Энг улуғ, энг савобли иш ёхуд инсонни эъзозлаш унинг саломатлигини асрашдан бошланади

    Ижтимоий ҳаёт 18 июн 2023 1666

    Халқ қабулхоналарида фуқароларнинг ариза ва шикояти белгиланган тартибда, холислик тамойиллари асосида кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилаётгани мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларига олий қадрият сифатида қаралаётганининг амалдаги ифодасидир.

    Республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида ташкил этилган Халқ қабулхоналари одамлар оғирини енгил қилиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этаётир. Буни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

    ***

    Чилонзорлик 1993 йилда туғилган Дониёр Мирзаевга икки ёшлигида гепатит “В”, уч ёшида эса сурункали гепатит “В” ташхиси қўйилган. Муолажаларни ўз вақтида олиб туришига қарамай, 2010 йили шифокорлар Дониёрнинг жигар церрозига чалинганини аниқлашди. 2012 йилда ўтказилган тиббий муолажада болада қизил ўнгачдан қон кетиш ҳолати ҳам кузатилди. Ўтган йили эса, буйраги ва жигаридаги жиддий ўзгаришлар туфайли муолажа олди. Хуллас, жигарни операция қилишдан бошқа чора қолмади. Бунинг учун яхшигина маблағ зарур эди. Баъзан мана шундай вазиятда қариндош-уруғлардан ҳам нажот бўлмайди. Операция учун 270 миллион сўм Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ кабулхонаси ташаббуси билан тегишли идоралар томонидан ажратилди.

    Ўтган йилнинг сентябрида Дониёрга опаси донорлик қилди. Ҳиндистондаги жарроҳлик амалиёти оғир ўтди. Қарийб уч ойлик даволанишдан сўнг Тошкентга қайтиб келган опа-укаларнинг соғлиги яхши томонга ўзгара бошлади. Ҳозирда Д.Мирзаевнинг соғлиғи доимий равишда шифокорлар назоратига олинган.

    ***

    Халқимизнинг “иссиқ жон, эртага нима бўлишингни билмайсан” деган гапи ниҳоятда тўғрилигини Дониёрдек оғир дарддан азоб чеккан ва чекаётганлар чуқур ҳис қилади. Касаллик билан олишаётган беморга бир қултум сув тутиб, “тузукмисиз?”, десангиз ҳам катта мадад. Айниқса, боқувчисиз, ётоқли беморлар, қариялар бир оғиз ширин сўзга зор.

    Шу маънода, 2017 йилдан буён Президентнинг жойлардаги халқ қабулхоналари томонидан мунтазам ўтказиб келинаётган тиббий кўриклар минг-минглаб одамлар учун манфаатли бўляпти. Пойтахтда бошланган бу ҳайрли иш бугун бутун республика бўйлаб давом этмоқда. Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонаси ташаббуси билан шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ҳамкорлигида соҳадаги мавжуд камчиликлар, аҳоли мурожаатлари ўрганилиб, ҳар ҳафта чуқурлаштирилган тиббий кўрикнинг йўлга қўйилгани инсонни қадрлашнинг амалдаги кўринишидан бири бўлди. Кам таъминланганлар, ногирон ва якка-ёлғизлар бирламчи тиббий муассасаларда диспансер назоратига олиниб, даволаш ҳамда соғломлаштириш ишлари олиб борилаётгани эса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам соғлигини асрашга хизмат қиляпти.

    Чуқурлаштирилган тиббий кўрикларни сифатли ўтказиш учун тиббиёт олий ўқув юртларидан етук мутахассислар ҳамда шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси томонидан олий тоифали шифокорлар жалб қилинмоқда. Шифокорлар кўригидан ташқари, ЭКГ, УЗИ, рентген текширувлар олиб борилиб, клиник ҳамда биокимёвий таҳлилларни ўтказиш йўлга қўйилган.

    – Ўтган йили оилавий поликлиника ва маҳаллаларда ташкил этган тиббий кўрикларда 11255 фуқаро назоратдан ўтказилди. Ўн мингдан зиёд фуқаро соғлигида муаммо борлиги аниқланиб, мингга яқин фуқаро билан патронаж ишлари олиб борилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шахридаги Халқ қабулхонаси мудири Тоҳир Муллажонов. – “Nobel” фармацевтик компанияси, “Жўрабек лабараторияси” каби ҳомийлар томонидан бепул тарқатилган 104 000 000 сўм қийматдаги дори-дармон 530 фуқаронинг дардига малҳам бўлган бўлса, даволаниш учун берилган 465 та ордер, 103 та ногиронлик аравачаси кемтик кўнгилларни тоғдек кўтарди.

    Тиббий кўрикларда масъулларга ўзларини қийнаётган муаммоли масалаларнинг ҳал этилишида амалий ёрдам сўраб 475 нафар фуқародан келиб тушган турли мазмундаги мурожаатлар ўша пайтнинг ўзидаёқ маъсул идора ва ташкилотларга юборилган. Мурожаатларнинг 233 таси ижобий ҳал этилишига эришилган. 216 та мурожаат бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилган. 26 та мурожаат эса, маблағ ва муддат талаб этгани боис узоқ муддатли назоратга олинган.

    Тиббий кўриклар давомида кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган болалар, якка-ёлғизлар ва ётоқдаги кексаларга озиқ-овқат ва моддий ёрдам берилган бўлса, қандли диабетга чалинган фуқароларга бепул глюкометр ва дори-дармонлар тарқатилди.

    Жорий йилнинг айни вақтига қадар эса, пойтахтнинг 7 туманида ўтказилган тиббий кўрик 31 маҳалладаги 2114 фуқарони қамраб олди. 38 нафар муҳтожларга турли шифохоналарга ордер берилди, 84 нафар ётоқли бемор муолажа қилинди.

    ***

    Яшнободлик 1955 йилда туғилган II гуруҳ ногирони Ўктам Раҳимов “Ташсельмаш заводи”да ишлаган. Унга ажратилган уй тўловлари ўз вақтида амалга оширилмагани сабабли мусодара қилингач, турмуш ўртоғи билан ажрашган. Аёли фарзандларини олиб Россия Федерациясига кўчиб кетган.

    Мурожаатчи Яшнобод туман Халқ қабулхонасига қўлтиқтаёқда базўр ҳаракатланиши, танишларининг уйида вақтинчалик яшагани, нафақаси дори-дармонидан ортмаслигини билдирган. Тиббий ва моддий ёрдамга муҳтож бу фуқаро зудлик билан травматология касалхонасига ётқизилиб, моддий ёрдам ҳам кўрсатилган. Беморнинг ошхоналарда кун кечириб юргани, мустақил юришга қийналаётгани инобатга олиниб, ўзининг илтимоси билан Халқ қабулхонаси ва Тиббиёт бирлашмасининг ижтимоий бўлими ҳамкорлигида Олмалиқ туманидаги “Қариялар уйи”га жойлаштирилган. Қабулхона назоратида унга 1-гуруҳ ногиронлиги берилган. Бундай эътибордан руҳланган Ў.Раҳимов Ўзбекистон Президентига миннатдорлик хати йўллайди.

    ***

    1986 йилда туғилган қорақалпоғистонлик Юлдус Нуримбетова жиддий касаллиги сабаб даволанишга йўлланма олиш борасида 2022 йилнинг 24 август куни амалий ёрдам сўраган. Ота-онаси ёшлигида вафот этган Юлдус Хўжайли туманида яшовчи опаси Гавҳар Нуримбетова қарамоғида экани, соғлиғи туфайли мактабни тамомлай олмагани, ҳар ой 627 минг сўм ногиронлик нафақаси олишини айтган.

    Болаликдан ногиронлик аравачасида харакатланадиган бу бемор тиззаларидаги кучли оғриқлар сабаб юра олмайди. Оғриқни қолдириш мақсадида ичаётган дорилари унинг руҳиятига салбий таъсир кўрсата бошлайди. Йил бошидан буён Хўжайли тумани тиббиёт бирлашмаси, Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, туман ҳокимликларига ордер олиш юзасидан бир неча бор мурожаат этган. Мутасаддилар эса, бунинг имкони йўқлигини айтишган. Шундан сўнг бемор Хўжайли туман Халқ қабулхонасига мурожаат этган, бироқ натижа бўлмаган.

    Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасига Юлдус тоғаси Ўразимбой Қурбонов билан келган. Тоға поездда оғирлашиб қолган жиянига ёрдам кўрсатишни сўраб, мурожаат қилади. Бемор ҳеч қандай қоғозбозликларсиз Тошкент тиббиёт академиясининг неврология бўлимига жойлаштирилади.

    ***

    Сергели тумани “Ўзгариш” маҳалласида истиқомат қилувчи, 1952 йилда туғилган Рихситилла Ташметовнинг кўзлари 7 йил олдин шикастланиб, биттаси умуман кўрмай қолган. Даво истаб бир нечта тиббиёт муассасасига борган. Ҳамма жойда кўриш қобилиятини тиклаб бўлмаслигини эшитиб, бутунлай умидини узган эди.

    Бир куни шахсий кўз клиникаларидан бири унга агар етарли маблағни топа олса, кўриш қобилияти тикланиши мумкинлигини айтади. Базўр кун кўриб турган бемор умид билан Сергели туман Халқ қабулхонасидан нажот топди. Қабулхона кўмаги билан туман ҳокимлигига керакли ҳужжатлар тақдим этилгач, операция учун зарур маблағ ажратиб берилади. Айни пайтда фуқаро кўриш неъматидан баҳраманд. Тез орада жарроҳлик амалиётининг иккинчи босқичи ўтказилади. Бунинг учун ҳам керакли маблағ аллақачон ажратиб берилган.

    ***

    Ҳа, бугунги одамларнинг кечагидан бошқа экани ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни тан олаётганида кўрина бошлади. Зеро, давлатимиз раҳбари илгари сураётган ҳар бир ташаббус, ҳар бир эзгу ишнинг самараси кундалик ҳаётимизда акс этяпти. Айниқса, саломатликдек бебаҳо неъматни асраб-авайлашга қаратилган тизимли ишлар инсонни қадрлашнинг энг юксак кўринишидир.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ кабулхонаси томонидан бизга тақдим этилган даста ҳужжатлар орасида соғлигини тиклашда ёрдам сўраган ҳамда тиббий кўриклардан манфаатдор бўлган беморлар Президентимизга йўллаган миннатдорлик хатларини ҳам кўрдик. Хусусан, Чилонзор тумани, “1-Қатортол” МФЙнинг 100 нафардан зиёд фуқаролари имзо қўйган ташаккурномада “Халқнинг дардига малҳам бўлиб, соғлигини тиклашга ёрдам берганлари учун Тошкент шаҳар ва туман Халқ қабулхоналари раҳбариятига раҳмат. Самимий муомаласи билан ҳар бир беморнинг кўнглини олган қабулхона ходимларига ташаккур. Туманимиздаги 37-сонли поликлиника шифокорларига, ўз ташаббуси билан аҳолига холисона ёрдам берган ЖИБ Чилонзор тумани судига миннатдорлик билдирамиз,” мазмунидаги жумлалар акс этган. Бу каби миннатдорлик аҳолидан келган кўплаб хатларда учрайди.

    Ҳа, бугун Халқ қабулхоналари имкон қадар одамларни рози қилишга хизмат қиляпти. Насиб қилса, тизимли олиб борилаётган бундай эзгу ишлар янги Ўзбекистонда инсон қадрининг ҳар нарсадан устун экани, нуронийлари улуғланган юрт ҳеч қачон кам бўлмаслигини яққол исботлайди. Зеро, ҳаётнинг пасту баландини кўп кўрган, аччиқ-чучугини тотган кекса авлод вакилларининг ҳар бир сўзи ёшлар учун ибрат. Уларга ғамхўрлик кўрсатиш, дуосини олиш эса, дунёдаги энг улуғ, энг савобли ишдир.

    Муножат МЎМИНОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates