Чeт тилларни ўқитишга доир долзарб масалалар муҳокама қилинди

    Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллар институтида “Чет тилини ўқитишда инновацион технологиялар ва филология масалалари” мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

    Тадбирнинг очилишида институт ректори, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, профессор Ривожиддин Каримов таълим тизимидаги ислоҳотлар, фан ва амалиёт интеграцияси, хорижий тилларни чуқур ўрганиш ва ёшларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш йўлида институтда қилинаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

    Конференцияда Бухоро давлат университети, Қўқон давлат педагогика институти, Термиз давлат университети, Самарқанд давлат чет тиллар институти, Андижон давлат чет тиллар институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Наманган давлат университети ҳамда University Business and Science нодавлат олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва ёш тадқиқотчилари илмий мақола ва маърузалари билан иштирок этди.

    Анжуман шуъбаларда давом этди. Тил ўргатишнинг инновацион усуллари, таржимашунослик, лингводидактика, адабиётшунослик, рақамли таълим, маданиятлараро мулоқот ва интегратив методикалар каби шуъбаларда соҳага доир муҳим масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, “Рақамли таълим шароитида академик ёзув компетенциясини шакллантириш масалалари”, “Ғарбий Европада таржима дидактикаси тажрибалари”, “Инглиз тилида касбий компетенцияни шакллантиришда соҳавий матнларни ўргатиш усуллари”, “Таржимада учрайдиган лингвистик бўшлиқлар (лакуналар) ва уларнинг ечимлари” номли маърузалар тингланди.

    Шунингдек, бошқа иштирокчилар томонидан рақамли воситалар орқали тил ўқитиш, маданиятлараро мулоқот, нофилологларга чет тили ўргатиш, ёшлар мотивацияси ва амалий методик ёндашувлар бўйича долзарб ва таҳлилий чиқишлар тақдим этилди.

    Шуъба йиғилишларида ўзаро тажриба алмашиш, фикрлар уйғунлиги, янги ғоялар юзага чиқиши, амалий ҳамкорлик йўналишларини ойдинлаштириш бўйича самарали мулоқот қилинди. Таълим сифатини ошириш, методик базани бойитиш, ёш олимларни рағбатлантиришга доир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

    Ушбу илмий анжуман таълим, фан ва инновация ўртасидаги узвийликни мустаҳкамловчи, олий таълим муассасалари ўртасида илмий ҳамкорликни чуқурлаштирувчи, ўқитувчи ва тадқиқотчилар учун замонавий ёндашувлар, янги қарашлар ва самарали методикаларни шакллантирувчи билим ва тажриба майдонига айланди. Анжуман натижалари нафақат бугунги таълим амалиётига, балки ёш авлодни рақобатбардош кадр сифатида тайёрлаш стратегиясига хизмат қилади, дейилади институт ахборот хизмати хабарида.

    No date selected
    июн, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates