Тадбирда институтнинг ўзбек адабиёти кафедраси доцентлари Ҳамза Алламбергенов ва Нодира Алламбергеновалар Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан чоп этилган 4 жилдлик "Алишер Навоий қомуси" ҳақида тақдимот тарзида иштирокчиларга батафсил маълумот берди.
Ушбу кўп жилдлик Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори асосида 2021-2023 йиллар давомида нашрга тайёрланган бўлиб, буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий яшаган XV асрнинг иккинчи ярмидаги Хуросон ва Мовароуннаҳрдаги тарихий, ижтимоий, сиёсий, маданий ва адабий ҳаёт, шоирнинг ҳаёти, хизматлари, яқинлари, дўстлари, ижодининг маънавий сарчашмаси, адабий мероси ва унинг жаҳоншумул аҳамияти, шунингдек, мумтоз адабиётимиз тарихида тутган беқиёс ўрни ҳақида батафсил маълумотлар жамланган.
Қомусдан навоийшунослик масалалари, шоир асарларининг турли йиллардаги нашрлари, хорижий тилларга таржималари, юртимиз ва жаҳон кутубхоналари фондларида сақланаётган қўлёзма ва тошбосма китоблар, шунингдек, тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик, театр, кино каби санъат турларида Алишер Навоий сиймосини акс эттиришга оид мақолалар ҳам ўрин олган. Турли шеърий жанрларга оид асарларига шарҳ ва таҳлиллардан намуналар келтирилган.
Иккинчи китоб, "Қорақалпоғистон Республикаси географик атамаларининг изоҳли луғати"да Қорақалпоғистон ҳудудида жойлашган шаҳар, туманлар, қишлоқлар, сув объектлари, тоғлар, қумлар, чўллар ва бошқа географик атамалар тизимли равишда ўрганилган бўлиб, ҳар бир атама бўйича лингвистик, тарихий ва географик жиҳатдан таҳлил қилинган.
Тадбирда иштирокчилар билан янги нашр этилган китоблар ҳақида фикрлар алмашилди ва ушбу китоблар талабалар, магистрантлар, докторантлар ва профессор-ўқитувчилар томонидан фойдаланиш мақсадида институтнинг ахборот-ресурс маркази фондига топширилди.
Минажатдин Қутлымуратов,
«Янги Ўзбекистон» мухбири.