Жумладан, ушбу мактаблар фан, технология, муҳандислик, санъат, математика (STEAM) ва инглиз тилидаги IGCSE ўқув дастуридан фойдаланган ҳолда, ўзбек тилида ўқитиладиган миллий фанлар ёрдамида ўқувчиларни танқидий фикрловчи ва мустақил шахс сифатида ривожлантиради.
“Таълимга киритилган инвестиция жуда муҳим сармоядир. Чунки, биз бу орқали мамлакат келажагига инвестиция киритмоқдамиз”, — дейди Президент таълим муассасалари агентлиги директори Ҳилола Умарова.
Cambridge Assessment ташкилотининг таълим йўналиши бўйича бош маслаҳатчиси Стеве Кинг ўзаро ҳамкорлик ҳақида фикрини билдирар экан, Кембриж билан ташкил этилган Президент мактаблари қўлга киритган натижалар икки тарафнинг ҳам ютуғи эканлигини таъкидлаб, Президент мактабларида таҳсил олаётган ёшлар мамлакат келажагига катта ҳисса қўшишига ишонч билдирди.
“Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудида жойлашган Президент мактаби ўқувчиси A level сертификати олгани ҳайратланарли”
Шунингдек, Стеве Кинг Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудида жойлашган Президент мактаби ўқувчиси Барно Рустамованинг A level сертификатини қўлга киритгани уни ҳайратлантирганини таъкидлайди. Албатта, очилганига эндигина 3 йил бўлган Президент мактабларининг ўқувчилари А Level имтиҳонларида тарихий натижа қайд этиб, битирувчиларнинг катта қисми хорижий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинди.
“Ўқишга келганимда бошқа синфдошларим сингари менда ҳам янгича ўқув дастури асосида ўқиш қийинчилик туғдирган. Шундай бўлишига қарамай биз астойдил ўқишга ҳаракат қилдик. Барча интилишлар натижаси ўлароқ Кембрижнинг A/AS level сертификатини қўлга киритдим. Мени доим қўллаб-қувватлаган, яхши ўқишга ундаган ота-онам, устозларим ва Президент мактабларидан миннатдорман” — дейди Хива Президент мактаби битирувчиси Барно Рустамова.
“Президент мактабларида ишлаш бу гўёки Кембриж мактабларида ишлашдек масъулиятли”
Шу билан бирга, Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларда дарс берувчи педагогларнинг малакасини ошириб бориш мақсадида UNESCOнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда педагогларнинг касбий малакасини ошириш илмий-тадқиқот лойиҳаси устида иш олиб борилди. Мазкур тадқиқот лойиҳаси доирасида ўқитувчи кадрларнинг касбий ривожланишлари учун махсус модель яратиш ва уни синовдан ўтказиш кўзда тутилган. Бу ҳақида Президент мактаби ўқитувчиси Томас Топхем ўз фикрини билдирди: “Президент мактабларида ишлаш бу гўёки Кембриж мактабларида ишлашдек масъулиятли. Чунки ушбу мактабларда Кембриж дастури асосида таълим берилади. Демак, мактабнинг педагог кадрлари ҳам рақобатбардош ва юқори салоҳиятли бўлиши талаб этилади”.