Чўлпон ва Ғулом Зафарий

    Чўлпон Андижонда, Ғулом Зафарий Тошкентда таваллуд топган

    “Катта қирғин”

    Одатда ижод аҳли бир-бири билан яқин муносабатда бўлади. Қаламкаш дўсти ёзган асарни ўқиб, унинг янада мукаммал бўлишига ёрдам берадиган фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашади. Бу, ижодий ҳаётнинг муҳим жараёнларидан биридир.

    Аммо 1937-1938 йиллардаги “Катта қирғин” даврида НКВД ходимлари шу жараёндан ёвуз мақсад йўлида фойдаланиб, ижодий ҳамкорликда яшаб келаётган олимлар, ёзувчилар ва санъаткорларни бир-бирига қарши “материал” беришга мажбур қилган, ижодий ҳамкорлик мевасидан баҳраманд бўлиб келаётган дўстлар кўз очиб юмгунча хундор душманларга айланиб қолган.

    Тўғри, бунда ҳамма айб НКВД ва унинг жирканч хуфияларида бўлган. Лекин синган чиннини тузатиб бўлмаганидек, собиқ дўстлар ўртасидаги ишонч кўпригини ҳам тузатиб бўлмаслиги ҳеч кимга сир эмас. 1937-1938 йилларда бошқа ижодкорлар билан яқин алоқада бўлгани учун озор чеккан ёзувчилардан бири Чўлпон, иккинчиси эса Ғулом Зафарий эди.

    Чўлпон Андижонда, Ғулом Зафарий Тошкентда таваллуд топган

    Биз бу икки ижодкордан бирининг 1898 йили Андижон шаҳрида туғилгани, 1913-1914 йилларда Тошкентга кўчиб келиб, “Садои Туркистон” газетасида хизмат қилгани, Ҳамза театри учун “Ҳамлет” трагедиясини илоҳий куч билан таржима қилиб, кимсан буюк Шекспирни доғда қолдиргани, “Ўткан кунлар” билан баҳслаша оладиган “Кеча ва кундуз” романини ёзгани ва бу икки асар Чўлпоннинг ХХ аср ўзбек адабиёти тараққиётига қўшган буюк ҳиссаси эканини яхши биламиз. Балки кимдир Ғулом Зафарийнинг “Ҳалима” мусиқали драмаси ХХ асрнинг 20-30-йилларида энг машҳур мусиқали драма бўлгани ва бу драмадаги Ҳалима ролини қойилмақом қилиб ижро этган Турсуной Саидазимова билан Ҳалима Носированинг катта шуҳрат қозонганини ҳам эшитган бўлса, ажаб эмас.

    Ғулом Зафарий Тошкент шаҳрининг Каттабоғ маҳалласида дунёга келган. Чўлпондан 11 ёш кичик. Шу маҳалладан унча узоқ бўлмаган жойда машҳур навоийшунос олим Ҳамид Сулаймоннинг отаси Сулаймонхўжа Умархўжаев ҳам яшаган.

    “Отам, — деб ёзган эди Ҳамид Сулаймон, — Тошкентнинг собиқ Бешёғоч даҳасидаги Камолон маҳалласида деҳқон оиласида дунёга келган... Отамнинг мадрасадаги ҳамҳужра дўстларидан энг яқинлари севимли адибимиз Абдулла Қодирий — Жулқунбой ва драматург Ғулом Зафарийлар эди. Абдулла Қодирийнинг туғилиб ўсган уйи Камолоннинг ғарбидаги қўшни Эшонгузар маҳалласида бўлган. Бизнинг ҳовли билан Абдулла ака ҳовлисининг ораси ярим километрча бўлиб, шу оралиқда Ғулом Зафарийнинг ҳовлиси ва кичик, ғоятда шинам боғи жойлашган эди”.

    Ҳамид Сулаймоннинг бу хотираси деталларга қанчалик бой бўлишига қарамай, Абдулла ­Қодирийнинг Кўкалдош мадрасасида эмас, балки Абулқосим мадрасасида таълим олганини айтмай ўтолмаймиз.

    Ғулом Зафарий ҳаёти ва ижоди билан шуғулланган адабиётшунос Олим Усмонов эса “Ғулом Зафарий. Ҳаёти ва ижоди” (2022) деган сермазмун рисоласида драматургнинг ота-онаси тўғрисида қуйидаги маълумотни берган: “Унинг отаси Музаффар мискар ҳунарманд киши бўлиб, ҳазил-мутойибага мойил, санъатсевар киши эди. Онаси Файзинисо отин маълумотли, гапга чечан аёл бўлиб, кўпгина халқ достонлари ва эртакларини ёддан биларди, айниқса, асли қўқонлик бўлгани учун Қўқон хонлиги тарихига оид кўпдан-кўп маълумотларни ўз хотирасида сақлар эди. Билимдон, шоирона руҳли, мулойим ва ширинсўз Файзинисо отин бу маълумотларни мунтазам равишда ёш Ғуломга ҳикоя қилиб берар эди”.

    Шу йилларда жадидлар нафақат Тошкент, балки Самарқанд, Қўқон сингари йирик шаҳарларда ҳам фаоллаша бошлаган. 1912 йили Ғуломжон онасининг қариндош-уруғларига ишониб бўлса керак, Ўш шаҳрига бориб, янги усул мактабида муаллимлик қилади. Орадан бир йил ўтгач, мураббийлик фаолиятини Тошкент шаҳрида давом эттиради.

    1914 йил 15 январда Тошкентдаги “Колизей” театрида “Падаркуш” спектаклининг премьераси бўлиб ўтади. Шу йили “Турон” театрида Озарбайжон мусиқали театрининг “Аршин мол олон”, “Лайли ва Мажнун” сингари машҳур драмалари ҳам катта муваффақият билан намойиш этилади. Булар Ғулом Зафарийнинг ҳаётини, яшаш тарзини бутунлай ўзгартириб юборади. У отасининг мисдан ясалган патнисларини чертиб, турли ритм ва оҳанглар чалиб, ҳатто ўзи ҳам янги-янги куйлар ижод қила бош­лайди. Патнис садоларидан чиққан мусиқий нолалардан мутаассир бўлган дўстлари унда бастакорлик истеъдоди борлигини сезиб, Худо берган шу истеъдодни тарбиялаш йўлларини кўрсатади.

    Ўзбек операсининг асосини солғувчи Ғулом Зафарийдир

    Ўша йилларда илк шеърларини ёза бошлаган Ғуломжон ёшлар ҳаётидан олинган “Баҳор”, “Гунафша”, “Тилак”, “Қуён”, “Эрк болалари” сингари бир кўринишли драмаларни ҳам ёзиб, уларнинг ҳаваскорлик тўгаракларида ижро этилишига муваффақ бўладики, бу унинг ижодий кучига янги куч, завқига янги завқ қўшади. Ғуломжон Озарбайжон театри спектаклларини қайта-қайта кўриб, ҳатто Муҳиддин қори Ёқубов билан Тамарахонимнинг “Эрк болалари”ни 1925 йилда Париж ва Берлиндаги саҳналардан бирида намойиш этганлари, бу асарнинг француз ва немис томошабинлари олқишига сазовор бўлганини эшитиб, руҳланиб ва қанотланиб, ўз олдига биринчи ўзбек мусиқали драмасини яратиш вазифасини қўяди.

    Агар 1920 йил 10 сентябрда “Карл Маркс” труппасида (“Турон” театри шундай ном билан “замонавийлаштирилган”) Маннон Уйғур саҳналаштирган “Ҳалима” спектакли муаллиф қамалган 1937 йилга қадар ўнлаб театрларда зўр муваффақият билан намойиш этилганини эсласак, ўзбек театри тарихида Ғулом Зафарийнинг “Ҳалима”си билан баҳслаша оладиган бошқа мусиқали драмани ­топиш осон эмас.

    Чўлпон бу асарнинг саҳна юзини кўришида ижодий маслаҳатлари билан кўмак берган, дейи­шади. Шунинг учунмикан, у “Ҳалима” спектаклининг ҳар бир намойишида драматургнинг дўсти сифатида қатнашиб, катта ҳаяжон билан бундай ёзган эди: “11 декабрда ўзимиз кўрган қишки ­“Турон” биносида — юзинчи марта бўлса керак —

    “Ҳалима” ўйналди... Асарнинг алла нечанчи мартаба қўйилишига қарамасдан, халқ тўладир, жой тегишмайдир...”.

    Ўзбек операсини яратиш жазаваси авж олган 30-йилларнинг ўрталарида бу асарни ҳам опера “тили”га мослашмоқчи бўлишган. Музикашунос Б.А.Пестовский шу ҳол ҳақида “Бу кунда ўзбек операсининг асосини солғувчи Ғулом Зафарийдир”, деб ёзган ва бу сўзлар тарихий ҳақиқатга зид эмас эди.

    Драматург биринчи марта 1932 йилда, 1937 йилда эса иккинчи марта “халқ душмани” сифатида айбланиб, Сибирь лагерларида азоб-уқубат чеккан. Шу вақтда ҳам Ўзбекистон театрлари “Ҳалима” драмасини намойиш қилишда давом этган ­(муаллифи кўрсатилмаган ҳолда). Чўлпон спек­таклдан тушган қалам ҳақини сургундаги драматургга ҳам, унинг озодликда қийналиб яшаётган оиласига ҳам мунтазам равишда етказиб турган.

    Ғулом Зафарийнинг қамалиш сабаби эса унинг Туркистон Мухторияти барпо этилган вақтда Мухториятни, худди дўсти Чўлпондек, фаол қўллаб-қувватлаб, фуқаролик жасоратини кўрсатганида эди.

    Биз, адабиётшунос ва тарихчилар бирор ватандошимизнинг Туркистон Мухториятини қўллаб-қувватлашда айбланганини айтамиз-у, бу “қўллаб-қувватлаш” нимадан иборат бўлганини ичимизга ютиб келамиз. Ҳолбуки, бундай жасоратга ҳар кимда ҳам журъат етишган, деб бўлмайди.

    Ғулом Зафарий, бошқа аксар зиёлилар сингари, “Миллий иттиҳод” ташкилотининг аъзоси эди. У шу “аксилинқилобий” ташкилотнинг аъзоси сифатида қамоққа олинган ва терговчининг Мухториятни қандай “қўллаб-қувватлаган”и тўғрисидаги саволига жавоб бериб, бундай деган:

    “Қўқон мухторият ҳукуматининг ташкил этилиши муносабати билан “Миллий иттиҳод” ташкилотимизнинг Марказий Комитети Эски шаҳардаги “Турон” театри биносида очиқ мажлисни ўтказган ва бу мажлисда Мунаввар қори Абдурашидхонов, Саъдуллла Турсунхўжаев, ­Салимхон Тиллахонов, Норбўтабеков, мен ва бошқалар иштирок этганмиз.

    Бу мажлисда Қўқон мухториятини барча кучлар билан қўллаб-қувватлаш, аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш ва оммавий намойишни ташкил этишга қарор қилинган. Мен фаол “иттиҳодчи” сифатида бошқалар билан бирга “Миллий иттиҳод” ташкилоти Марказий Комитетининг бу қарорини амалга оширишда фаол қатнашганман. “Миллий иттиҳод”нинг Марказий Комитети, жумладан, мен Боис Қориев, Уйғур, Етим Бобожонов, Аброр Ҳидоятов билан бирга большевиклар қамоққа олган “аксилинқилобчилар” ва большевикларни қамоқхонадан озод қилишда иштирок этганман.

    Саъдулла Турсунхўжаевнинг сўзларидан шу нарса маълум бўладики, бизнинг “Миллий иттиҳод” ташкилотимиз 1919 йил январидаги аксилинқилобий исён вақтидаёқ Совет ҳокимиятини қуролли куч ёрдамида ағдармоқчи бўлган. Шахсан мен, Турсунхўжаевнинг топшириғига биноан, Эски шаҳардаги аҳоли ­ўртасида ­Осипов шахсини оммалаштириш мақсадида тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб борганман. Кейин менинг аксилинқилобий амалий фаолиятим адабий меҳнат билан шуғулланганим учун асосан, мафкуравий жаб­ҳада кечди. Ташкилотнинг аъзоси бўлганим 1919-1921 йилларда “Шарифжон”, “Эрк болалари”, “Туйғуной”, “Чин Темир ботир” сингари аксилинқилобий йўналишдаги бир неча пьесаларни ёздим. “Қуён”, “Татимбой ота” каби болаларга бағишланган баъзи асарларимни мен ота-оналарда норозилик, Шўро давлатида эса ғазаб ва нафрат кайфиятини уйғотиш учун асарга қасддан бузуқлик унсурларини киритган эдим.

    Шуни айтиш керакки, авваллари бундай йўл билан мақсадга эришиш осон эди. Аммо асарларимнинг ҳаммасида шўроларга қарши қаратилган руҳ бўлгани учун улар кейинчалик йиғиштириб олинди.

    Бу пьесаларни ёзиш, оммалаштириш ва саҳналаштиришда Чўлпон, Фитрат, Муҳиддин қори Ёқубов ва Уйғур (Маннон Мажидов) сингари ташкилот аъзолари менга фаол ёрдам ­беришди”.

    Давр қурбонлари

    Биз Ғ.Зафарийнинг бу “тавбанамо” кўрсатмасини ўқир эканмиз, унинг терговчи томонидан астойдил таҳрир қилинганини сезмай иложимиз йўқ. Масалан, мактаб ўқувчилари учун ёзилган кичик саҳна асарларининг миллатчилик ва аксилинқилобчилик кайфияти билан суғорилгани ҳақидаги фикрлар терговчи “ижод”ининг маҳсули экани шубҳа уйғотмайди.

    Ғ.Зафарий “дело”сида яна шундай фактлар яшириниб ётибдики, улар, масалан, Самойлович сингари илм-фан вакилларининг ҳақиқий қиёфасини очиб ташлайди. Ғ.Зафарийнинг ёзишича, у Самойлович билан 1930 йили Самарқандга Илмий кенгаш раиси бўлиб келган вақтда танишган. Орадан кўп вақт ўтмай, у Самойловични Шарққа оид катта қимматга молик бўлган китоб ва ҳужжатлар билан таъминлаб турувчи кишилардан бирига айланган. Самойлович 1931 йили Самарқандга Фанлар академиясининг бир гуруҳ олимлари билан бирга келиб, Қадимги Шарқдаги ер-сув масаласига доир қимматбаҳо ҳужжатларни тўплаш билан шуғулланган.

    — Мен ҳам бу ишга жалб этилган эдим, — деб ёзади Ғ.Зафарий. — Ассистентлардан бирининг айтишича, Самойлович бу ҳужжатларни ахтариб ва сотиб олишга бор-йўғи 8 минг сўм сарфлаган экан. Аммо уларни ўрганиб чиққанидан кейин Фанлар академиясига 40 мингга сотган...

    Ғулом Зафарий шундай бир даврда яшаганки, бу даврда Москвадан келган олимлар орасида Ўзбекистоннинг моддий ва маданий бойлигини ташиб кетадиган олимлар билан бирга ўзбек халқи маданиятининг бойлиги ва қадимийлигини бутун дунёга кўрсатиш учун келган олимлар ҳам йўқ эмас эди.

    Аммо бу масалага ўтишдан аввал Ғ.Зафарийнинг 1921 йилда Қори Йўлдош Пўлатов ва Фитратнинг таклифи билан Бухорога бориб, мусиқа мактабида мудир муовини бўлиб ишлагани, 1923 йили Бухоро аркига қизил байроқ ўрнатилгандан кейин Тошкентга қайтиб келганини айтиб ўтиш лозим.

    1925 йилда эса ЎзССР Бош сиёсий онг-билим тарқатув идораси ва Санойи нафиса нозирлигининг буйруғи билан Термизга бориб, мусиқа билим юртида мудир бўлиб ишлагани, 1927 йилдан кейин Тошкентга қайтиб келгач, Қўқон ва Андижон театрларида адабий эмакдош ва режиссёр бўлиб ишлаганини ҳам қайд этиш керак.

    Рус мусиқашунослари ҳайратга тушган

    Ғулом Зафарий қисқа ижодий фаолияти давомида ўзбек халқ шеърияти ва ўзбек мумтоз мусиқаси илмини шундай эгаллаган эдики, натижада улар бир шеърий матнда ўзаро уйғунлашиб, шоир шеърларини ўзгача бадиий оҳанг ва ранг­лар билан бойитган.

    Унинг ижодий ўсиши ва истеъдодининг янги-янги қирралар билан порлаб боришида 1921 йилда Ўзбек билим ҳайъатининг тузилиши, бу ҳайъат қошида адабий мерос масалаларини ўрганувчи илмий-этнографик экспедицияларнинг ташкил этилиши, бу экспедициялар фаолиятида Фитрат, Элбек, Ғ.Зафарий, В.Успенский сингари ўзбек ва рус олимларининг иштирок этиши муҳим роль ўйнади.

    Айниқса, Зафарий раҳбарлигидаги экспедициянинг Фарғона вилоятида олиб борган изланишлари ва қўлга киритган ноёб материал­лар, аввало, унинг ўзбек халқ оғзаки ижоди ва мусиқаси ҳақидаги билимининг беҳад даражада чуқурлашишига имкон берди. У, масалан, ўзбек халқ мусиқаси тарихини жаҳон халқлари мусиқаси тарихи фонида ўрганиб, оламшумул кашфиётлар қилди. Ғ.Зафарий келган хулосаларга қараганда, мусиқа инсонни илоҳиётга яқинлаштирувчи мўъжиза.

    Мусиқанинг йил фасллари, ой ва кун вақтларига қараб ижро этиб келинган, табиатдаги ўзгаришлар инсоннинг руҳий оламига таъсир кўрсатади (масалан, булутли, ёмғирли қиш кунида инсон руҳида аллақандай ҳазин, маъюс кайфият ҳосил бўлади). Бастакорлар бир кеча-кундузни 12 га бўлиб, ҳар бир бўлимни табиатнинг ўзгарувига қараб, бир таъсир остида ҳисоблаб ва шунга тўғрилаб куй ясайдилар. Шарқда улардан баъзи бир хасталикларни даволашда ҳам фойдаланилган.

    Ўзбек мусиқаси тарихи билан шуғулланган машҳур рус мусиқашунослари Ғ.Зафарийнинг бу борадаги билими чуқурлигини кўриб, ҳайратга тушишган. Масалан, В.А.Успенский москвалик мусиқашунос дўсти В.М.Беляевга йўллаган хатида бундай сўзлар бор: “Ўзбек шоири Ғулом Зафарий менга шундай маълумот берди: “Дугоҳ” эрталаб соат 10 гача, “Баёт” ўндан ўн иккигача, “Чоргоҳ” бирдан олтигача, “Сегоҳ” кечқурун, “Шаҳноз” ярим кечада, “Насруллойи” кечаси соат ўн иккидан эрталаб олтигача ижро этиларкан”... Менга кўп маротаба айтишдики, “Наво” касалликни даволашда, одатда, эрталаб ижро этилар экан” .

    Ғ.Зафарийнинг нафақат шеърият ва драматургия, балки ўзбек халқ оғзаки ижоди ва мумтоз мусиқаси бўйича ҳам билими беҳад даражада кўтарилди, шубҳасиз, бунда Чўлпоннинг ҳам роли ғоят каттадир.

    Чўлпон ва Ғулом Зафарий ҳақиқий инсонлар бўлган

    Чўлпон ҳам, Ғ.Зафарий ҳам ўз даврида катта шуҳрат қозонган, нафақат рус олимлари, балки хориждан келган кишилар учун ҳам улар билан мулоқотда бўлиш катта шараф эди. Аммо иложи бўлса, ҳаммадан шубҳаланиш, ҳаммани жосусликда айблаш давлат қатағон машинасини ҳаракатга келтирувчи куч бўлган бир пайтда Фитрат, Чўлпон, Ғ.Зафарий сингари машҳур фан ва маданият арбобларини чет эл жосуси бўлганликда айблаш оддий ҳодиса эди. 1937 йил терговчилар қанчалик уринишмасин, улар, масалан, Чўлпонни уриб-калтаклаб ҳам бундай кўрсатмани ола билмадилар.

    Мана, Чўлпоннинг терговчига берган сўнгги жавоби:

    “Мен Ғулом Зафарий билан жуда яқиндан таниш эканлигимни тан оламан. Пўлатовни, Саид афандини, Бахшуллахоновни ҳам қай даражада билишимни айтдим. Санаб ўтилган шахс­ларнинг айғоқчилик қилганини билмаслигимни тасдиқлайман. На бевосита, на Ғулом Зафарий орқали мен Саид афандидан пул олмаганман, ўзим ҳам айғоқчи бўлмаганман. Мен миллатчи эдим ва шу ҳақда кўргазма бердим”.

    Ҳақиқий инсон ҳатто жаллод қиличи бўғзини қонатиб турганида ҳам дўстини сотмайди. Ҳақиқий инсон “миллатчи”, ҳозирги ўзбек тилига таржима қилсак, “миллатпарвар” бўлади.

    Чўлпон ва Ғулом Зафарий шундай ҳақиқий инсонлар бўлган.

    Наим КАРИМОВ, академик

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates