Давлат дастурига таклиф бердингизми?

    Лойиҳада асосий эътибор ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратиляпти.

    Кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони лойиҳасида стратегиянинг 5 та йўналиши бўйича 2024 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар ва ишлаб чиқилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати белгиланмоқда.

    Ҳужжат лойиҳасида ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-иқтисодий, экология, давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ, хавфсизлик ва ташқи сиёсат йўналишларида 2024 йилга мўлжалланган ислоҳотлар назарда тутилган. Айни кунларда давлат дастури лойиҳаси юртдошларимиз томонидан қизғин ўрганилиб, таклифлар билдириляпти. Лойиҳалар кенг жамоатчилик ва экспертлар томонидан жорий йилнинг 9 февраль кунига қадар муҳокамадан ўтказилади.

    — Ҳужжат лойиҳасида иккита асосий йўналиш белгиланмоқда, — дейди “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков. — Биринчиси, амалий — ҳар бир вазирлик ва идора томонидан йил давомида амалга ошириладиган аниқ манзилли тадбирлар. Иккинчиси, ислоҳотларни ҳуқуқий тартибга солиш йўналиши. Ундан 2024 йилда қабул қилиниши режалаштирилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати жой олган.

    Мазкур ҳужжат лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишдан асосий мақсад уни фуқаролар, халқаро экспертлар, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари таклифларини инобатга олган ҳолда янада такомиллаштиришдан иборат.

    Жамоатчилик муҳокамаси учун шундай қулайлик яратилганки, уйдан чиқмаган ҳолда ўз таклиф ва муносабатимизни билдиришимиз мумкин. Экспертлар, турли соҳа мутахассислари бераётган таклифлар ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Лойиҳа эълон қилинганига ҳали кўп бўлмади, аммо биринчи кунларданоқ юртдошларимизнинг фаоллиги сезилди. Буни давлат дастури лойиҳасига билдираётган таклифлар сони ошиб бораётганида ҳам кўриш мумкин. Бу ҳамюртларимизнинг эртанги кунга, юртимизнинг яна обод ва фаровон бўлишига, мамлакат келажагига ўзларини бевосита дахлдор, деб билаётганидан далолат.

    Таъкидлаш жоизки, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси 5 та асосий йўналиш, 100 мақсадни ўз ичига олади. Ана шу 100 мақсаднинг айнан 44 таси ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратиб беришга қаратилган. Бунда инсон капитали биринчи ўринга қўйиляпти. Шу билан бирга, ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш, илм-фан, таълим, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш каби катта бир йўналишни қамраб олганини кўриш мумкин.

    — Аввало, лойиҳадаги таълим соҳасига оид баъзи бир муҳим жиҳатларга тўхталиб ўтиш жоиз, — дейди “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Жамшид Шарипов. — Лойиҳада Президент ва ихтисослашган мактаблардаги синов ўтказиш тажрибасини мингта мактабга жорий этиш назарда тутилмоқда. Уларнинг амалий машғулотлар даражаси, яъни предметлар бўйича машғулотларнинг 60 фоизини ташкил этиш масаласи белгиланмоқда. Ёки она тили, адабиёт, тарих фанлари бўйича Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг миллий баҳолаш тизимида олинган тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган ўқитувчиларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорда ҳар ойлик қўшимча устама тўланишини белгилаш ҳам кўзда тутилган.

    Яна бир муҳим янгилик — “Менинг мактабим” лойиҳаси жорий қилинмоқда. Бунда ҳар бир мактабга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баробари миқдорида маблағ ажратилиб, 5-11-синф ўқувчилари танловига кўра, электрон доска, компьтер, спорт жиҳозлари, китоблар каби мактаблар учун керакли жиҳозларга сарфланиши белгиланяпти.

    — Давлат дастури лойиҳасининг асосий қисми ёшлар масаласига қаратиляпти, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги бошқарма бошлиғи Шерзод Олимов. — Айни пайтда келаётган таклифларнинг асосий қисми айнан ёшлар томонидан билдирилмоқда. Бу эса уларнинг мамлакатимизда бугунги кунда кечаётган ислоҳотлар ва кузатилаётган ўзгаришларга бефарқ эмаслигини кўрсатмоқда. Лойиҳада 2024 йил 1 мартдан бошлаб ёшларни чет тиллари ва касб-ҳунарга ўқитиш мақсадларига “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағларидан йўналтириш, ёшларни замонавий касбларга ўқитиш бўйича “Устоз” махсус платформасини ишга тушириш ва дастлабки босқичда мазкур платформа орқали 150 минг ёшни қамраб олиш режаси долзарб саналади.

    Яна бир муҳим жиҳат: хотин-қизларни тадбиркорлик, маркетинг, график-дизайн каби замонавий касбларга ўргатиш учун “Қизлар академияси” платформасини ишга тушириш орқали турли танлов, лойиҳалар, ўқув оромгоҳлари, стажировкалар ташкил этиш ҳам ёшлар бандлигини таъминлаш, маълум бир касбга йўналтиришга замин яратиши билан билан аҳамиятли.

    Бу йилги давлат дастури лойиҳасида глобал аҳамиятга эга бўлган экологик вазият берилган. Хусусан, лойиҳага кўра, 2024 йил 1 мартдан бошлаб ҳудудларда чанг бўрони содир бўлаётганда ва ҳаво таркибида майда дисперс заррачалари белгиланган нормадан юқори бўлгани аниқланганда аҳоли, айниқса, юрак, қон-томир ва нафас йўллари касалликларига чалинган фуқароларни зарур профилактик чоралар тўғрисида доимий хабардор қилиш амалиёти йўлга қўйилади.

    Шунингдек, 500 ва ундан ортиқ квадрат метрлик қурилиш майдонида, унга кириб-чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этиш бўйича мажбурий талаблар жорий этилади.

    — Давлат дастури лойиҳасида белгиланган вазифалардан яна бири 2024 йилда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида камида 200 миллион туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ҳамда буталар экиш, 444 та яшил боғлар барпо этиш масаласи ўта долзарблиги билан эътиборимизни тортди, — дейди эксперт Авазбек Холбеков. — Шу билан бирга, кенг жамоатчилик вакиллари ва экофаолларнинг экологияга автомобиллардан чиқинди газлар таъсирини камайтириш мақсадида Тошкент шаҳрида ойнинг бир иш куни давомида автомобиллар ҳаракатланишини қисқартиришга қаратилган “Автомобилсиз кун” жамоатчилик лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиб, давлат дастуридан ўрин олгани ҳам аҳамиятли. Бунда биноси Тошкент шаҳрида жойлашган барча республика ва ҳудудий ижро этувчи органлар раҳбарлари ва ходимлари жамоат транспортида иш жойига келиши орқали аҳолига намуна кўрсатади.

    Бир сўз билан айтганда, давлат дастури лойиҳасига берадиган таклиф ва муносабатлар “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган кенг кўламли мақсад ва вазифаларни жорий йилда самарали амалга ошириш, халқимизнинг кундалик ҳаётида ижобий ўзгаришларга эришиш бўйича тизимли ҳаракатларни изчил давом эттиришга хизмат қилиши, эртанги кунимиз, фарзандларимиз камоли учун муҳим.

    Лутфулла СУВОНОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates