Дала четидаги хазина

    Ёзёвон туманидаги “Ҳамкор Намуна” фермер хўжалиги саъй-ҳаракати билан зовур бўйидаги бўш майдонда бунёд этилган иссиқхонадаги помидор  ҳосилга кирди.

    Бу ерга 3,5 минг тупдан зиёд помидор кўчати экилди. Экинлар баравж ривожланиши учун плёнка билан ўралди, суғориш учун ариқлар қазилди. Зовур бўйида қурилган мўъжаз иссиқхонадаги ҳосил чўғи бугун кўзни қувонтиради. Пишиб етилган сархил мевалар пешма-пеш хўжалик эҳтиёжи учун териб олинмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, биринчи ҳосилнинг ўзидан 100 миллион сўмдан зиёд қўшимча даромад олиш мумкин.

    — Шу кунга қадар хўжалигимиз эҳтиёжи учун керакли бўлган сабзавот ва полиз экинларини бозордан сотиб олишга мажбур бўлганмиз, — дейди фермер Авазбек Нурматов. — Бу ортиқча оворагарчилик, сарф-харажатлар келиб чиқишига сабаб бўлган. Президентимиз ташаббуси билан дала четидаги қаровсиз ерларни ўзлаштириш борасида бошланган ташаббус соҳада янги имконият эшикларини очди. Хўжалигимизнинг 80 гектар пахта, 45 гектар ғалла майдони бор. Шу кунга қадар мавжуд дала четларидан самарасиз фойдаланиб келганмиз. Ерлар қаровсиз, ўз ҳолига ташлаб қўйилгани боис ўт-ўландан бошқа нарса ўсмаган. Бугун эса манзара, ҳолат бошқача. Шу кунга қадар ўзлаштирилган дала четидаги бир гектарга яқин майдонга эҳтиёжимиз учун керакли бўлган сабзавот ва полиз экинлари экиб, парваришлаш имкониятига эга бўлдик. Ҳозир яна бир гектар ерни ўзлаштириш орқали лимон етиштиришни кенгайтириш йўлида иш олиб боряпмиз. Лимонлар оралиғига сабзавот экинлари экамиз. Бу ниҳолларни баравж ривожланишини таъминлаш билан бирга, қўшимча ҳосил олиш имкониятини беради.

    Президентимизнинг жорий йил 12 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги корхоналари дала четларидаги ер майдонларида маҳсулот етиштириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Ёзёвон туманида ўзига хос тажрибалар оммалашмоқда. Эндиликда нафақат фермер хўжалиги ҳудудидаги дала четлари, шу билан бирга маҳалла фуқаролар йиғинидаги мавжуд имкониятлардан ҳам мақсадли фойдаланишга бўлган эътибор ошди.

    “Порлоқ” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси асосан деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланиб келган. Энди уларнинг ёнига балиқчилик тармоғи ҳам қўшилди. Бу ерда туман ҳокимлиги ташаббуси билан ҳудуддан оқиб ўтувчи зовурнинг 2,5 километри тозаланиб, балиқчиликка мўлжалланган ва ҳар бирининг ҳажми 110 квадрат метрдан бўлган 33 та махсус ҳовузча тайёраланиб кам таъминланган оилаларга бўлиб берилди.

    — Мазкур лойиҳа самарасиз оқиб турган сизот сувлардан мақсадли фойдаланиш орқали қўшимча дармод олиш имкониятини яратмоқда, — дейди маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси Азизбек Ғаниев. — Бундай балиқ хавзаларини тайёрлаш учун ортиқча сарф-харажат талаб этилмайди. 110 квадрат метр ҳовузда балиқ боққан хонадон умумий ҳисобда 26 миллион сўм даромад олади. Маҳсулотни парваришлаш билан боғлиқ харажатлар чиқариб ташланганда соф фойда миқдори 12 миллион сўмдан ортади. Бундан ташқари, сув йўллари тозаланиб, соя-салқин жойларга айлантирилаётгани, қўшимча хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолияти йўлга қўйилаётгани аҳоли бандлиги ва даромад миқдорини кўпайтиришга ёрдам бермоқда.

    Ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиш, деҳқончилик маданиятини ошириш борасида амалий ишлар натижасида тумандаги 232 та фермер хўжалиги далалари четидаги 158 гектар ер ўзлаштирилиб, 384 минг туп тут, узум, терак кўчатлари экилди. Махсус устунлар ўрнатилиб, ошқовоқ, мочалка экинлари парваришланмоқда.

    Ер – энг катта бойлик, унинг ҳар бир қаричидан фойдаланиш муҳим. Фарғона вилоятида қаровсиз қолган дала четидаги ерларни ўзлаштириш, сабзавот ва мевали экинлар экиш орқали қўшимча даромад олиш борасидаги янги имкониятлар туфайли аҳоли дастурхони учун керакли бўлган сабзавот ва полиз экинлари етиштириш ҳажми ошди, сифати яхшиланди.

    Шу кунга қадар вилоят фермер хўжаликлари далалари четидаги 2644 гектар ерни фойдаланишга киритиш орқали 2 миллион 460 минг туп тут, 432 минг туп узум, 4 миллион 469 минг туп терак кўчати ҳамда 651 гектар майдонга ошқовоқ, тарвуз, қовун, 95 гектар майдонга сабзавот экинлари ва 65 гектар майдонга бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экилиб, парваришланмоқда.

    — Фойдаланишга киритилган экин майдонлари ҳисобидан 7 минг 815 тонна полиз, 1 минг 283 тонна сабзавот экинлари ва 157 тонна бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари йиғиб олиш режалаштирилган, — дейди Фарғона вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Баҳодиржон Абдураҳмонов. — Бу жуда катта имконият. Чунки бугунги меҳнат, эртанги даромад манбаи. Пишиб етилган ҳосил, аввало, аҳоли дастурхонига, қолган қисмини бозорга олиб чиқиб сотиш имкониятини беради. Эзгу мақсад йўлида бошланган ташаббус туфайли янги тутзорлар, боғу роғларга асос солинмоқда, асаларичилик, чорвачилик тармоқлари ривожланиб, ҳудудлар обод ва файзли бўлиб бормоқда.

    Сирасини айтганда, деҳқончилик маданиятини ошириш, ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш йўлида амалга оширилаётган ташаббуслар аҳоли форовонлиги ва дастурхонлар тўкинлигига хизмат қилаётгани билан янада аҳамиятли.

    Расулжон КАМОЛОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири