Бир ёнда — тоғнинг тоза ҳавоси, шовуллаган зилол сув, тепаликдаги сиҳатгоҳлар, бир ёнда— шаҳарда илк бор бўлиб ўтаётган “Дунё садо”лари халқаро миллий эстрада санъати фестивали. Жаҳон эстрадасининг ёрқин юлдузлари — “Dr Alban”, “Boney M”, “Fly Project”, “Gafur va Rakhim”лар республикамизнинг чекка бир ҳудудига ташриф буюришига ишонмаганлар ҳам кўп бўлди.
Мазкур халқаро фестивални ўтказиш таклифи Президентимизнинг 2019 йил Андижон вилоятига ташрифи давомида туризмни ривожлантиришга доир лойиҳалар тақдимоти чоғи ички ва ташқи туризмни ривожлантириш мақсадида илгари сурилган эди. 2022 йил 3 февралда эса давлатимиз раҳбарининг “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан 2023 йилда “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивалини ўтказиш белгиланди.
Хонобод янада обод бўлди
Маданият ва туризм вазирлиги мутасаддилари томонидан фестиваль доирасидаги тадбирлар ташкил этиладиган майдон, саҳналар белгилангач, уларни барпо этиш, меҳмонларни жойлаштиришга ҳозирлик ишлари бошланди. Шаҳарга олиб борувчи йўлларда таъмирлаш, тозалаш ишлари бажарилди. Фестиваль логотипи туширилган баннерлар ўрнатилди. “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси доирасида ҳудуд атрофида кузатув камералари ўрнатилди.
– Хонободда яшаётганимдан ғурурланаман, – дейди Мукаррам ая Сотиболдиева. – Мана шундай тадбирлар керак экан. Шаҳримиз азалдан чиройли, машҳур бўлган. Шу байрам баҳона янада гўзаллашиб кетди. Боғларимиз файзига файз қўшилди, Хонободимиз янада обод бўлди.
Хизматда 30 та автобус, 100 та такси
Фестивалнинг тантанали очилиш ва ёпилиш маросимига Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бадиий жамоаларидан 400 дан зиёд иштирокчи жалб этилган. Шунингдек, Чехия, Болгария, Латвия, Польша, Сербия, Грузия, Россия, Қозоғистон, Греция, Тожикистон ва бошқа бир нечта давлатдан 30 дан зиёд вакил Хонободда меҳмон бўлиб турибди.
Андижон вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Машраповга кўра, аҳолини тадбир кунлари транспорт билан таъминлаш мақсадида 100 дона махсус енгил машина Хонобод шаҳри ичида меҳмонларга бепул хизмат қилмоқда. Шунингдек, 30 та замонавий автобус ҳам меҳмонлар ихтиёрида. Хонободга кираётган фуқаро, йўловчиларга эса 20 та жамоат транспорти ташкил қилинди. Шаҳаргача келган ҳар қандай фуқаронинг фестивалга етиб келишида ҳеч қандай муаммо йўқ.
27 метрлик рўмол
Тадбирда барча вилоятлар ижодий жамоалари, ҳунармандлари ўзига ажратилган майдонларда ҳудудга хос урф-одатлари акс этган бадиий чиқишлари, ҳунармандлик кўргазмаларини намойиш қилмоқда.
Республика “Ҳунарманд” уюшмасининг Андижон вилоят бўлими раҳбари Ўткирбек Араббоевнинг билдиришича, ҳудудлардан 4 нафардан, мезбон вилоятдан эса 40 нафар ҳунарманд қўл меҳнати намуналари билан қатнашмоқда, уларга барча шароитлар яратиб берилган.
Гиннеснинг рекордлар китобига кириш учун эни 27, икки ёни 19 метрлик рўмол тўқиган андижонлик ҳунарманд Майрамхон опа Ҳамробоева фестиваль баҳона ўз маҳсулотини жаҳон аҳлига кўрсатаётганидан ҳурсанд. Дунё бўйича қўл меҳнати орқали яратилган бу энг катта рўмол тадбир бўлаётган ҳудудда жойлашган икки қаватли савдо мажмуасининг том қисмига илинди. 68 ёшли ҳунарманд уни қарийб икки йилда тўқиб битирган. Опа 30 килограмм ип эвазига тайёр бўлган қўл меҳнатини Тошкентдаги амалий санъат музейига топширмоқчи эканини билдирди.
Яна янги истеъдодлар кашф этилди
14 июль куни Хонобод шаҳар Ёшлар марказида халқаро тадбирнинг эстрада йўналишида қатнашиш истагини билдирганлар учун республика саралаш босқичи бўлиб ўтди. Унда 40 дан ортиқ гуруҳ ва кўплаб яккахон ижрочилар куч синашди.
Ғолиблар фестивалнинг очилиш маросимида тантанали тақдирланди. Фахрли ўрин ғолибларига диплом, статуэтка ва пул мукофоти (3-ўрин — 10 миллион, 2-ўрин — 20 миллион, 1-ўрин — 30 миллион сўм) тақдим этилди. Гран-при совриндори эса 40 миллион сўм пул мукофоти, диплом, статуэтка билан тақдирланди. Шунингдек ғолиблар фестивалнинг асосий тадбирларида иштирок этишмоқда.
Таъкидлаш жоизки, фестивалларда янги-янги иқтидорлар, истеъдодлар кашф этиляпти. “Дунё садолари” ҳам ёшларнинг миллий эстрада санъатига бўлган қизиқишини орттиришига шубҳа йўқ.
Избоскан туман 6-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчилари ҳамда “Андижон вилояти намунавий мақом ансамбли” созанда-хонандалари томонидан “Dr Alban”, “Boney M”, “Fly Project”, “Gafur va Rakhim” каби дунё юлдузларининг қўшиқлари ўзбек миллий асбоблари ёрдамида ижро этилиб, яхлит, гўзал ижод намунаси яратилди. Тадбирнинг очилиш маросимида ўзбек миллий кийимларида чиқиш қилган “Boney M” гуруҳи балки шу каби кутилмаган совғалардан илҳомланиб, миллийлигимизга ҳурматини намоён қилгандир.
Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновлар билан бирга дунё юлдузлари ҳам дарахт ўтқазиш маросимида иштирок этгани шаҳар аҳли учун тарихий воқелик бўлиб қолади.
Меҳмонларда яна келиш истаги туғилса — бахтиёрмиз
Эътибор беринг-а, чет эллик иштирокчилар фестивалда нафақат ўз тилларида, балки ўзбек тилида ҳам қўшиқ ижро этдилар. Бу эса, ўзбек санъатини дунё бўйлаб тарғиб қилишда муҳим восита ҳисобланади.
— Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғидаги асосий саҳнадан ташқари яна 4 та катта саҳна тайёрланди, — дейди Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Насибулло Мўминов. — 1,5 минг кишилик меҳмонхона, кичик меҳмон уйлари шай ҳолатга келтирилди. Нуфузли меҳмонлар учун машҳур Хонобод санаторийси хизмат қиляпти.
Фестиваль доирасида “Туризм харитаси”га биноан вилоятдаги 40 та тарихий ва зиёрат объектлари орқали ҳудуднинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилиши кўзда тутилган. Мазкур объектларда ҳам меҳмонларни муносиб кутиб олиш учун зарур чора-тадбирлар кўрилди.
Ўйлаймизки, Хонободга илк бор келаётган меҳмонларимизда қайтиб келиш истаги туғилади, албатта ва биз бундан бахтиёрмиз. Зеро, асл мақсадимиз ҳам фестиваллар орқали ёш авлодни ватанга муҳаббат, миллийлик руҳида тарбиялаш бўлса, хорижликларда Ўзбекистонга нисбатан қизиқиш уйғотишдир.
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири