Рақобат қўмитаси: Сирдарёдаги кластер корхона томонидан манипуляция ҳаракатлари содир этилган

    Рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган текширувларда “WHITE GOLD KLASTER” МЧЖ томонидан 2023-йил ҳосилдан олинган 5 тонна пахта толасини ҳамда минг тоннадан ортиқ техник чигит маҳсулотларини биржа савдоларига қўймасдан тўғридан-тўғри сотилганлиги аниқланди.

    Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

    Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сонли қарори билан тасдиқланган “Биржа савдоларида юқори ликвидли ва (ёки) монополь турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, Қўмитанинг Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси юқори ликвидли ва (ёки) монополь турдаги маҳсулотларнинг белгиланган графиклар асосида биржа савдоларига қўйиб борилиши юзасидан доимий равишда ўрганиш ва таҳлил ишлари ўтказилиб келинмоқда.

    Олиб борилган ўрганиш натижаларига кўра, “WHITE GOLD KLASTER” МЧЖ томонидан 2023-йил ҳосилдан олинган 90 млрд сўмдан ортиқ 5 153,35 тонна пахта толасини ҳамда 3 млрд сўмдан ортиқ 1 114,24 тонна техник чигитини маҳсулотларни биржа савдоларига қўймасдан тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотилганлик ҳолатлари аниқланди.

    Юқоридаги аниқланган ҳолатларга мувофиқ, Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармасининг Махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бузилиши аломатлари билан кластер корхонага (“WHITE GOLD KLASTER”МЧЖ) нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда тегишли таъсир чораси қўлланилди.

    Шу билан биргаликда, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.