“DAVR BANK” АТБга нисбатан жарима қўлланилди

    Рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида, “DAVR BANK” АТБ томонидан эълон қилинган ташқи рекламаларда “Davr mobile иловасида 50 000 000 сўмгача онлайн микрокредит” мазмунидаги реклама ахбороти берилганлиги кузатилди.

    Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

    Мазкур реклама бўйича банкнинг расмий веб-сайти ўрганилганда, микроқарз исталган мақсадларда фойдаланиш учун ажратилиши, “Davr mobile” иловаси орқали расмийлаштирилиши, қарз олувчи камида охирги 6 ой давомида доимий иш жойига ҳамда ойлик даромадга эга бўлган бўлиши лозимлиги кўрсатилган. Шунингдек, микроқарз муддати – 60 ойгача, фоиз ставкаси – 43,00 фоиз, қарз миқдори – 50,0 млн сўм этиб белгиланганлиги аниқланган.

    Микро қарз бўйича қўшимча шартлар ва муҳим маълумотлар ташқи рекламада кўрсатилмаган.

    Шунингдек, Тошкент шаҳрининг бир қатор кўчаларида жойлашган LED мониторли реклама объектларида “Тадбиркорлар учун 5 миллиард сўмгача кредит, 24 % дан“ мазмунидаги рекламалар жойлаштирилган.

    Мазкур реклама бўйича банкнинг расмий веб-сайти ўрганилганда, кредит:

    — асосий воситаларни сотиб олиш учун;

    — муддати – 60 ойгача;

    — фоиз ставкаси – 32,99 фоиз;

    — миқдори – 5 миллиард сўмлиги ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган.

    Кредит бўйича қўшимча шартлар ва муҳим маълумотлар ташқи рекламада кўрсатилмаган.

    Юқоридагиларга кўра, Қўмита Махсус комиссияси томонидан “Реклама тўғрисида”ги ҳамда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлар талаблари бузилиш аломатлари юзасидан “DAVR BANK” АТБга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди. Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди.