Бу табиий ҳол, албатта. Чунки жаннатмакон юртимизда кечадан кўра бугунимиз, бугунга нисбатан эртамиз фаровон бўлиб, турмуш тарзимиз юксалиб бормоқда, одамларимиз онгу шуурида келажакка ишонч, ғайрат-шижоат ўсмоқда. Буларнинг замирида айтишгагина осон, кечган ўттиз уч йиллик вақт, истиқлол деб аталмиш буюк неъмат мужассамлигини ҳеч ким инкор эта олмайди.
Аслида, юртимиз озодлигини, халқимизнинг бугунгидек фаровон ҳаётини не-не аждодларимиз орзу қилмаган дейсиз! Бугунгидек дориламон кунлар йўлида жонини, ҳаётини фидо қилишга, эл-юрт ҳурлиги, эркин ҳаёти учун борлиғидан кечишга уларни ана шу орзу, нурли умид ундамадими?! Миллий озодлик ҳаракати намоёндалари, жадид боболаримиз, урушлар, оммавий қирғин ва мажбурий меҳнат полигонларида шаҳид кетган юртдошларимиз, бир нечта қатағон тўлқини домига тортган юзлаб, минглаб зиёлиларимиз қалби тубида ниш урмаганмиди истиқлол орзуси?! Ана шу эзгу тилаклар, оппоқ ниятлар ижобати эмасми мустақиллик?!
Юрт мустақиллиги қўлга киритилган дастлабки йилларда жафокаш халқимизнинг туганмас бахтига кўз олайтиришларни, кўролмаслик ва ғараз натижасида бир неча бор юртда қўпорувчилик, суиқасдга ҳам қўл урилганини, нотинчлик ва бесаранжомлик келтириб чиқариш, халқимиз ишончини йўқотишга ҳаракатлар амалга оширилганини эсдан чиқариб бўладими?! Шукурки, юртбошиларимиз қатъияти, раҳбарларимиз фидойилиги ва садоқати, қолаверса, халқимизнинг асрлар давомида синалган, тобланган иродаси бунга йўл қўймади.
Бугун Ўзбекистон деган ном дунёнинг барча нуқталарида баралла жарангламоқда. Спорт, санъат, илм-фан соҳаларида эришилаётган ютуқлар, салоҳиятли ва иқтидорли ёшларимиз бу халқнинг ҳеч кимдан кам эмаслигини, томирларимизда курашчан ва тинчликсевар, адолат ва ҳалолликни шиор қилган буюклар қони оқаётганини исботлаб келишмоқда. Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида «инсон қадри учун» деган тамойил устувор мақсад экани, Учинчи Ренессанс бунёдкорлари саналмиш ёшлар учун барча шарт-шароит яратиб берилаётгани, асосийси, юртдошларимиз қалбида ҳурлик ва юрт озодлиги, ватан тараққиёти учун дахлдорлик ҳисси жўш ураётгани дунё ҳамжамияти таҳсинига сазовор бўлмоқда.
Айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб Истиқлол байрами шукуҳи ҳукмрон. Юртдошларимиз кўзларида нур, қалбларида қувонч, тилларда шукроналик намоён. Бинобарин, бу кунлар қадрига етиш, ватан озодлигини кўз қорачиғидек асраш, жонажон юртимизнинг янада равнақ топиши учун бор куч-имкониятимизни сарфлаш барчамизнинг муқаддас фуқаролик бурчимиздир.
Эҳтиётхон ИБРАГИМОВА,
ФарДУнинг Филология факультети декани,
филология фанлари номзоди, доцент