Давлат хизматида гендер тенглик қандай таъминланади?

    Президентимизнинг Республика жамоат хотин-қизлар кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббуси жамиятда аёллар ролини оширишга қаратилган ислоҳотларнинг мантиқий давомидир. Айни пайтда мамлакатимиз аҳолисининг 50 фоизга яқини аёллар экани инобатга олинса, мазкур кенгашнинг ташкил этилиши жамиятдаги барча ислоҳотларда хотин-қизларнинг фаол иштирок этиши учун замин яратади.

    Бу эса ўз-ўзидан уларнинг давлат хизматидаги имкониятлари тўлиқ рўёбга чиқишига ҳам кенг йўл очади. Шу ўринда сўнгги йилларда мамлакатимизда аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий шароитларини яхшилаш, касб-ҳунарга ўқитишни ташкил этиш ва бандлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

    Хусусан, маҳаллаларда “Аёллар дафтарлари” юритилиб, рўйхатдаги аёлларни ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масалаларига манзилли ёндашилмоқда.

    Айниқса, ҳукуматнинг 2020 йил 23 июндаги "Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори кўплаб иқтидорли қизларга олийгоҳга имтиёз бергани билан аҳамиятли бўлди. Қарорга кўра, Республика олий таълим муассасаларига умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан хотин-қизлар учун қўшимча давлат гранти асосида қабул кўрсаткичлари ажратилди.

    2016 йилда олий ўқув юртларига кирган 61 минг фуқародан 23 минг нафари (37фоиз) аёллар бўлса, 2019 йилда олий таълим муассасаларига қабул қилинган аёллар сони 41фоизга етди.

    Парламентда аёлларнинг вакиллигини ошириш учун Қонунчилик палатасига аёл номзодларга 30 фоиз квота кўзда тутилган. Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 25 январдаги маълумотларига кўра, Олий Мажлиснинг ҳар иккала палатаси аъзоларининг қарийб 29 фоизини аёллар ташкил этади. Парламентнинг қуйи палатаси депутатлари орасида 48 нафар аёл бўлса (33 фоиз), Сенатда уларнинг сони 23 та ёки 23,7 фоиз. Бироқ шунга қарамай, давлат фуқаролик хизматида уларнинг сони озлигича қолмоқда.

    Давлат статистика қўмитасининг 2019 йилги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда бошқарув кадрларидаги аёлларнинг умумий улуши 26,6 фоизни ташкил этиб, энг юқори кўрсаткич Қорақалпоғистон Республикасида (33,8 фоиз), энг паст кўрсаткич эса Жиззах вилоятида (17 фоиз) қайд этилган.

    Айни пайтда мамлакатимиз давлат фуқаролик хизмати тизимида фаолият юритаётган 95 мингдан ортиқ давлат хизматчиларининг 21 фоизи аёллар ҳиссасига тўғри келяпти. Уларнинг 10 фоизи раҳбарлик лавозимларида ишлаб келяпти. Олий Мажлис Сенати Раиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари, вазир, 4 нафар вазир ўринбосари ва 5 нафар ҳокимлар энг юқори лавозимларни эгаллаб турибди.

    Ўзбекистон аёлларининг мартаба кўтарилишига нималар тўсиқлик қилади?

    Ўзбек аёллари асосан уй-рўзғор ишларини юритиши, жамиятдаги роли пастлиги боис ишга жойлашишда муайян қийинчиликларга дуч келадилар. Давлат хизматида гендер тенглигини таъминлаш муаммоларини ўрганиш мақсадида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан онлайн сўров ўтказилди. 808 респондент қатнашган мазкур сўров иштирокчиларининг 74,5 фоизи аёллар, 25,5 фоизи эркаклар бўлиб, уларнинг 84,7 фоизи давлат секторида, 15,3 фоизи эса хусусий секторда фаолият олиб борган.

    Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг кўпчилиги (52,4фоиз) аёллар давлат хизматига кирмаслигига оилавий аҳволни сабаб қилган (фарзанд тарбияси, турмуш ўртоғи томонидан қўйилган тақиқ ва ҳ.к.). Учдан бир қисмидан кўпроғи (34,3фоиз) иш вақтидан қониқиш ҳосил қилмаслигини, 32,7 фоизи лавозимини кўтаришда гендер камситишга дуч келганини таъкидлади. Шу билан бирга ҳаддан ташқари иш юкламаси ва кам иш ҳақи сабаб қилиб кўрсатилган вариантлар мос равишда 22,4 ва 19,9 фоизни ташкил этди.

    Шунингдек, респондентларнинг қарийб ярми (49,9фоиз) Давлат хизматида гендер тенглигини таъминлаш муаммолари орасида касблар ва лавозимларни “эркак” (техник касблар, раҳбарлик лавозимлари ва бошқалар) ва “аёллар” (ўқитувчилар, шифокорлар, котиблар, ёрдамчилар ва бошқалар) ишлаши мақсадга мувофиқ, деб ҳисобланадиган лавозимларга ажратдилар. Шу билан бирга, уларнинг 41,5 фоизи “жамиятнинг менталитети”, 25 фоизи эса “диний эътиқодлар” (нотаниш эркаклар орасида аёллар бўлишини) сабабини кўрсатган.

    Халқаро таҳлил

    2020 йилги Аёллар кучи индекси (Women’s Power Index)га кўра, бугунги кунда БМТга аъзо 193 та мамлакатдан 21 тасида давлат (ҳукумат)ни аёллар бошқармоқда.

    Ушбу рейтинг шунингдек, Ўзбекистондаги хотин-қизлар эгаллаб турган вазирлар лавозимлари даражасини кўрсатади. 2020 йил 1 январь ҳолатига бу кўрсаткич 8 фоизни ташкил этди. (158-ўрин). Қўшни Афғонистонда эса бу 1 фоизни (151-ўрин), Қозоғистонда 5 фоизни (174-ўрин) ташкил қилади.

    Мутахассисларнинг таъкидлашича, 193 та дунё мамлакатларининг 14 тасида (асосан Европа мамлакатларида) ҳукумат таркибида аёллар улуши камида 50 фоиздан иборат.

    Индекс шунингдек Ўзбекистон парламентидаги аёлларнинг вакиллик даражаси тўғрисидаги маълумотларни акс эттиради – 29фоиз (61-ўрин). Худди шу кўрсаткич Қозоғистонда – 21фоиз (103-ўрин). Шу билан бирга, БАА, Боливия, Куба, Руанда каби мамлакатларда аёллар парламент аъзоларининг камида 50 фоизини ташкил қилади.

    Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, қарор қабул қилишда аёлларнинг “зарур массаси” 30 фоизни ташкил этиши керак. Бу даражадаги аёллар вакили 1995 йилги Пекин Ҳаракатлар Платформаси томонидан ҳам ўрнатилган.

    Мамлакатнинг ижтимоий ва сиёсий фаолиятига аёлларни жалб қилиш даражасини парламентнинг қуйи ва юқори палаталарига ўтган сайловларда рўйхатдан ўтган аёл номзодлар сони орқали ҳам баҳолаш мумкин. Юртимизда бу кўрсаткич – 41 фоиз (14-ўрин), қўшни Қозоғистонда – 20 фоиз (71-ўрин).

    Хотин-қизларни давлат хизматига жалб қилиш бўйича хориж тажрибаси қандай?

    Статистик маълумотларга кўра, айрим мамлакатларда давлат хизматчиларининг катта қисми аёллар. Жумладан, Германияда 2019 йилда бу кўрсаткич 59 фоиз, БААда 52 фоиз, Жанубий Кореяда 43фоиз, Францияда 40 фоиз ва Сингапурда 35 фоизни ташкил этди.

    Финляндиянинг гендер тенглиги тўғрисидаги қонуни билан ҳукумат қўмиталарида, маслаҳат кенгашларида ва бошқа идораларда 40/60 жинс нисбати билан гендер квотаси жорий қилинган.

    Канада бош вазири Жастин Трюдо сайловолди кампаниясида ҳукуматда эркаклар ва аёлларнинг тенг ваколатларини тақдим этиш ваъдасини амалга ошириб, вазирлар гуруҳини тайинлади, улар таркибига 18 нафардан аёл ва эркаклар киритилди. Мамлакатда халқаро савдо, давлат хизматлари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби соҳаларга масъул бўлган вазирлар лавозимларини аёллар эгаллади.

    Гендер квоталари ва меритократия

    Бугунги кунда БМТга аъзо бўлган давлатлардан 120 тадан ортиғида гендер квотаси мавжуд. Хусусан, Марказий Осиёда Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодларнинг умумий сонидан аёллар учун 30 фоизли квоталар қонунийлаштирилган.

    Қонуний квоталарнинг жорий этилиши аёллар ваколатхонасининг тез суръатларда ўсишига ёрдам бермоқда, уларга хотин-қизлар фаоллигини ошириш учун қисқа муддатли чора-тадбирлар сифатида қаралиши керак, чунки квоталар аслида илгари сурилган мақсад, яъни амалдаги тенгликни кафолатламайди.

    Муаммони ҳал қилишда яхлит тизимли ёндашувда давлат органлари ва ташкилотларида аёллар вакиллиги ўрганилиб, хотин-қизларнинг самарали ишлашини таъминлаш учун бир қатор бошқа чоралар ҳам кўрилиши керак. Жумладан, аёлларни нафақат қарама-қарши жинс вакиллари деб ҳисоблаш, балки уларни ижтимоий жараёнларда фаол иштирок этадиган мутахассис ва етакчи сифатида қадрлаш муҳимдир.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат давлат хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5843-сонли Фармони меритократия тамойили асосида давлат хизматига энг муносиб ва қобилиятли шахсларни қабул қилишни назарда тутади.

    Давлат хизматига иқтидорли ёшлар ва аёлларни кенг жалб қилиш учун Агентликка 2030 йилгача давлат хизматини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган. Стратегиянинг устувор йўналишларидан бири мамлакатда аёлларнинг интеллектуал, ижодий ва ижтимоий салоҳиятини ошкор қилиш ва амалга ошириш учун зарур бўлган шароитларни яратиш бўлиб, бу кўплаб юқори малакали аёлларни давлат идораларига раҳбарликка жалб қилиш имконини беради.

    Стратегия лойиҳасида БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос келадиган гендер тенглигини таъминлаш бўйича алоҳида бўлим мавжуд. Унда аёлларни давлат хизматида ўқитиш ва малакасини ошириш, бошқарув лавозимларида уларнинг улушини ошириш кўзда тутилган.

    Зеро, юқори малакали, ташаббускор ва истеъдодли аёлларнинг мамлакатимиз сиёсий ҳаётида, давлат ва жамият бошқарувидаги фаол иштироки амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда уларнинг ўрни беқиёс эканлигини яна бир бор кўрсатади.

    Наргиза Мухторова

    Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги етакчи инспектори

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates