Ёз фасли ўқувчию талабалар учун дам олиш, таътил вақтидир. Ёзнинг икки ойи ортда қолди. Лекин, айтиш керакки, шу икки ой ёшларимиз учун имконият даври бўлди. Уларга бу имкониятни Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган “Долзарб 90 кун” лойиҳаси тақдим этди. Негаки, ушбу хайрли ташаббус ортидан ёшларимизга нафақат дам олиш, балки бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар яратиб берилди.
Лойиҳа доирасида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни соғломлаштириш ва ҳар томонлама ривожлантириш бўйича кенг кўламли мақсадли ишлар қилинмоқда. Спорт мусобақалари, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи марафонлар, маданий-маърифий тадбирлар, театр ва кино кечалари, китобхонлик акциялари ёшларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этиш, уларни ижтимоий фаолликка ундашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Шаҳрисабз давлат педагогика институтида ҳам ушбу лойиҳа доирасида ёшларнинг ҳар томонлама камол топишига хизмат қилувчи кўплаб ташаббускор ғоялар амалга ошириляпти. Институтда таълим олаётган талабалар билан бир қаторда, уюшмаган ёшларни ҳам қамраб олиш мақсадида турли йўналишлардаги тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди. Ҳунармандлик, амалий санъат, мусиқа, спорт, хорижий тилларни ўқитиш курслари ҳамда ахборот технологияларига оид тўгараклар мунтазам фаолият юритмоқда. Улар ёшларга нафақат янги кўникма ва билим бериш, балки касб-ҳунар ўрганиш, мустақил фаолият юритиш қобилиятини шакллантиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Тўгараклар фақат институт талабалари эмас, балки институт атрофидаги маҳалла ёшлари учун ҳам фойдали бўлаётгани эътиборга молиқдир. Айниқса, талаба ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, ижтимоий фаоллигини ошириш ва келажак касбига йўналтириш борасида ташаббуслар муҳим аҳамият касб этмоқда. Маҳалла ёшларининг санъат, спорт, IТ соҳага қизиқишини ошириш, интеллектуал салоҳиятини янада юксалтириш мақсадида машғулотларга институтнинг тажрибали устоз мураббийлари жалб этилган. Шу билан бирга, бу фаолият орқали ёшлар ўртасида ижтимоий масъулият ҳисси, жамоавийлик, миллий қадриятларга ҳурмат ва ифтихор, ватанга садоқат каби фазилатлар ҳам юксалмоқда. Институт ва маҳалла ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик туфайли кўплаб ёшлар ўзига муносиб йўналишларни топиб, турли танлов ва мусобақаларда муваффақиятли иштирок этяпти.
Институтда ёшларни соғлом турмуш тарзига йўналтириш ва спортга қизиқишини янада ошириш мақсадида “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида қатор спорт ва соғломлаштириш мусобақалари ҳамда танловлар ташкил этилди. Уларда фаол иштирок этиб, юқори натижаларга эришганлар қимматбаҳо совғалар ва пул мукофотлари билан тақдирланмоқда.
Шу билан бирга, олийгоҳда китобхонлик танловлари ҳам кенг қулоч ёйган. Ёшларда китобга қизиқиш юқори. Китобхонлик ҳафталиклари, “Бадиий асарлар билимдони”, “Энг фаол китобхон талаба” каби лойиҳалар орқали ёшлар ўртасида мутолаа маданияти шакллантирилмоқда. Институтда йўлга қўйилган “Зиё улашиб” лойиҳаси доирасида бугунги кунгача 60 дан ортиқ умумтаълим мактаби кутубхоналарига ҳомийлар кўмагида ўзбек ва жаҳон адабиётининг 7 мингдан зиёд сара намунаси совға қилинди. Бу эса ўқувчи ёшларнинг дунёқараши ва маънавий оламини бойитишга хизмат қилади.
Институт талабалари ва профессор-ўқитувчилари мактаб ўқувчилари билан турли мазмунда учрашувлар ўтказиб, бадиий адабиётлар юзасидан очиқ мулоқотлар, ижодий учрашувлар, адабий викториналар ва “Китобхонлар клуби” машғулотларини ташкил этмоқда. Бундай эзгу саъй-ҳаракатлар таълим занжирининг барча бўғинларида китобхонлик муҳитини ривожлантириш, ёшлар орасида китоб мутолаасига қизиқишни кучайтириш билан бирга, маънавий ва интеллектуал жиҳатдан етук шахс сифатида камол топишида қўл келади.
“Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида талабалар ва уюшмаган ёшлар ўртасида спорт мусобақаларидан ташқари тасвирий санъат, ҳунармандлик ва касбга йўналтирувчи бошқа соҳаларда ҳам турли танлов ва тадбирлар мунтазам ташкил этиляпти.
Шаҳрисабз давлат педагогика институтидаги бу ташаббуслар, шубҳасиз, нафақат таълим сифатини ошириш, балки ёшларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш, салоҳиятини тўғри йўналтириш, ҳаётга ижобий қарашларини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
Энг муҳими, “Долзарб 90 кун” яширин иқтидорларни юзага чиқариб, янги ғоялар сари ундамоқда. Яқин келажакда мазкур лойиҳа доирасида яна қатор янгиликлар ва ижтимоий аҳамиятга молик ташаббуслар амалга оширилиши режалаштирилган.
Талабаларнинг ўзи ҳам ёзги таътилни беҳуда ўтказмаяпти — улар доимий яшаш жойларида тикувчилик, пазандалик ва хорижий тилларни ўрганиш курсларига қатнаб, амалий кўникмаларини мустаҳкамламоқда. Яна кўплаб талабалар ёзги оромгоҳларда тарбиячи сифатида фаолият юритиб, болалар билан ишлаш тажрибасини орттирмоқда.
“Долзарб 90 кун” лойиҳаси фақат мавсумий тадбир эмас. У ёшлар салоҳиятини юксалтириш, янги имкониятларини очиш ва иқтидорларини кашф этиш, жамиятнинг кучли, интилувчан, фаол қатламига айлантириш йўлидаги тизимли ёндашувдир. Ушбу ташаббус доирасида ташкил этилаётган маънавий-маърифий учрашувлар, спорт мусобақалари, ижтимоий лойиҳалар, дебатлар ва маданий тадбирлар, турли кўнгилочар дастурлар орқали талабаларнинг билим ва кўникмалари оширилмоқда, шахсий салоҳияти юзага чиқарилмоқда.
Лойиҳа ёшларнинг онги ва қалбида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаб, юксак ахлоқий маданиятга эга шахс сифатида шаклланиши, жамоат ишларида фаол иштирок этиши ва етук, масъулиятли шахс сифатида камол топишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу маънода “Долзарб 90 кун” бугун ёшлар фаоллигини ошираётган, эзгу мақсадларга илҳомлантираётган кенг қамровли ҳаракатга айланди, десак айни ҳақиқатдир. Бу эса таълим муассасаларида таълим ва тарбия бир бутун жараён сифатида амалга оширилаётганида ҳам кўринади.
Жамшид ШОНАЗАРОВ,
фалсафа фанлари номзоди, доцент
Hamkorlik materiali









