, олти, саккизбурчак шаклига эга бўлганини кузатиш мумкин. Мазкур муҳрлар орасида думалоқ шаклдагилардан ҳужжат юритиш амалиётида кўпроқ фойдаланилган.

    Маълумотларга кўра, қозихонада Садриддин, Бадриддин ва Бурҳониддинлар сулоласи Бухоро амирлиги қозикалонлари сифатида фаолият кўрсатган. Кейинчалик ҳовли уларнинг авлодлари, хусусан, Қози Киромиддин тасарруфига ўтади. Мазкур қозилар авлодига бухороликларнинг ҳурмат ва эҳтироми баланд бўлиб, улар истиқомат қиладиган хонадон (қозихона) аҳоли ўртасида “Ибн Байзо” (ёки “хонадони Байзо”, яъни равшан, шаффоф, нурли хонадон) номи билан таърифланган.

    Сақланиб қолинган ягона қозихона

    1920 йил 28 августдан 2 сентябргача давом этган қизил армиянинг ҳужуми оқибатида Бухоронинг аксарият бинолари ёнғин остида қолади. Бухороликлар орасида “кичик қиёмат” деб номланган мазкур босқинда қозихона ҳам қисман зарар кўради. Бухоро шаҳрини босиб олган қизил аскарлар ҳукмдор қароргоҳи Аркдаги амир хазинасини, Бухоро қозикалони, қўшбегиси ва бошқа сарой амалдорларининг бутун бойликларини талон-торож қилганлар.

    “Бухоро ахбори” газетасида ёзилишича, Мулла Бурҳониддин қозикалон ва бошқа амирликда юқори мансабларда ишлаган қози, мулла ва судурлар Бухоро фавқулодда текширув комиссияси қарори билан 1920 йил 6 сентябрда отишга ҳукм қилинган. Ўша воқеаларнинг бевосита шоҳиди бўлган Муҳаммад Али Балжувоний ўз асарида Бухорода уламоларга нисбатан жазо сиёсатини қуйидагича кўрсатади: “Миёнсарой ўртасидаги жиловхона дарвозаси ҳужраларидан бирида яширинган қозикалон (Мир Бурҳониддин), раисикалон ва қозикалоннинг ўғли Шаҳобуддинхон Миёнсаройда асирга олинди. Улар орасида қозикалоннинг мирзоси ва дабири (дарбор) Мирзо Умар мирохўр ҳам бор эди. Уларни зудлик билан Бухорога юбордилар. Бу ва бошқа кўплаб маҳбуслар Шўро қонунлари бўйича гуноҳкор деб топилди ва суд қозиларининг ҳукми билан қатл этилдилар”.

    БХСР ҳукумати шакллантирилгач, дастлабки ишлар адлия назоратини ўрнатишдан бошланади. Хусусан, 1920 йил 2 октябрдан бошлаб БХСРнинг Адлия нозирлиги томонидан шаҳар ва туманларда қозихоналар ташкил этилиб, уларнинг ҳар бирида қозилар тайинланади. Бухоро ҳукумати ўзининг аҳолига биринчи мурожаатномасида эски қозихоналар фаолияти тугатилгани ва унинг ўрнида халқ судлари (халқ қозихоналари) ташкил этилгани, тан жазоларини қўллаш ман этилгани, шунингдек, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши ҳамда жинсидан қатъий назар барчанинг қонун олдида тенглигини эълон қилади.

    1921 йил 18 – 23 сентябрда Бутунбухоро халқ вакилларининг II қурултойида 79 моддадан иборат БХСР Конституцияси қабул қилинади. БХСР Марказий Ижроия Қўмитасининг қарорига кўра, адлия нозирлиги таркибида 1922 йил ноябрда прокуратура бўлими фаолияти йўлга қўйилади. Шундай қилиб, кўҳна Бухорода асрлар давомида амирлик тизимида мавжуд бўлган қозилик маҳкамаси фаолиятидан бирданига воз кечилмай, 1924 йилга қадар сақлаб қолинди. 1928 йил баҳорида эса қозихоналар миллий ҳуқуқ маҳкамаси сифатида бутунлай тугатилди.

    Бухоро амирлигининг қозихона маҳкамаси ўз фаолиятини тугатгач, ҳовли Бухоро Халқ Шўролар Жумҳурияти тасарруфига олинади. Ушбу бинода 1922 йилда Файзулла Хўжаевнинг кўрсатмаси билан хориждан ускуналар келтирилиб, пул ишлаб чиқариш фабрикаси ташкил қилинади. Расман Ўзбекистонда қози унвони билан фаолият юритган сўнгги шахс эса таниқли дин ва жамоат арбоби, муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон (1908—1982) бўлади.

    Хулоса қилиб айтганда, XIX асрга оид қозихона маданий мерос ёдгорлиги ўз даврида фуқаролар муаммоларини бартараф этишга қаратилган адлия хизматларини кўрсатувчи адолат даргоҳи бўлган. Минг афсуслар бўлсинки, совет даврида бу ёдгорликка эътибор берилмаслиги оқибатида, кенг майдонни эгаллаган ва бир неча тармоқлардан иборат бўлган қозихона аянчли аҳволга келиб қолди.

    Бугун ана шу меросни ўрганиш, тадқиқ этиш ҳаракатлари фаоллашгани қувонарли. Ягона сақланиб қолинган “қозихона”ни қайта тиклаш, унга янги “ҳаёт” бағишлаш ва “Ҳуқуқ тарихи музейи”ни ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман. Зеро, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича ҳуқуқий-маърифий тадбирларни халқимизнинг бой тарихи, илмий-маданий мероси, миллий-диний қадриятларини ўргатиш билан уйғун ҳолда олиб бориш ҳам ибратли, ҳам самарали ишдир.

    Шу мақсадда тадқиқот доирасида Бухоро вилоят прокуратурасининг ташаббуси билан Бухоро амирлиги қозихона маҳкамаси тарихи номли китоб чоп этилди. Ушбу китобда Бухоро амирлигининг маъмурий-бошқарув тизими ҳамда ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, шунингдек, амирликда шариат аҳкомлари асосида амалга оширилган ислоҳотлар, қозилар тайёрлаш амалиёти ва касбий мезонларнинг ишлаб чиқилиши, Бухоро амирлиги қозихонаси ва унинг фаолияти, амирликда жазо ва ижро амалиёти, манғитлар даврида Бухорода ўзининг адолатпарварлиги ва беқиёс билими билан ном қозонган маърифатпарвар қозилар ва уларнинг илмий мероси ҳақида маълумотлар берилди.

    Албатта, биз ушбу кичик тадқиқотимиз орқали Бухоро амирлиги қозихона маҳкамаси ва унда кечган жараёнларни тўла-тўкис ёритдик, деган фикрдан йироқмиз. Бироқ қозилик маҳкамаси тарихи ниҳоятда бой эканлиги ва аниқланган маълумотлар кейинги тадқиқотларга қайсидир маънода йўл очишга имкон беришига ишонамиз.

    Исмат НАИМОВ

    Бухоро давлат университети доценти,

    “Буюк ипак йўли” маркази раҳбари

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 18.10.22 й, 216-сонида чоп этилган).

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates