Чинакам даромад манбаига эга бўлиш учун янги технологиялар ва инновацион усуллардан фойдаланиш зарур

    Самарқанд вилояти Агрохизматлар марказида хизмат турларини кенгайтириш мақсадида Хитой, Малайзия, Жанубий Корея, Туркия, Россия давлатлари ҳамда маҳаллий ташкилотлар билан жами 12 та меморандум имзоланиб, ҳамкорликда илмий, амалий, методик хизматлар кўрсатилмоқда.

    Илғор ғоя ва ташаббусларни амалиётга татбиқ этиш тараққиётга эришишнинг муҳим босқичи саналади. Президентимизнинг 2021 йил 3 февралдаги “Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими ҳамда замонавий хизматлар кўрсатишни янада ривожлантириш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш орқали тадбиркорлик субъектларига илмий асосланган ахборот, замонавий хизматларни кўрсатиш, ишлаб чиқаришга илм-фан ютуқлари ва инновацияларни кенг жорий этиш, агрохизматлар кўрсатиш тизимининг узвий интеграцияси таъминланмоқда. Шунингдек, бугунги кунда соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг тегишли буйруғи билан вилоятларда агрохизматлар маркази фаолияти ташкил этилди.

    Иқтисодий ўсиш ҳам, ижтимоий фаровонлик ҳам бевосита инновацияларга боғлиқ. Соҳада янгилик яратиш, ҳосилдорлик ва тупроқ унумдорлигини ошириш муҳим жараён саналади. Бугун юртимиз қишлоқ хўжалиги ривожланган мамлакатга айланиб бормоқда. Бунда аждодларимиз асос солган деҳқончилик маданияти ва бой тажрибасидан унумли фойдаланилаётгани, соҳада илм-фан ва ишлаб чиқаришни ўзаро узвий боғлаб, эркин бозор муносабатларига хос тамойиллар жорий этилаётгани қўл келмоқда.

    Самарқанд вилояти Агрохизматлар марказида хизмат турларини кенгайтириш мақсадида Хитой, Малайзия, Жанубий Корея, Туркия, Россия давлатлари ҳамда маҳаллий ташкилотлар билан жами 12 та меморандум имзоланиб, ҳамкорликда илмий, амалий, методик хизматлар кўрсатиб келинмоқда.

    Самарқанд вилояти агрохизматлар маркази томонидан 2024 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Ҳукуматнинг 19 та Қарор ва Фармонлари тегишли бандларининг ижроси таъминланди.

    Чинакам даромад манбаига эга бўлиш учун эса янги технологиялар ва инновацион усуллардан ўринли фойдаланиш зарур. Ахир, замон ўзгариб, соҳалар жадал тараққий этаётган вақтда ер билан тил топишиш ҳам осон бўлмаяпти-да.

    2024 йилнинг 3 июндан бошлаб Самарқанд вилоятининг 14 та туманида агромаслаҳатчилар ўз иш фаолиятини бошлади. Улар томонидан мунтазам равишда фермер ва деҳқон хўжаликларига қишлоқ хўжалигида янги билим ва инновацияларни жорий қилиш натижасида вилоятда 891,1 минг тонна ғалла, 227,4 минг тонна пахта, қарийб 3,9 миллион тонна сабзавотлар, 765 минг тонна картошка, 189 минг тонна полиз маҳсулотлари, 397 минг тонна мевалар, 679 минг тонна узум, 3,9 минг тонна пилла, 339 минг тонна гўшт ҳамда 1,5 миллион тонна сут тайёрлашга эришилди.

    Қишлоқ хўжалиги учун энг зарур манба сув, албатта. Дунё бўйича 70 фоиз тоза сув мазкур соҳа учун сарфланади, ачинарлиси, унинг 50 фоиздан ортиғи исроф бўлади. Замонавий технологиялар эса бизга нафақат олдимиздаги бу каби муаммоли вазифаларни тез ва самарали бажаришимизга ёрдам беради, балки кўплаб янги имкониятлар эшигини очади. Сувни тежаш ва ундан самарали фойдаланиш мақсадида жорий йилда 47,2 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилинди.

    Шунингдек, жорий йилда биринчи марта пахта майдонларининг 10 фоизига тажриба синов тариқасида хорижий пахта навлари экилди. Тумандаги агромаслаҳатчилар томонидан берилган тавсиялар ҳамда агротехник тадбирларни илм ва инновацион элементларни тўғри ва манзилли жорий қилиш ўзининг ижобий натижаларини кўрсатди. Шу ўринда жорий йилда 79 та фермер хўжаликларида ҳосилдорлик 50 центнердан ошди.

    Қолаверса, Иштихон, Нарпай, Пахтачи, Каттақўрғон, Жомбой ва Булунғур туманларидаги агромаслаҳатчиларнинг тавсия ва маслаҳатлари натижасида бошоқли дон етиштиришда ўртача ҳосилдорлик гектаридан 87-90 центнерни ташкил этиб, вилоятда 252 та фермер ҳосилдорликни 100 центнердан оширди.

    Ҳозирги кунда глобал миқёсда инсон фаолиятининг деярли барча соҳаларида рақамли технологиялардан фойдаланиш тез суръатлар билан ривожланиб бормоқда. Қишлоқ хўжалиги ҳам бундан мустасно эмас. Шу боис мамлакатимизда ҳам сўнгги йилларда тармоқда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш билан бир қаторда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Жорий йилнинг 26 август куни Хитой Халқ Республикаси Шенси провенсияси ва Самарқанд вилояти агрохизматлар маркази билан интеллектуал ишлаб чиқаришни ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, биотиббиёт йўналишларида, инновацион лойиҳаларни тижоратлаштириш, ишлаб чиқарувчи субъектларга етказиш билан боғлиқ хизматларни ташкил этиш мақсадида икки томонлама меморандум имзоланди.

    Соҳада фаолият олиб бораётган мутахассис сифатида Жомбой, Пастдарғом ва Нарпай туманларида енгил конструкцияли материаллардан фойдаланган ҳолда янги кўчма бино ташкил этиш ҳамда фитосанитария, тупроқ, сув таҳлили ҳамда кимёвий таҳлил кўчма лабораториялари билан жиҳозлашни таклиф этмоқчиман. Бундай ёндашув орқали жойларга лаборатория таҳлили асосида хизматлар кўрсатилади. Бунинг натижасида эса ҳудудларининг тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиқиб қишлоқ хўжалиги экинларини навлар бўйича тўғри жойлаштиришга, ўсимликларнинг касаллик ва зараркунандаларга қарши ўз вақтида кураш чораларини кўришга ҳамда юқори сифатли ҳосил олишга эришилади.

    Илм-фан ҳар қайси иқтисодий соҳанинг асосий натижадорлигини белгилайди. Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда соҳадаги ўзгаришлар жадал тус олиб, қишлоқ хўжалиги, унинг маҳсулдорлиги, ер ва сув ресурсларига бўлган муносабатга ёндашув тубдан ўзгарди. Фермер ва деҳқон хўжаликларидан ташқари кластер ва кооперациялар ҳам саҳнага чиқиб, тўлиқ ишлаб чиқариш занжири яратилди. Соҳа вакиллари олдида эса инновацион, ресурстежовчи технологияларни янада кенг жорий этиб, қўшилган қиймат занжирини яхшилашдек муҳим вазифа турибди.

    Алишер НАРБАЕВ,

    Кишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар

    миллий маркази ҳузуридаги

    Самарқанд вилояти Агрохизматлар маркази директори

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates