Хаб - бу инклюзив Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича лойиҳаларнинг акселератори бўлиб, миллий, халқаро ва жамоат ташкилотларини бирлаштирган платформадир.
Ҳозирги босқичда хабда касбга йўналтирилган таълим дастурлари амалга оширилади ва синовдан ўтказилади.
Бу ноёб маскан ёшларнинг абилитастияси, реабилитацияси ва жамиятга мослашиши мақсадида уларга сифатли таълим олиш, иқтидорларини намоён этиш, замонавий ҳамда истиқболли касбларни танлашда тенг имкониятлар яратади.
Юқори даражадаги тайёргарликни аниқ ва гуманитар фанлар, АйТи соҳаси бўйича Ўзбекистоннинг етакчи мутахассислари ва хорижий экспертлар, шунингдек, таниқли санъат арбоблари, мода, фотография, кино, тасвирий санъат ва бошқа ижодий йўналишлар усталаридан иборат ўқитувчилар таркиби таъминлайди. Бундан ташқари, бу ерда илмий-тадқиқот ишлари ҳам олиб борилади.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда «Замин» фонди томонидан амалга оширилмоқда.