Давлат бошқарувига янгича назар

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги нутқида илгари сурилган ташаббуслар дунё ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди.

    Айни кунларда ушбу маърузада илгари сурилган ташаббуслар кўплаб таниқли жамоат арбоблари, экспертлар томонидан қизғин муҳокама этилмоқда ва илиқ фикрлар билдириляпти.

    Бу, аввало, илгари сурилган ташаббусларнинг ҳар бири ниҳоятда чуқур таҳлилларга асослангани ва дунё жамоатчилигини ўйлантирган муаммолар хусусида аниқ ечимларни қамраб олганидан далолатдир.

    Жумладан, давлатимиз ­раҳбарининг БМТ шафелигида пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш борасидаги ташаббуси кўпчилик сиёсатшунос ва иқтисодчиларнинг ­алоҳида эътиборини тортди. Хусусан, ҳиндистонлик олима Р.Копаркар ушбу ташаббуснинг кенг қамровлилигига тўхталиб, жаҳон ҳамжамияти бундай ташаббусни кўпдан бери кутаётган эди, деган фикрни билдирди.

    Россия Олий иқтисодиёт мактаби профессори А.Казансев айнан Ўзбекистон лидери давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш масаласини илгари суриш борасида тўла маънавий ҳуқуққа эга раҳбар эканига урғу берди. Бу фикрини мамлакат ҳатто пандемия шароитида ҳам кенг халқ оммаси манфаатларидан келиб чиқиб, муваффақиятли ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ва иқтисодий ўсиш стратегиясини амалга ошира олган кам сонли давлатлар қаторига кириши билан асослайди. Қолаверса, ўнлаб таҳлилий медиа ресурслар айнан ушбу ташаббус борасида тўхталиб, унинг фавқулодда вазиятларда, бир томондан, давлатларнинг ўз халқлари олдида, қолаверса, халқаро ҳамкорлари олдида масъулиятини оширишга қаратилган моҳиятга эгалигига урғу берилади.

    Албатта, мамлакатимиз ­раҳбарининг ташаббуси халқаро жамоатчилик вакиллари, сиёсатшунослар, қолаверса, давлат бошқаруви соҳаси экспертлари томонидан бундай қизиқиш билан қабул қилингани бежиз эмас. Бунинг кўплаб асослари бор. Улардан бири, мазкур ғоя сиёсатшуносларни кўпдан буён ўйлантириб келаётган замонавий давлат бошқарувига доир қарашларга мутлақо ўзгача ёндашув таклиф этилганига бориб тақалади.

    XX аср охири — XXI асрнинг дастлабки ўн йилликлари жаҳонда давлат бошқарувининг оптимал моделини излаш йўналишида жиддий ҳаракатлар даври бўлди. Бу фақат ривожланган Ғарб давлатларида эмас, балки модернизация жараёнларини бошдан кечираётган Осиё давлатларида, дунёнинг бошқа минтақаларида ҳам кузатилди. Айниқса, ривожланиш йўлига кирган давлатларда жамият тараққиётини, фуқароларнинг фаровонлигини таъминлай оладиган сифатли давлат бошқарувини шакллантиришга бўлган кучли эҳтиёж турлича ёндашувларнинг юзага келишига туртки берди.

    Жаҳон банки қарийб чорак аср олдин, XXI аср арафасида ушбу мавзуда ўтказган тадқиқотларидан бирида давлат бошқарувини ислоҳ қилишга бундай интилишлар заминида кучли ёки, аксинча, ўз таъсирини минимал даражага туширган давлат барпо этиш ётмаганини кўрсатиб ўтади. Чунки ҳар иккала ёндашув шу вақтгача турли мамлакатларда амалга оширилган маъмурий ислоҳотларда кутилган натижа бермаган. Шунинг учун ҳам мазкур давлатларнинг бу борадаги барча саъй-ҳаракатлари самарали давлат бунёд қилишга қаратилгани тўғрисидаги муҳим хулосага келади.

    Лекин бундай мақсадга эришиш борасида таклиф этилган йўллар ва воситалар бир-биридан фарқ қилишини ҳам таъкидлаб ўтиш ўринли.

    Кейинги ўттиз-қирқ йилда илгари сурилган ва айримлари турли мамлакатларда тажрибадан ўтган «Давлатнинг минимал иштироки», «Корпоративистик бошқарув», «Янги давлат менежменти», «Мақбул бошқарув», «Виртуал бошқарув», «Тармоқли бошқарув», «Очиқ давлат бошқаруви» каби концепциялар айнан шундан далолат беради.

    Ёндашувларнинг номига бирламчи назар ташлашдаёқ давлат бошқарувига ҳозирги замон технологик ютуқларини кенг жорий этишга интилишни сезиш қийин эмас. Уларнинг айримларига тўхталиб ўтсак. «Давлатнинг минимал иштироки» ёки «Тармоқли бошқарув» ёндашувлари давлатнинг жамиятни бошқаришдаги иштирокини камайтириш йўлидан боришни маъқул кўради. Масалан, «Тармоқли бошқарув» тарафдорлари фикрича, давлат мавжуд бошқарув тизимидаги акторлардан бири бўлиши керак, холос. Бошқача айтганда, давлат бошқарувининг алоҳида, мустақил роли инкор этилади. Натижада давлатнинг халқ олдидаги жавобгарлиги сусайибгина қолмай, айни пайтда мустақил давлатчилигини ривожлантириш йўлидан бораётган мамлакатлар глобаллашув шароитида янада кучсизланишига сабаб бўлади.

    «Очиқ давлат бошқаруви» каби ёндашувлар эса жамият олдида ҳисобдорликка эришишни мақсад қилади. 2011 йили АҚШ, Бразилия, Буюк Британия, Мексика, Филиппин, Норвегия, Индонезия ва ЖАР янги халқаро ташкилот — Очиқ давлатлар ҳамкорлиги уюшмаси тузилганини эълон қилган, ташкилот олдига аъзо давлатларнинг ўз фуқаролари олдидаги ҳисобдорлигини янада оширишга эришиш вазифаси қўйилган эди. Лекин ушбу концепцияда аҳолини ўйлантирган, жамият учун муҳим аҳамиятга эга ижтимоий масалаларни ҳал қилишда давлатнинг ўрни тўғрисидаги масалалар очиқ қолган.

    Кейинги ўн йилликларда, айниқса, машҳур бўлаётган ва кўплаб мамлакатлар бошқарув тизимларига таъсир қилаётган моделлар сифатида «Янги давлат менежменти» (New Public Management ёки қисқача NPM) ва «Мақбул бошқарув» (Good Governance)ни алоҳида тилга олиш мумкин. Биринчи концепция 1990 йилларда илмий доираларга киритила бошлаган бўлсада, унинг асосида турган ёндашувлар ўтган асрнинг 80 йилларидан Ғарб мамлакатларининг аксариятида кузатила бошлаган эди.

    Н.Меннинг ва Н.Парисон Ғарбнинг ўн тўртта давлатида NPM бўйича амалга оширилган ўзгаришларни таҳлил қилган. Мазкур моделга таяниб, ислоҳотларни амалга оширган мамлакатлар давлат харажатларининг камайишига эришиш, давлатнинг ривожланиб бориши учун зарур асосларни яратиш, давлатнинг иш берувчи сифатидаги функциясини самарали уддалаш, аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини яхшилашга эришишни мақсад қилади. Шу мақсадларда давлат бошқарувида тежамкорлик, ҳаракатчанлик ва самарадорликка эришиш бирламчи вазифалар сифатида белгиланади.

    Хусусий секторга хос иш услуби, яъни бозор иқтисодиёти қонуниятларини давлат бошқарувига татбиқ қилиш ғояси илгари сурилгани NPMнинг ўзига хослигини белгилайди. Яъни давлат тасарруфидаги кўплаб ресурсларни хусусий секторга ўтказиш, давлат ваколатларининг ҳам бир қисмини бозор тузилмалари ихтиёрига бериш, номарказлаштириш, давлат аппаратини қисқартириш орқали харажатларни камайтириш ва бозор иқтисодиётида самарадорлигини исботлаган шунга ўхшаш механизмларни давлат бошқарувига ҳам жорий қилиш мақсадлари кўзланади.

    Давлат бошқарувига замонавий, менежериал ёндашув сифатида самарадорлик асосий ўринга қўйилар экан, бунга халақит қиладиган омиллар қаторида давлатнинг фуқаролар олдидаги бир қатор мажбуриятларидан воз кечиш ҳам назарда тутилади. Айнан ижтимоий соҳага оид мажбуриятларни соқит қилиш мазкур моделнинг кўплаб ижобий томонларига қарамасдан, қимматини туширадиган жиҳатларидан биридир. NPMда кўзга ташланадиган бундай камчиликлар унга муқобил сифатида янги ёндашувларнинг юзага келишига сабаб бўлди.

    “Good Governance” тушунчаси илк бор 1992 йили Жаҳон банкининг иқтисодий ривожланиш масалаларига бағишланган йиллик конференциясида илгари сурилган бўлсада, алоҳида бошқарув модели сифатида 1997 йилдан ишлатила бошланган. БМТ айнан ўша йили давлат бошқарувига дахлдор янги ривожланиш дастурини эълон қилди. Унда бошқарувда жамиятнинг имкон қадар кенгроқ қатламлари иштирокини таъминлаш, қарорларни қабул қилишда камбағал ва ижтимоий ҳимояланмаган қатламлар овозини ҳам эшитиш ғояси илгари сурилди. Бундай ёндашув давлат бошқарувига оид икки моделни бир-биридан фарқловчи асосий жиҳатлардан саналади.

    Коронавирус пандемияси оқибатида юзага келган вазият давлат бошқарувининг самарадорлигини тарғиб қилувчи «Янги давлат менежменти» модели учун ҳам, бошқарувда аҳолининг эҳтиёжманд, камбағал қатламлари фикрини инобатга олишни тарғиб қилувчи “Good Governance” модели учун ҳам ўзига хос синов бўлди. Ҳар қандай давлатдаги мавжуд бошқарув тизими фақат иқтисодий ва ижтимоий барқарорлик шароитида эмас, балки мана шундай мураккаб паллаларда ҳам синовдан ўтади. Аҳолининг муайян қисми ўзига боғлиқ бўлмаган тарзда доимий иш жойидан ажралиб қолган, иқтисодий барқарорлик, қолаверса, давлатларнинг ўзаро мажбуриятлари муайян даражада хавф остида турган вазиятда давлат зиммасига аниқ мажбуриятларни олиши лозимлигини бугун даврнинг ўзи кўрсатиб қўйди.

    Шу маънода Ўзбекистон Президенти БМТ шафелигида пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни қабул қилиш ғоясини илгари сургани бугун жаҳонда кенг оммалашган бошқарув моделларидаги бўшлиқларни тўлдирган ва мавжуд вазиятда давлатнинг бошқарувчилик ролига, керак бўлса, масъулиятига мутлақо янгича ёндашув лозимлигини кўрсатиб берган қараш сифатида ўртага чиқди. Бу билан, бир томондан, давлат ҳокимиятини мутлақлаштириш, иккинчи томондан эса, бунинг акси ўлароқ, давлатнинг жамият ҳаётидаги иштирокини минимал даражага туширишга интилишлардан фарқли равишда давлатнинг ўз функциясини самарали бажаришга хизмат қиладиган ёндашув таклиф этилди.

    Пандемия оқибатида юзага келган вазият дунё давлатларида мамлакатимиз раҳбарининг ушбу ғоясига қизиқиш уйғотгани табиий. Негаки, фавқулодда вазиятларда мамлакат аҳолиси ва халқаро ҳамкорлар олдида масъулиятни ҳис қилган ҳар қандай давлат бир қатор мажбуриятларни зиммасига олиши лозимлигини, ўз навбатида, бошқалардан ҳам шуни кута олиши учун махсус халқаро конвенция қабул қилиниши зарурлигини англамасдан бошқа илож йўқ.

    Шу ўринда Ўзбекистонда бошланган чуқур янгиланишларнинг дастлабки кунлариданоқ ўз халқи олдида чуқур масъулият ҳис қиладиган давлат бошқарувини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилганини эслаб ўтиш лозим. «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» деган шиор ҳам, маъмурий ислоҳотлар мақсади ҳам шунга қаратилгани яхши маълум. Беш йўналишда амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегияси давлат ва жамият қурилишини янада такомиллаштириш масаласидан бошланиши бежиз эмас.

    Кейинги ўн йилликларда шаклланган сиёсий менежмент эндиликда давлатнинг фуқаролар ҳамда хорижий ҳамкорлар олдида, айниқса, фавқулодда вазиятларда, ихтиёрий мажбуриятлари бўлиши керак, деган муҳим ғоя билан бойиди. Шу маънода Президентимиз илгари сурган таклиф давлат бошқарувини жаҳон ҳамжамиятининг тараққиёт тенденцияларидан келиб чиққан ҳолда янада ривожлантиришга туртки беришига, ушбу ёндашув дунё давлатлари фаолиятидаги муҳим тамойиллардан бирига айланишига шубҳа йўқ.

    Бахтиёр ЯКУБОВ,

    ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши

    ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates