Давлат дастурининг 9 ойлик ижроси юзасидан муқобил ҳисобот эълон қилинди

    Мамлакатимизда 1 ноябр 2022 1485

    «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳузурида Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурида белгиланган мақсадларга эришилганлик даражасини баҳолаб бориш мақсадида ташкил этилган Мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳи жорий йил 31 октябрда навбатдаги жамоатчилик муҳокамасини ўтказди.

    Фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат ушбу жамоатчилик гуруҳи 2022 йилги Давлат дастурининг 9 ойлик ижроси бўйича муқобил ҳисоботни эълон қилди. Ҳисобот вазирлик ва идоралар тақдим этган маълумотлар, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат дастурининг 9 ойлик ижроси юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига берган ҳисоботи, шунингдек, очиқ манбалар ва расмий эълон қилинган маълумотлар асосида таҳлил ўтказилиб, тайёрланди.

    Давлат дастури жами 398 та банддан иборат бўлиб, унда 671 та вазифаларни амалга ошириш бўйича аниқ муддатлар белгиланган. Шундан, 2022 йил 1 октябрь ҳолатига Давлат дастурининг 210 та банди бўйича 342 та вазифалар амалга оширилиши кўзда тутилган. Белгиланган 258 та вазифа ижроси таъминланган бўлиб, шундан 27 та вазифа ижроси муддатидан олдин бажарилган. Амалга оширилган ишлар орқали кўплаб соҳаларда ижобий силжишларга эришилган. Бу даврда Ўзбекистон Республикасининг 7 та Қонуни, Олий Мажлис палаталарининг 4 та қарори, 64 та Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Ҳукуматнинг 40 та қарорлари, 12 та идоравий норматив-ҳуқуқий ва 92 та бошқа тусдаги ҳужжатлар қабул қилинди.

    Экология қўмитаси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги масъул бўлган вазифалар бажарилмаган

    Ижобий ўзгаришлар билан биргаликда, Давлат дастурининг ижроси ўз вақтида таъминланмаган бандлари ҳам мавжуд. Жумладан, Давлат дастурида 2 та банд бўйича вазифалар бажарилмаган:

    - тажриба тариқасида «Янги Ангрен ИЭС» АЖнинг ифлослантирувчи манбаларидан намуна олиш ва таҳлил қилиш бўйича автоматик станция ўрнатилмаган;

    - коронавирус инфекциясига қарши янги авлод маҳаллий вакциналарни клиник олди синовларидан ўтказиш ва оммавий ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган.

    Тўлиқ бажарилмаган вазифалар

    Давлат дастури ижроси бўйича бир қатор вазифалар юзасидан кўзда тутилган қонунчилик ҳужжатлари ишлаб чиқилган бўлсада, бугунги кунда кўриб чиқиш жараёнида бўлганлиги боис, мазкур вазифалар ҳам тўлиқ бажарилмаган.

    Жумладан, ижро муддати келган (ўтган) 58 та банд бўйича 91 та вазифа юзасидан норматив ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари масъул вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган ва кўриб чиқиш ёки қабул қилиш учун тегишли идораларга киритилган бўлиб, қабул қилинмасдан турибди (ижрога қаратилмаган).

    Мазкур норматив ҳужжатлар билан жамият ҳаётига дахлдор долзарб ислоҳотларни амалга ошириш кўзда тутилган.

    36 та вазифа ижроси бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар белгиланган муддатлардан кечикиб, кўриб чиқиш ёки қабул қилиш учун Президент Администрациясига киритилган.

    Давлат дастурида белгиланган 17 та вазифалар бўйича белгиланган вазифалар муддати узайтирилган.

    Хоразм ва Қорақалпоғистонда мониторинг натижалари

    Ўтказилаётган доимий таҳлиллар билан бирга Давлат дастурининг айрим бандларининг ижроси бевосита жойларга чиққан ҳолда жамоатчилик мониторинги доирасида ўрганилди.

    Жорий йил сентябрь ойи охирида Ҳаракат томонидан Давлат дастурининг 211-бандига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида тажриба-синов тариқасида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш вазифаси жойига чиққан ҳолда ўрганилди.

    Ўрганишлар давомида 1 октябрь ҳолатига жорий ўқув йилидан бошлаб Хоразм вилоятида кейтеринг усулида бепул овқат бериш 94% мактабларда йўлга қўйилган бўлса, Қорақалпоғистонда ҳали тендер танловларини ўтказиш давом этаётганлиги боис ушбу амалиёт ҳали бошланмаганлиги маълум бўлди.

    Шу билан бирга, ўтган ўқув йили давомида муддати ўтган маҳсулотлар тарқатилганлиги ҳолатлари аниқланганлиги ва бу ота-оналарнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлганлиги ҳам билдирилди.

    Яна бир муҳим жиҳат бу мактабларда бу борада зарур инфратузилманинг мавжуд эмаслиги билан боғлиқдир. Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти халқ таълими тасарруфида жами 1 275 та умумий ўрта таълим муассасалари мавжуд бўлиб, уларнинг 856 тасида ошхоналар, шундан 472 та ошхона ва 384 та буфет мавжуд. Мавжуд ошхоналарнинг 289 таси таъмирталаб ҳолатда бўлса, 419 та мактабда ошхона ёки буфет мавжуд эмас.

    Самарқанд вилоятида мониторинг натижалари

    17-18 октябрь кунлари Тараққиёт стратегиясининг 60 ва 64-мақсадларига мувофиқ, репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар, болалар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда ҳудудларда бирламчи тиббий хизматни «бир қадам» тамойили асосида ташкил этиш доирасида белгиланган вазифаларнинг Самарқанд вилоятидаги ижроси ўрганилди. Бу борада ҳам қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлиги аниқланди.

    Жумладан:

    - Самарқанд тумани Мотрид маҳалласида оилавий шифокорлик пунктини ташкил этиш учун маҳаллий бюджетдан маблағ ўз вақтида ажратилмаганлиги

    - Паяриқ тумани Репродуктив саломатлик марказида қурилиш таъмирлаш ишлари тендер танлови ўтказилмасдан туман ҳокимлигининг кафолат хати асосида амалга оширилаётганлиги

    - Каттақўрғон тумани Андоқ маҳалласида ташкил этилган оилавий шифокорлик пункти июнь ойида таъмирдан чиқарилган бўлсада, ҳозирга қадар тегишли жиҳозлар ва тиббий анжомлар билан таъминланмаганлиги

    - Самарқанд шаҳри Қорасув массивида янги қурилаётган оилавий поликлиникага олиб борувчи йўлларни қуриш масаласи ҳал этилмаганлиги

    - Каттақўрғон ва Паяриқ туманларининг энг чекка ҳудудларида шифокорларни рағбатлантириш чоралари татбиқ этилмаганлиги

    - Репродуктив саломатлик марказларида кардиомониторлар ва ИВЛ аппаратлари етишмаётганлиги ва бошқа муаммолар кўзга ташланди.

    Ўтказилган мониторинг жараёнида аниқланган ҳолатлар юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли вазирлик ва маҳаллий давлат ҳокимияти идораларига киритилди.

    Ҳудудий дастурлар ижроси. Учта вилоятда сусткашликка йўл қўйилган

    Тараққиёт стратегиясидан келиб чиқиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган бўлиб, уларнинг ижроси бўйича ҳам мониторинг олиб бориляпти. Мазкур ҳудудий дастурлар ижроси бўйича қатор бажарилмаган вазифалар мавжуд.

    Жумладан, Жиззах вилоятида 20 та, Навоийда 13 та, Қашқадарёда 13 та, Наманганда 12 та, Бухорода 11 та, Қорақалпоғистонда 8 та, Сирдарёда 8 та, Тошкент вилоятида 8 та, Андижонда 7 та, Сурхондарёда 7 та, Хоразмда 6 та, Тошкент шаҳрида 4 та, Фарғонада 4, Самарқандда 2 та банд бўйича вазифалар ўз вақтида бажарилмаган.

    Юқоридагилардан кўриш мумкинки, Жиззах, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида ҳудудий дастурлар ижроси сусткашлик билан олиб бориляпти.

    Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ҳудудий дастурлар ижроси нисбатан яхши таъминланяпти.

    Амалга оширилган таҳлиллар ва мониторинг натижалар юзасидан ахборотлар ҳар ой якуни бўйича Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш бўйича республика комиссиясига киритиб бориляпти.

    Айтиш керакки, Президентимиз томонидан эълон қилинган ислоҳотларни ўз вақтида ва сўзсиз амалга оширилишини таъминлашда давлат дастури ижроси юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада жамоатчиликнинг ислоҳотларга бўлган эътиборини жалб этиш, муқобил фикрлар ва қарашларни шакллантириш энг асосийси вазифаларимиздан бири ҳисобланади.

    Тадбир сўнггида Мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳи томонидан Давлат дастури ижроси доимий мониторинг қилиб борилиши ва ислоҳотларни ўз вақтида амалга оширилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш муҳим эканлиги таъкидланди. Шунингдек, бу борада зарур таклиф ва тавсиялар ҳам ишлаб чиқилиши қайд этилди.

    «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates