Қайд этилганидек, Давлат дастури «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган ислоҳотларни самарали амалга ошириш, халқимиз фаровонлигига эришиш, «яшил иқтисодиёт» тамойилларига асосланган иқтисодий ўсиш, экологик ҳолатни яхшилаш, сув ва бошқа табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Давлат дастури лойиҳасида мамлакатимизда экологик барқарорликка эришиш, «яшил иқтисодиёт»га ўтиш, тармоқ ва соҳаларнинг уйғун «яшил трансформация»сини амалга ошириш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш ҳамда аҳолининг яшаш сифатини яхшилаш ва иқтисодий ўсишнинг янги, «яшил ривожланиш» моделига ўтиш бўйича кўплаб муҳим вазифаларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Хусусан, экологик вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт экиш ва республикада яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш, 1 984 та яшил боғлар барпо этиш, 112 та йирик саноат корхонаси томонидан ўз ва туташ ҳудудларида уч йил давомида 30 миллион туп кўчатдан иборат «яшил белбоғ»лар барпо этиш кўзда тутилган.
Республикада экологик вазиятни тубдан яхшилаш, инсон ҳаётига таъсир ўтказувчи экологик муаммоларни бартараф этиш юзасидан 14 та ҳудудда экологик тоза ҳудуд режимини жорий этиш белгиланяпти.
«Яшил энергия» технологияларини кенг жорий этиш доирасида насос станцияларининг электр энергияси истеъмолини камайтириш, энергия тежамкор қурилмалар ўрнатиш, насос станцияларини модернизация қилиш, уларнинг йиллик электр энергияси истеъмолини 30 фоизга камайтириш назарда тутиляпти.
Республикада ўрмон билан қопланган майдонларни 6,1 миллион гектарга, Оролбўйи минтақасидаги ўрмонзорларни 2,3 миллион гектарга етказиш ҳамда биологик хилма-хиллик ишончли сақланишини таъминлаш юзасидан 2 млн гектар ҳажмда табиий яйловлар ва пичанзорлар ўсимликларини геоботаник текширишни ҳар йили амалга ошириш белгиланмоқда.
Атмосферага чиқариб ташланаётган ифлослантирувчи моддалар миқдорини 10,5 фоизга камайтириш ҳамда 249 та саноат корхоналарида локал оқова тозалаш иншоотларини қуриш ва реконструксия қилиш режалаштирилган.
Сенаторлар томонидан бугунги кунда бутун дунёда долзарб бўлиб бораётган сув танқислигининг олдини олиш, сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини ва сув ишлатиш самарадорлигини ошириш борасида дастур лойиҳасида белгиланган вазифалар муҳимлиги таъкидланди.
Хусусан, қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сув тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган ерларнинг умумий майдонини 2 миллион гектаргача ҳамда сув тежовчи технологияларни ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарнинг йиллик қувватини 300 минг гектарга етказиш назарда тутилган, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Қизғин муҳокама жараёнида сенаторлар, экспертлар ҳамда мутахассислар томонидан Давлат дастури лойиҳасига бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.