Дўстлик ва қардошлик ташрифи: Ўзбeкистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар янги даражада

    Тараққиёт давридаги ҳар бир давлатнинг қудрати халқаро майдондаги мавқейи, қўшни мамлакатлар билан олиб бораётган ҳамкорлиги, ўз стратегик ҳамкорларига нисбатан юритаётган оқилона ташқи сиёсатида яққол намоён бўлади.

    Муҳтарам Президентимизнинг бу борадаги оқилона сиёсати Янги Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессанс даври узра босаётган қадамларини тезлатмоқда.

    Айтиш жоизки, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йил Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни жадал ривожлантириш йили деб эълон қилиниши — келажакда мисли кўрилмаган ўзгаришлар ҳамда ҳамкорлик орқали эришилиши мумкин бўлган катта натижалар учун очиқ эшик бўлиб хизмат қилиши табиий.

    Ортга назар ташлайдиган бўлсак, ўз ҳудудий чегаралари яхлитлиги, озодлиги учун курашган буюк ва жасур Озарбайжон халқи 1918 йилда мустақилликка эришди ва Жанубий Кавказда миллий давлат жадал ривожланишга юз тутди.

    Дарҳақиқат, ўзгача туркий руҳ шижоатида Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратаётган мазкур мамлакат азалий қардошлик муносабатларини ҳамиша юксак қадрлаб келади. Ўзбекистон ва Озарбайжон мамлакатлари ўртасидаги дўстлик, қардошлик, муштарак маданият ҳамда қадриятларнинг илдизлари эса мозий қадар туташ. Бу икки халқни муштарак ўтмиш ва маънавий қадриятлар боғлаб тургани ҳеч кимга сир эмас. Атоқли ўзбек шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони, ХХ аср ўзбек шеъриятининг ёрқин вакили Абдулла Орипов Озарбайжон ва Ўзбекистон халқлари дўстлигини юксак баҳолаб, шундай ёзади:

    "Хаёл оти билан кезгил ҳар ённи,

    Топмассан бундайин хушбахт бир онни.

    Муҳр этди дилларга тарих инчунин,

    Қадим қондошликни – олий эҳсонни.

    Эъзозлаб турибди кўтариб бошга,

    Бу кун озар эли Ўзбекистонни.

    Сўйласин минг йиллик мўйсафид тарих,

    Бу дўстлик билганми шубҳа, гумонни?

    Ўзбекман, англамай қаёққа бордим,

    Шу инжа озарий тилни, забонни.

    Дўстлик бу – муҳаббат янглиғ фараҳким,

    Билгай у на ҳадни ва на довонни.

    Асли Муқаннага қиёс этгулик,

    Бобакнинг қалбидан тошган туғённи.

    Низомий болидан ҳалво пиширмуш

    Навоий забт этиб туркий жаҳонни."

    Бу ажойиб мисраларни Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги буюк дўстлик ёдгорлиги дейиш мумкин. Ўзбек фарзанди бўлган шоир озарбайжон халқи тимсолида доимо фидойи ва содиқ дўстни кўра олади.

    Эътироф этиш керакки, икки қардош халқнинг бир-бирига бўлган самимий муносабати, ўзаро манфаатларни ҳурмат қилиш — улар ўртасидаги муносабатларнинг янада ривожланишига, ҳамкорликнинг юксак босқичга кўтарилишига олиб келди. Бугунги кунга қадар ўндан ортиқ ташрифлар ҳар икки давлат учун самарали натижалар берди.

    Айни даврда бу икки давлат кўплаб соҳаларда ҳамкорлик қилмоқда. Давлат раҳбарлари ўртасидаги илиқ ва дўстона муносабатлар барча жабҳаларда кенг кўламли шерикликка йўл очади.

    Барчамиз гувоҳи бўлганимиз – яқин фурсатларда амалга оширилган ташрифлар изчиллигида икки давлат раҳбарларининг кўп асрлик дўстона муносабатлари — томонларнинг кўп қиррали шерикликни ҳар тарафлама ривожлантиришга қатъий содиқлигини тасдиқлади. Бу эса рамзий маънода Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилаётганини ифодаси бўлди. Ўзбекистон ҳар доим Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаб келади, Қорабоғда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш масаласига жиддий ёндашади ва бу ерда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини юксак қадрлайди. Чунки мақсад эзгу, қарашлар муштарак, бирликка интилиш қатъий.

    Зеро, муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, "Озарбайжон бизнинг муҳим стратегик ҳамкоримиз ва иттифоқчимиздир". Бизни муштарак тарихий илдизларимиз ва кўп асрлик дўстлигимиз, ягона дин, ўхшаш маданият ва анъаналар боғлаб туради. Буларнинг барчаси ҳар томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш учун ишончли пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда». Биласизми, юракдан айтилган бу сўзлар икки давлат ўртасида имзоланган тарихий ҳужжатнинг тантанаси сифатида қардошлар қалбида жарангламоқда. Боиси, иттифоқчилик — халқаро дипломатияда давлатлар ўртасидаги муносабатларда энг юқори поғона демакдир. Демакки, ўзаро муносабатларимиз дўстликнинг барча синовларида пўлатдек тобланиб, бугун шу олий поғона қадар кўтарилди.

    Қардошликнинг, елкадошликнинг янги саҳифалари муборак бўлсин!


    Баҳодиржон Шермуҳаммадов,

    Фарғона давлат университети ректори, профессор


    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    август, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates