Рақобат қўмитаси: 500 дан ортиқ умумий овқатланиш субъектларида камчиликлар аниқланди

    Рақобат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси билан ҳамкорликда республикада фаолият юритаётган 700 га яқин овқатланиш корхоналарида танланма асосида ўрганиш ишлари олиб борилди.

    Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

    Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига жорий йилнинг ўтган даври мобайнида истеъмолчилардан умумий овқатланиш корхоналарида (ресторан кафе, ошхона ва буфет) кўрсатилаётган хизматларда санитария-гигиена талаблари бузилаётганлиги, нархларни ошириб қўллаш ҳамда таомномаларнинг давлат тилида тақдим этилмаётганлиги юзасидан 250 га яқин мурожаатлар келиб тушган.

    Олиб борилган ўрганишларда, умумий овқатланиш субъектлари томонидан истеъмолчиларга хизмат кўрсатишда овқат тайёр бўлиш вақти, нархи ва тўлаш шартлари ҳақида тўғри тушунарли маълумот тақдим этмаслик, таомномаларда тайёр овқатларнинг ҳажмлари кўрсатилмаганлиги, йўл бўйида санитар қоидаларига номувофиқ жойларда овқат тайёрлаш, тайёр овқатни етказиб бериш, ташиш ва сақлашдаги муаммолар шулар жумласидандир.

    Шунингдек, ўрганиш ишларида қамраб олинган 700 га яқин умумий овқатланиш корхоналарининг:

    524 тасида — (75%) таомнома давлат тилида эмас;

    480 тасида — (69 %) иш режими кўрсатилмаган;

    449 тасида — (65 %) нархномалар мавжуд эмас;

    429 тасида — (62%) автотураргоҳлар мавжуд эмас;

    519 тасида — (74,6 %) фавқулодда вазиятлари учун чиқиш йўлаклари мавжуд эмаслиги аниқланган.

    Рақобат қўмитаси томонидан юқоридаги аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан ваколатли органларга (Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ва Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси) тегишли тартибда маълумотлар киритилди.