Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 2 миллион 260 минг АҚШ долларига тенг бўлиб, тайёрланаётган қурилмалар замонавий шаҳарсозлик талабларига мос ҳисобланади.
Корхона фаолиятини кўчма мобил био-ҳожатхоналар ишлаб чиқариш билан бошлаган бўлиб, мамлакатимизда пандемия туфайли карантин эълон қилингач, аҳоли ва автомобилларни дезинфекция қилувчи мосламаларни тайёрлашни ҳам йўлга қўйди.
— Инфекция тарқалишининг олдини олиш мақсадида ташкилотлар, шифохоналар ва супермаркетлар бинолари, бозорлар ҳамда бошқа жамоат жойларига кираётган фуқароларни дезинфекциядан ўтказиш учун махсус мослама тайёрлашга киришдик, – дейди корхона раҳбари Аслиддин Тўқсонов. – Дастлаб бундай мосламаларни буюртмага кўра, вилоятдаги корхона ва ташкилотларнинг кириш қисмига ўрнатишни бошладик. Кейинчалик автомобилларни дезинфекция қилувчи "Портал-АВТ" ускуналарини ҳам ишлаб чиқаришга киришдик. Ҳозир бир кунда 10 -100 тагача ана шундай қурилмалар тайёрланиб, ҳудудларга олиб бориб, ўрнатиб бериляпти.
Таъкидлаш лозимки, бундай дезинфекция ускуналари чегара постларида енгил ва юк ташувчи транспортларга қисқа вақт ичида кимёвий ишлоб беради. Шунингдек, ушбу мосламаларни бир ҳудуддан иккинчисига кўчириш ҳам қулай ҳисобланади.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, корхона ускуналарига бўлган талаб катта. Қурилмаларга буюртмалар асосан республикамиз барча ҳудудларидан тушмоқда.