Давлат суверенитети рамзи бўлган мадҳия матни Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов томонидан ёзилган. Унга Ўзбекистон халқ артисти Мутал Бурхонов мусиқа басталаган.
Қонунчиликка кўра, Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси кўпчилик ҳузурида ижро этилганда, агар қонунчиликда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, ҳозир бўлган кишилар мадҳияни тик туриб ва ўнг қўл кафтини кўкракнинг чап томонига қўйиб, ҳарбий ёки давлатнинг бошқа хизматидаги махсус кийимдаги шахслар эса қўлини бош кийимига қўйиб тинглайди.
Агар Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг ижро этилиши Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг кўтарилиши билан биргаликда амалга оширилса, ҳозир бўлган кишилар унга юзи билан бурилади.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси
Серқуёш, ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,
Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон!
Яшнагай то абад илму фан, ижод,
Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!
Олтин бу водийлар — жон Ўзбекистон,
Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!
Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,
Оламни маҳлиё айлаган диёр!
Бағри кенг ўзбекнинг ўчмас иймони,
Эркин, ёш авлодлар сенга зўр қанот!
Истиқлол машъали, тинчлик посбони,
Ҳақсевар, она юрт, мангу бўл обод!
Олтин бу водийлар — жон Ўзбекистон,
Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!
Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,
Оламни маҳлиё айлаган диёр!