Давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этишда олдиндан розилик олмаган ташкилотларга чора кўрилди

    Рақобат қўмитаси томонидан 2024 йилнинг III-чораги давомида иқтисодиётда давлатнинг иштирокини қисқартириш бўйича давлат иштирокидаги корхоналар ва уларнинг аффилланган шахсларини ташкил этишда монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олинганлиги масалалари юзасидан мониторинг ишлари олиб борилди.

    Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

    Олиб борилган ўрганиш ишлари давомида, 7 та ҳолатда давлат иштирокидаги корхоналар ва уларнинг аффилланган шахсларини ташкил этган

    — Андижон давлат тиббиёт институти

    — Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти

    — Наманган муҳандислик-технологиялари институти

    — Сирдарё вилояти Мирзаобод туман ҳокимлиги

    — Хоразм вилояти Ҳазорасп тумани ҳокимлиги

    — Фарғона вилояти Данғара туман спорт мактабларига нисбатан

    “Рақобат тўғрисида”ги Қонун, ПФ-6019-сон Фармон ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 346-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бузилиши аломатлари юзасидан юқоридаги субъектларга нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси бўйича тегишли чоралар кўриш юзасидан белгиланган тартибда кўрсатмалар берилди.

    Жумладан, 4 та давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш бўйича қабул қилинган қарорни бозорда рақобат муҳитига таъсир кўрсатмаганлиги сабабли ўз кучида қолдириш тўғрисида қарор қабул қилиниб, келгусида қонунбузилиш ҳолатига йўл қўймаслик тўғрисида кўрсатма берилди ҳамда розилик олинмасдан ташкил этилган 3 та давлат иштирокидаги корхонани қонунчиликда белгиланган тартибда тугатиш бўйича чоралар кўрилди.