Чекка қишлоқдаги сайёр қабул фуқаролар мурожаатларига ечим топиляптими?

    Фикр 21 август 2023 729

    Халқ қабулхонаси томонидан мурожаатлар ўрганилганда, энг аввало, уларни юзага келтираётган омиллар, сабаблар ва шарт-шароитлар тўлиқ ўрганиб чиқилади. Пировардида такрорий мурожаатларнинг олди олиниб, муаммони ҳал қилиш амалиёти самарадорлигини ошириш имкони юзага келади.

    Фикримизни баъзи мисоллар билан давом эттирамиз. Масалан, А.Абдикаримов 2020 йилдан буён Чов чурраси касаллигидан азият чекаётгани, ордер олиш учун туман тиббиёт бирлашмасига бир неча марта мурожаат қилса-да, ҳеч қандай натижа бўлмагани ҳақида айтган. Фуқаронинг ордер олишда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаатига асосан, у тиббий текширувдан ўтказилди ва Наманган вилоят кўп тармоқли жарроҳлик бўлимида имтиёзли даволаниши учун ордер берилди.

    Яна бир фуқаро Б.Юлдашевнинг яшаш ҳудудидаги электр тармоғи ускуналарини (симёғоч, трансформатор пункти) таъмирлаш ва ўрнатиш масалалари юзасидан қилган мурожаатига асосан “Қорасув” МФЙ Ёшлик-1 кўчаси ҳудудидаги яроқсиз симёғочлар янгисига алмаштирилиб, қўшимча симёғочлар ҳам ўрнатилди ва AAVG-25 маркали сим тортилди.

    М.Бобохўжаев яшаб келаётган “Боғишамол” МФЙ Олтин мерос кўчасидаги ичимлик сув етиб бормаган хонадонларга сув тармоғини ўтказишни сўраб қилган мурожаатига асосан ушбу кўчадаги хонадонларнинг барчаси ичимлик сув таъминотига улаб берилди.

    Кейинги йилларда жойларда оммавий сайёр қабуллар ўтказиш тизими самарали йўлга қўйилиши туфайли одамлар давлат идораларидан, умуман, бугунги ислоҳотлардан рози бўла бошлади.

    Ана шу мақсадда, жорий йил давомида Косонсой туманида 127 маротаба сайёр қабул ўтказилди. Натижада муаммолар чекка қишлоқларга бориб, уйма-уй юриб ҳал этилиши яхши самара берди. Аҳолини қийнаб келаётган масалаларга ўз вақтида ечим топилди.

    Ўтказилган сайёр қабулларда иштирок этган 3500 дан зиёд фуқародан 694 мурожаат тушди. Шундан 468 таси ижобий ҳал этилиб, 154 тасига тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, қолган мурожаатлар қўшимча ўрганишни талаб этгани сабабли назоратга олинди.

    Агар соҳалар кесимида таҳлил қилсак, мурожаатларнинг энг кўпи моддий ёрдам, газ, электр, сув, иссиқлик таъминоти, уй-жой, ер, иш билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш, маҳалланинг ички йўлларини таъмирлаш, кредит олиш масалаларида бўлди.

    Мурожаатлар ижобий ҳал этилиши билан фуқаролардан Президент номига 100 дан ортиқ миннатдорлик хатлари келиб тушди. Бундан ташқари, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”ни шакллантириш, унга аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини киритиш юзасидан берилган топшириқлар ижросини таъминлашда ҳам ўзаро ҳамкор ташкилотлар билан уйма-уй юриб, хатлов ишлари амалга оширилмоқда.

    Бундан ташқари, Оққўрғон тажрибаси бўйича Косонсой туманида аҳоли муаммолари ва ижтимоий-иқтисодий масалаларни ўрганиш ҳамда ҳал этиш бўйича секторлар ва маҳаллалар кесимида “хонадонбай” иш ташкил этилди.

    Хусусан, 59 маҳаллада мавжуд 38 минг 185 хонадоннинг барчаси ўрганилди. Уйма-уй юриш давомида 6182 муаммо аниқланиб, 5711 таси ҳал этилди, 471 масала бўйича ишлар назоратга олинди.

    Юқорида келтирилган рақам ва мисоллар шунчаки статистика эмас. Уларда инсон тақдири ва келажакка умид, фаровон ҳаётда бахтли яшаш каби эзгу мақсад ҳамда ниятлар мужассам.

    Бир сўз билан айтганда, халқ билан мулоқотнинг бу ноёб тизими туфайли мурожаатлар билан ишлаш масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бугунги изчил ислоҳотлар жараёнида Халқ қабулхоналарининг зиммасида катта масъулият турибди.

    Тоҳира МУЙДИНОВА,

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг

    Косонсой туманидаги Халқ қабулхонаси мудири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates