Давлат тилини ўқитишда Финляндия тажрибаси

    Кейинги йилларда она тилимизни асраб авайлаш, давлат тили сифатидаги мақомини кўтариш, жаҳон миқёсида ўрганилишини рағбатлантириш ва тарғиботини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Президентимизнинг ўтган йили 6 ноябрдаги таълим тизимини ислоҳ қилишга доир фармон ва қарорларида Финляндия тажрибасини ўрганиш масаласи тегишли идоралар, жумладан, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси олдига вазифа сифатида қўйилган эди. Шунга кўра мазкур давлат тажрибаси ўрганилмоқда.

    Бу саъй-ҳаракатлар зиммамимизга мамлакатимиздаги таълим муассасаларида ўзбек тилини ўқитиш самарадорлигини ошириш масъулиятини юкламоқда. Бу борада ҳам илғор хорижий давлатлар, хусусан, Финляндия тажрибаси ўрганиляпти.

    Айни пайтда мазкур мамлакатдаги 2341 та мактабда 560 минг нафар ўқувчи таҳсил оляпти. Финляндия мактаблари ўқув режасига кўра, тўққиз йиллик ҳафталик умумий юклама 233 соат. Бу кўрсаткич Ўзбекистонда 246 соатни ташкил этади. Финлар шундан 42 соатини она тили ва адабиёт фанига ажратади. Мамлакатимизда она тили ва адабиёт фанининг улуши 2018 йилда 61 соатни ташкил этган, 2021 йилда эса 51 соатга тушган.

    Аммо ўзбек тили (давлат тили)нинг улуши 2018 йилдаги 16 соатдан бу йил 21 соатга кўтарилган. Бу мамлакатимизда таълим ўзбек тилидан бошқа тилда олиб борилаётган мактабларда давлат тилини ўқитишга эътибор кучайтирилганидан далолат беради.

    Худди шундай кўрсаткичлар, яъни она тили ва адабиёти фанининг бошқа барча фанларга нисбатан улуши Германияда 13,4 фоиз, Жанубий Кореяда 17,8 фоиз, Японияда 19,1 фоиз, Россияда 17,5 фоиз, Беларусда 13,4 фоизни ташкил этиши кузатилди.

    Финляндия мактабларида она тили сифатида фин, швед, сами, циган тили ўқитилади. Мамлакатда иккита давлат тили мавжуд. Она тили фин тили бўлганлар швед тилини, она тили швед тили бўлганлар фин тилини давлат тили сифатида ўрганади. Она тили сами ёки циган, рус тили бўлганлар ҳам фин ёки швед тилини ўрганишади.

    Мамлакатимизда умумий ўрта таълимнинг янгидан ишлаб чиқилаётган Миллий ўқув дастурида “Тил ва адабиёт фанлари она тили, адабиёт, ўзбек тили (таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар учун), қардош тиллар (қозоқ, қирғиз, тожик, туркман), рус тили (таълим рус ва ўзбек тилида олиб бориладиган мактаблар учун) ўқув предметларини қамраб олади ҳамда уларнинг ўзаро алоқадорлигини таъминлайди”, деб қайд этилган.

    Бугунги кунда умумий ўрта таълим мактабларида таълим етти тилда олиб борилади. Жумладан, 2 минг 69 та мактабда таълим рус, қорақалпоқ, қозоқ, тожик, туркман, қирғиз тилларида олиб борилади ва ҳар бир миллат вакиллари учун миллатлараро бағрикенглик тамойили асосида зарур шароитлар яратилган. Ўқув жараёни ўқувчиларнинг ўз она тилида ташкил этилган ва ушбу мактабларнинг ҳар бирида барча фанлардан дарслик ва ўқув методик адабиётлар мавжуд.

    Фин таълим тизимида ўқувчиларнинг тил ўрганиш қобилиятини ривожлантириш болаликдан бошланади ва ҳаёт мобайнида давом этади. Бу жараён уйда, мактабда ва мактабдан ташқари вақтларда ривожлантирилади. Мактабда тил ўқитишнинг асосий принципи турли вазиятларда тилдан фойдаланишга ўргатиш ҳисобланади.

    Биринчи-иккинчи синфларда она тили ва адабиётни ўқитишда ўқувчиларнинг индивидуал қобилиятини ҳисобга олган ҳолда онгли ёндашиш, ўзини намоён қилиш ва мулоқот лаёқатини, шунингдек, тинглаш, гапириш, ўқиш ва ёзиш қобилиятини ривожлантириш алоҳида вазифа ҳисобланади.

    Учинчи–олтинчи синфларда фаннинг ўзига хос мақсади ўқувчиларни ўзини намоён қилиш, ўзаро таъсир ўтказиш, ўқиш ва ёзиш қобилиятини оширишга қаратилади. Бундан ташқари, ушбу босқичда матн жанрлари доираси кенгаяди. Ўқувчиларга кўпроқ турли матнларни талқин ва таҳлил қилиш, тузиш ва баҳолаш кўникмалари ўргатилади. Болалар танлаган қизиқарли китоблар ва бошқа мультимедиали матнлар ўқув жараёнида қўлланади. Ўқувчилар ўқиш орқали дунёқарашини кенгайтиради. Мактабдан ташқари маданий ва мультимедиа хилма-хиллиги орқали она тили ва адабиётини ўрганиш имкониятидан кенг фойдаланилади.

    Ўзбекистонда эса ўқувчига тилни ўқитиш орқали у бўйича эгалланадиган нутқий фаолият турлари: тинглаб тушуниш, гапириш, ўқиш ва ёзиш амалларини ҳар бир синфда ўргатиш, мустақил фикр алмаша олиш, эшитилган матнни идрок этиш, ёзма манбаларни ўқиш орқали ахборот олиш, воқеа-ҳодисаларга ўз муносабатини билдириш малакасини эгаллаш динамикаси назарда тутилади.

    Aдабиёт — сўз санъати. Шу сабабли она тилини пухта ўзлаштирмасдан туриб, адабиётнинг гўзаллиги ва қудратини англаб бўлмайди. Она тили ва адабиёт фани дарслари мазмуни ўқувчида сўзга қизиқиш ва эътибор ҳиссини мунтазам ўстириб боришдан, уларга сўзнинг аҳамияти, турли матнларда тутган ўрнини тушунтиришдан иборат.

    Ўзбекистон Миллий ўқув дастурида мaктaб битирувчилaридa тил вa aдaбиёт фaнлaри бўйичa ривожлaнтирилaдигaн умумий компетенциялар белгиланмоқда. Уларни нутқий (оғзаки ва ёзма нутқ малакаси, ўқиш ва тушуниш, тинглаб тушуниш) ҳамда лингвистик компетенциялaр (лингвистик малака: фонетика, имло, лексикология, морфология, синтаксис) орқали шакллантириш кўзда тутилган.

    Финляндия мактабларида ўқувчиларнинг тил кўникмалари ва миллий маданияти ҳисобга олинади. Мактаб бошқа она тилида сўзлашадиган ва бошқа маданиятга мансуб бўлган ўқувчилар учун ўрганиш ҳамда мулоқот қилиш имкониятини яратиши керак. Ўқитувчилар ўз фани бўйича фин ва швед тилида дарс бера олиши лозим. Барча кўрсатмалар умумий ўрта таълим учун ўқув дастурида белгиланган муддао ва тамойилларга мувофиқ бўлиши кўзда тутилади. Мақсад ўқувчиларни турли тил ва маданиятларни қадрлашга ўргатиш, икки ва кўп тиллиликни тарғиб қилиш ва шу орқали ўқувчиларнинг лингвистик билимлари ва металингвистик кўникмаларини мустаҳкамлашдан иборат.

    Яна бир ҳолат борки, муайян синф ёки мактабда таълим қайси тилда олиб борилиши таълим тўғрисидаги қонун доирасида, таълим олувчилар ва уларнинг ота-оналари қарорлари асосида белгиланади Бироқ зарурат бўлса, она тили ва адабиёт бўйича дарслар ҳукумат қарорига мувофиқ бирлаштирилиши мумкин. Бундай ҳолда ўқитувчилар умумий ўқитиладиган барча фанларнинг камида ярмини она тили сифатида белгиланган тилда ўтиши керак. Бу жараёнда оила ва мактаб ўртасидаги ўзаро келишувга амал қилинади.

    Инглиз, немис, француз ва бошқа тилларни чет тили сифатида ўрганиш ўқувчиларда кўп тиллилик, саводхонлик компетенцияларини шакллантиради. Мутахассисларнинг фикрича, фин тилини жуда кам давлатларда тушунишади. Шунинг учун финлар дунё аҳолиси мулоқот қиладиган асосий чет тилларни юқори даражада ўрганишни мақсад қилган. Қолаверса, турли тилларда сўзлашиш қобилияти фанлараро интеграцияни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

    Абдураҳим НОСИРОВ,

    Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси

    бошлиғи маслаҳатчиси, филология фанлари доктори

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates