Камбағалликдан қутқарадиган куч маънавий юксалишдир

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси масъул ходими Эркин ЮСУПОВ билан суҳбат.

    Юртимизда камбағалликни қисқартириш борасида жиддий ислоҳотлар давом этяпти. Мана шу жараёнда аҳоли фаол бўлиши, бу иллатга қарши курашиши керак. Негаки, мамлакат тараққиёти аҳолининг меҳнатсеварлиги, билими, тафаккур олами ва маънавий бойлигига ҳам боғлиқ. Қайси жамиятда инсонлар интилувчан, билимли бўлса, ўша ерда салоҳиятли кадрлар кўп бўлади. Ана шу салоҳият сиёсий ирода сабаб яратилган имконият, имтиёзлардан ўз ўрнида самарали фойдаланади.

    Мамлакатнинг икки устуни — маънавият ва иқтисод бирдек қувватга эга бўлади. Шундай экан, асл камбағаллик нима? Унга қарши қандай курашиш керак? Шу жараёнда аҳолининг фаоллиги қанчалик аҳамиятли? Кўзланган маррани забт этишда яна нималарга эътибор бериш керак? Шу каби саволларга жавоб топиш, “Заррабин” орқали мавзу моҳиятини теранроқ англаш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси масъул ходими Эркин ЮСУПОВни суҳбатга чорладик.

    — Суҳбатимизни камбағаллик нима, деган саволга жавоб излашдан бошласак.

    — Сўз аввалида “Заррабин” орқали мана шундай долзарб масалани кўтариб чиқаётгани учун “Янги Ўзбекистон” газетаси жамоасига ташаккур айтмоқчиман.

    Саволингизга келсак, камбағаллик кенг маънодаги нисбий тушунча. Олган назарий, амалий билимларидан, ҳаётда кўрган-кечирганларидан келиб чиқиб, камбағаллик тушунчасини ҳамма ўз қараши, қаричи билан ўлчайди. Табиийки, турлича талқин қилади. Менинг ҳам ўз қарашим бор. Камбағаллик деганда, қозон қайнаши кўз олдимга келади. У фақат қуруқ сув билан қайнайдими ё ичи тўла емак биланми? Камбағаллик шу қорақозон қайнаши атрофидаги тушунча деб биламан.

    Ўрни келганда айтиш керак, жамиятда нуқул бой ва камбағал сўзлари такрорланаверса, одамлар, айниқса, ёшлар миясига қуйилаверса, бу яхшиликка олиб келмайди. Бунинг оқибатида фикран қолоқ, маънан заиф, руҳан синиқ жамият шаклланиб боради. Чунки камбағал деб ижтимоий камситиш инсоннинг фикрлаши, маънавияти ва руҳиятига катта таъсир қилади. Масалан, бирор оилага ёрдам бериш орқали биз билиб-билмасдан уларни руҳий жиҳатдан қийнаб қўйишимиз мумкин. Дейлик, мактаб ёшидаги бола ўз оиласига ёрдам берилганини телевизор, ижтимоий тармоқлардаги хабарларда кўрса, тенгдошлари унга қўлини бигиз қилса, (болаларга хос ҳолат бу) бундан руҳан таъсирланади. Бола руҳиятида ўзгариш бўлади. Руҳан синиб, ишончи, келажакка умиди сўнади. Демоқчиманки, ёрдам беришда шу каби жиҳатларни ҳисобга олиш керак. Ҳа, ёрдам кўрсатишда эҳтиёткорона, ҳар томонни кенг ўйлаб иш кўриш мақсадга мувофиқ.

    — Камбағалликни қисқартириш учун қайси жиҳатларга кўпроқ эътибор бериш керак? Бу борада халқ мурожаатлари билан ишлаётган инсон сифатидаги шахсий фикрингизни билмоқчи эдим.

    — Аввало, камбағалликнинг расман тан олиниши катта воқеа бўлди. Унга ҳуқуқий баҳо берилди. Камбағалликни қисқартириш борасида ҳуқуқий асос, қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Халқ фаровонлиги, мамлакат тараққиёти учун мазкур йўналишга миллиардлаб маблағ, кўплаб имтиёзлар, имкониятлар берилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли тур-муш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги фармони ва унинг ижросини самарали таъминлаш мақсадида жорий йил 23 сентябрда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

    "Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури асосида ижтимоий оғир аҳволдаги 1000 та маҳалла танлаб олинади. Уларнинг инфратузилмасини яхшилаш учун дастурлар ишлаб чиқилади ва катта маблағ ажратилади. Бундан ташқари, оилавий тадбиркорликка кенг йўл очиб берилмоқда. Субсидиялар ажратилиши тубдан қайта кўриб чиқиляпти.

    Давлатимиз раҳбари шу йил 1 ноябрь куни Навоий вилоятига ташрифи чоғида: “Маънавий буюк халқ — иқтисодий буюк бўлади. Иккита томир устунимиз бор: иқтисод ва маънавият!” деди.

    Дарҳақиқат, моддий камбағалликдан маънавий қашшоқлик оғирроқ. Камбағалликни қисқартириш билан параллел равишда инсоннинг билимини, маънавиятини оширишимиз, дунёқарашини ўзгартиришимиз керак. Ички дунёси бой бўлмаган одамни моддий камбағалликдан чиқариш жуда қийин.

    Охирги йилларда катта сармоялар тикилди, қайтариб берилмас субсидия ажратиляпти. Тикув машиналари, мотокультиваторлар, қишлоқ хўжалиги учун зарур асбоб-ускуналар билан таъминланяпти. Афсуски, ҳамма жойда ҳам кутилган натижага эришиш осон бўлмаяпти. Бунинг сабабларидан бири ўша маънавий қашшоқлик. Ҳаётий мисол, бир оилага мотокультиватор берилган. Уни ишлатади, лекин топган пули-ни ичкиликка сарфлайди, уйга нафи тегмай-ди. Оиладаги муҳит сабаб аёлида ҳақ-ҳуқуқ йўқ. Жамиятимизда шаклланган қараш, оилани фақат эр бошқариши керак, деган тушунчани ноинсоф эр дастак қилиб олган. У оиласига кўмакчи бўлиш ўрнига топганини кўчадаги ошна-оғайниси билан еб-ичишга сарфлайди. Ўша ошна-оғайниси ҳам пулни оиласига олиб борсин демайди. Кўряпсизми, қандай муҳит шаклланган!

    Демоқчимизки, оиладаги тарбия, ижти-моий муҳит тўғри бўлмаса, кутилган нати-жага эришиш мушкул. Берилган техникани сотиб, яна бер, деб чиққан оилалар ҳам, ўзи умра сафарларига бориб келган, лекин менга шунақа нарса бер, дейдиганлар ҳам бор. Афсуски, бундайлар битта-иккита эмас... Уларга мана бу ишни қилинг десангиз, рад этади, мактабда фаррошлик қилинг деса, қишда совуқ сувга қўл урсам шамоллайман, дейди. Боқимандалик кайфиятига тушиб қолган. Давлат берсин, дейди. Давлат ким? Сиз, мен, фарзандингиз ҳисобидан, табиий бойликлар, солиқлардан шаклланган бюджет. Моддий ёрдам 37 миллиондан зиёд аҳолининг ҳақидан чегириб берилаётган пул. Айримлар шу пулни ойлик сифатида қабул қилади. Баъзиларнинг ҳамма нарсаси бор, лекин кўзи оч, ички дунёси қашшоқ.

    Камбағаллик қаердан келди, қандай пайдо бўлди? Бунинг турли объектив, субъектив сабаблари бор. Шулардан бири дангасалик. Узоққа бормайлик, яқин минг йиллик тарихимизда ҳам камбағаллик, боқимандаликка қарши кураш ижтимоий фикр шаклида ўз ифодасини топган. Масалан, Баҳовуддин Нақшбандий зиёратгоҳида бундай сатрлар бор: “Дил ба ёру, даст ба кор” (“Қўлинг меҳнатда, қалбинг Аллоҳда бўлсин”). Кўринадики, ўша даврларда ҳам камбағаллик ўта долзарб масалалардан бири сифатида қабул қилинган. Инсонлар меҳнат қилишга чақирилган.

    Энди бугунимизга қайтсак. Баъзиларнинг амали бор, илми йўқ, баъзиларнинг илми бор — фақат оғизда, лекин амали йўқ. Илми борга амал, амали борга илм беришимиз керак. Шунда камбағаллик камаяди. Ўрни келганда айтмоқчиман, боқимандалик — жамиятга нисбатан ҳурматсизлик.

    Айни пайтда уларга ўрнак бўладиган юртдошларимизни ҳам эътироф этишимиз керак. Ногирон бўлса ҳам меҳнат қилаётган минглаб фуқароларимиз бор. Масалан, Чуст туманида бир оёғи йўқ қизимиз далада ишлаб, имкон қадар оиласига, кўмак беряпти.

    Яна бир мисол, оилада 5 фарзанд бор, улар чин етим. Катта фарзанд қиз, 22-23 ёшда. Лекин ука-сингилларини ўз кучи, иродаси билан катта қиляпти. Бир куни ўша қиз қўнғироқ қилди. Синглиси Тошкент давлат иқтисодиёт университетига давлат гранти билан ўқишга кирибди. Ётоқхонага жойлашишда муаммо бўляпти экан. Ётоқхонага жойлашиш учун эса чин етим, ногирон, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар” ёки “Темир дафтар”да бўлиши керак экан. Онаси 7 йил олдин ўлган, отаси шундан 6 ой ўтиб, бошқа аёлга уйланиб, болаларини ташлаб кетган. Шу боис, ҳужжат бўйича отаси бор, аммо амалда чин етим улар. “Темир дафтар”га кирмаганмидинглар, десам, ор қилдим, дейди. Кўряпсизми, ҳали ёши 30 га бормаган, қиз бола боши билан ука-сингилларини боқаётган қизимизнинг иродаси, маънавий дунёсини!

    Вазиятни ўрганиб, ўша қизимизни ётоқхонага жойлаштирдик. Мана шундай қадди баланд фуқароларимиз бор. Улар учун ор-номус улуғ, ички дунёси бой.

    Шу сабаб биринчи навбатда одамнинг тафаккурини ўзгартириш, маънавиятини бойитишимиз керак. Фақат билим билан бўлади бу. Маънавий бой бўлмаган одамни моддий бой қилиб бўлмайди.

    — Жуда ўринли фикрларни билдирдингиз. Шу ўринда муҳим масалани сўрамоқчи эдим. Ислоҳотларни тўла амалга ошириш учун жамият ўзгариши керак. Айтинг-чи, жамиятни қандай ўзгартирамиз?

    — Жамиятни ўзгартириш — жуда мураккаб иш. Ҳукуматимиз таълим, тарбияга эътибор қаратяпти, бу самарасини беради. Айни пайтда инсонларнинг ўзи ҳам интилувчан бўлиши керак. Ҳозирги сунъий интеллект негизида чизиқли алгебра ётади.

    Шуни аждодларимиз қилган-ку. Лекин сунъий интеллект бизнинг юртда кашф этилмади. Бошқа жойларда яратиляпти. Биз телефондан фақат ёзишма, қўнғироқ қилиш, ниманидир кўриш учун фойдаланамиз. Аксариятимизда унинг бошқа имкониятларидан фойдаланишга салоҳият етмайди. Бу ниманинг оқибати?!

    Ўқимаслик, илм олишга қизиқмасликнинг. Кейинги йилларда китобхонликка катта эътибор бериляпти. Аксарият ёшларимиз тил ўрганиб, билим олиб, ўз куч ва салоҳияти вазига хорижда таҳсил олиш имконини қўлга киритяпти. Жамиятни ўзгартириш учун бу ишларни янада изчил давом эттириш, таълимдаги ислоҳотлар ижросини тўла таъминлашимиз зарур. Назаримда, жамият билим эвазига ўзгаради.

    — Эркин ака, юқорида боқимандалик ҳақида айтингиз. Кўриняптики, боқимандаликка қарши кураш, камбағалликни қисқартириш борасида ҳали бажарилиши керак бўлган вазифалар бор. Таъкидланганидек, юртимизда камбағалликни қис қартириш борасида ҳуқуқий асос, зарур имкониятлар яратиб берилган. Энди буни барча жойда бирдек ижро қилиш жуда му-ҳим. Сўрамоқчи бўлганим, шу жараёнда давлат хизматчиси қандай бўлиши керак?

    — Давлат хизматчисига бу вазифаларни бажариш ҳам шараф, ҳам улкан масъулият юклайди. Қолаверса, давлат хизматчиси турфа дунёқараш, маънавий даражаси ҳар хил бўлган, айниқса, боқиманда кайфиятдаги инсонлар билан ишлаши осон эмас. Шундай фуқаролар бор, ўзини, эрини, тўрт фарзанди-ни ногирон деб ҳужжат қилиб олган. Ҳозир 3 та уйи бор. Яна вилоят марказидан уй олиб берасан деб туриб олган. Ўрганишга борганда қарасангиз, ҳаммаси соғ-саломат оила, лекин ҳужжатни кўрсангиз — ногирон. Эр ёлланма ишчи, хотиннинг топган машғулоти ёзув-чизув. Фақат мурожаатлар ёзади. Ти-нимсиз нимадир сўрайди. Унинг дунёқараши, маънавий олами эса...

    Яна шундай оилалар бор, отанинг ёши элликдан ошган. Соғлом, аммо ишламайди. Нуқул фарзандларига босим ўтказади. Сен пул топиб, менга ундай-бундай қилиб беришинг керак деб. Суриштириб борсангиз, ўзи вақтида фарзандига етарлича таълим-тарбия бермаган. Шунинг учун ҳам боқимандалик жамиятга нисбатан ҳурматсизлик, дедик. Жамиятни ҳурмат қилмайдиган фуқаролар билан ишлаш, албатта, осон эмас.

    Айтилганидек, озгина имконият бўлса, ўзини ҳам, бошқаларни ҳам иш билан таъминлайдиган салоҳиятга, интилишга эга юртдошларимиз кўп. Кейинги йилларда кўряпмиз, маҳаллаларда еттилик тизими жорий этилди. Натижада масалани маҳалланинг ўзида ҳал қилишга имкон яратилди. Энди биз, давлат хизматчилари аҳолини мана шу ислоҳотларга ишонтиришимиз керак. Ишончи бўлмаган одамни етаклаб тадбиркор бў-лишга, бошқа касб ўрганишга мажбур қила олмаймиз. Бу жараёнда давлат хизматчиларига кўп нарса боғлиқ.

    Бир воқеа. Ташландиқ, маиший чиқинди тўпланиб қолган 5-6 сотих жой фуқарога мевали дарахт экиб фойда қилинг деб берилган. Ҳалиги одам қарз-ҳавола қилиб ўша ерни тозалаб, кўчат экади. Орадан 2-3 йил ўтиб, бу гапни айтган раҳбар вафот этди. Янги раҳбар келиб, ернинг хат-ҳужжати йўқ, давлатга қайтариб оламиз, дейди. Оддий одам аввалги раҳбар лафзига ишонгани, вақтида ҳужжат қилмагани унинг хатоси. Лекин ўша раҳбар бу хатони тўғрилаш ўрнига йўқ жойдан бир оилани камбағаллар сафига қўшяпти. Буни кўрган одамларда ишончсизлик пайдо бўлиши мумкин. Аслида, энг катта йўқотиш ишончдир!

    Яна бир масала. ОАВлардан фалон жойда ҳоким ёрдамчиси, маҳалладаги масъуллар бирор масала сабаб ишдан олингани ё жазоланганини эшитамиз. Демак, ўша ерда ечилиши керак масала бор. Ўрни келганда айтиш керак, камбағалликка порахўрлик ҳам сабаб бўлади. Қаерда коррупция кўп бўлса, ўша ерда камбағаллик параллел равишда ўсиб боради деб ўйлайман.

    Коррупцияни тўлиқ йўқ қилиш имконсиз. Уни жиловлаш мумкин. Қонун устуворлиги билан тартибга олиш борасида анча ишлар бажарилди ҳам. Лекин бу ислоҳотлар, порахўрликка қарши кураш ҳеч қачон тўхтаб қолмаслиги керак. Чунки икки киши иш юзасидан учрашдими, у ерда коррупция бўлиши хавфи мавжуд. Ҳа, коррупцияни таг-туги билан йўқ қилиб бўлмайди. Ҳатто энг ривожланган давлатларда ҳам муайян коррупция бор. Демак, рақамли ҳукумат тизимларини янада кенгроқ татбиқ қилишимиз зарур. Имкон қадар инсон омилини йўқотиш, бир-бири билан учрашишни чеклаш лозим. Шунда коррупцияни жиловлаш мумкин.

    Камбағалликни қисқартириш билан бирга коррупция жиловини ҳам тутишимиз лозим. Хабарларни ўқияпмиз, айримлар имтиёзли кредитлар ўзлаштириб юборяпти. Бу ҳам коррупция ахир. Айтмоқчиманки, коррупцияни йўқотиш ва камбағалликни қисқартириш узвий боғлиқ.

    — Ишонч ҳақида сўрамоқчиман. Камбағаллик сабаб тушкун кайфиятдаги ин-сон қалбида қандай қилиб ишонч уйғотилади? Камбағалликни қисқартиш учун яна қай жиҳатларга эътибор бериш керак? Балки, таклифларингиз бордир?

    — Жуда кўп имкониятлар берилмоқда, юқорида айтганимиздек, катта маблағ йўналтирилмоқда. Бу вазифалар тўғри ва тўлиқ амалга оширилса, ўйлайманки, камбағалликни янада қисқартишга эришамиз.

    Яна бир жиҳат. Қабулларда одамларга шахсий телефон рақамимни бераман. Бу иш фаолиятимда жуда асқатади. Ҳудудлардаги масъуллардан маълумот олиш билан бирга ҳолатни оддий одамлардан сўрайман. Шу йўл билан Тошкентда туриб ҳам ҳақиқатга яқин маълумот оламиз... Бир оилани биламан. Эркак чет элга ишлашга кетган, лекин оиласига ёрдам бергани йўқ. Аёл кунлик ёлланма ишчи бўлиб иссиқхонада ишлайди. У тушлик қилса, 60 минг, қилмаса, 80 минг сўм пул топади кун бўйи. Бошқа жойдан даромад йўқ. 10, 12, 14 яшар фарзандлари бор. Уларни едириш, ичириш керак, бошқа эҳтиёжлар бор. Аёл ҳеч қандай дафтарларда турмайди. Ёз ойларида шу оиланинг болалари қўнғироқ қилиб: “Амаки, 10 минг қарз бериб туринг, тарвуз егимиз келганди, имкониятимиз йўқ”, деди. Қаранг, бу йил тарвуз арзон бўлди. Шу 5-10 мингга тарвуз олиб еёлмайдиган оилалар ҳам бор-да. Кимдир аёлидан ё эридан бевақт ажрайди, ёлланма иш билан шуғулланади, вояга етмаган фарзандлар бор. Шунақа оилада биттаси касал бўлиб қолса, бўлди, у оила синади. Нима қиларини билмайди, дори олсинми, есинми...

    Шунинг учун камбағал деб доимий рўйхатга олиб қўйишдан олдин ўйлашимиз керак. Эртага бир оила бирдан камбағал бўлиб қолиши ёки акси бўлиши мумкин. Демоқчиманки, ижтимоий дафтарларга киритилаётган оилалар учун 3 ёки 6 ойлик хавфсизлик сармоясини ташкил қилсак. Яъни дейлик, оила ёз ойларида далада ишлаб ё бошқа юмуш билан кунини ўтказяпти, уларга пулни ўша вақтда қўлига бермай, сармоя сифатида ҳисоб-рақамига йўналтирсак. Оилада кутилмаган нохуш ҳолат бўлиб қолса, касалликми, шундай вақтда ўша сақланган пул ечим бўлади. Шуни таклиф қилган бўлардим.

    Энди ишонч ҳақидаги саволингизга келсак. Агар биз, давлат хизматчилари бу ислоҳотларни жойларда тўғри ва тўлиқ ижросини бажара олсак, давлат раҳбари олдида ҳам, халқимиз олдида ҳам ишончни оқлаймиз.

    Ўрни келганда айтай, биз, давлат хизматчилари ислоҳотни ўзимиздан бошлашимиз, намуна бўлишимиз керак. Жамиятимиз фаровонлиги учун хизмат қилишимиз шарт. Шундагина бизни кузатиб турган жамиятда ўзгариш бўлади.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ

    суҳбатлашди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates