Бу ўтган аср бошларида Биринчи жаҳон уруши даври Қўқон атрофидаги қишлоқлардаги манзара.
Ўша кезлардаги ўлкада юз берган сиёсий-иқтисодий вазият, аҳоли турмуш шароити ва даражасини солиштириб бўлмайди. Ўтган бир аср давомида тиббиёт соҳасида улкан силжиш рўй берди, қанчадан-қанча касалликларга барҳам берилди. Таассуфки, бугун XXI аср бошида рўй берган пандемияни тўхтатишда ҳатто мисли кўрилмаган ютуқларга эришган жаҳон тиббиёти ҳам ожизлик қилиб қолди. Бундай шароитда хилма-хил воситалар ва усуллар сирасида ўша анъанавий “уйдан чиқмаслик” энг самарали ҳимоя бўлиб қолар экан. Лекин фарқи шундаки, аср бошида улкан офат олдида заиф ва ёлғиз инсон ўзини табиий равишда ҳимоялаган бўлса, бугунги кунда ҳукумат раҳнамолиги ва ғамхўрлиги остида, миллат келажаги ва истиқболи йўлида онгли равишда “уйда қолиш”га чақирилмоқда.
Президентимиз бошчилигида давлатимиз пандемияга қарши кураш стратегияси ва тактикасини тубдан ўзгартириш ва такомиллаштириш устида тиним билмай иш олиб бормоқда. Жумладан, Президент Ш. Мирзиёев ҳозирги пандемия шароитига мос энг кучли, энг таъсирчан воситаларни ишга солиш зарурлигини таъкидлайди:
“Бу курашда давлат ва хусусий тиббиёт тизими, барча идораларнинг доимо сафарбар ҳолатда бўлиши ва самарали ишлаши, шифокорларнинг фидойилиги, халқимизнинг онглилиги бизнинг асосий қуролимиз бўлиши шарт, – дея таъкидлайди, давлатимиз раҳбари. – Фақат тезкор ва мунтазам сафарбарлик, темир интизом, тиббий маданият, юксак онглилик билангина биз бу офатга қарши кураша оламиз”.
Одамзод ҳамма нарсадан, ҳатто табиий офат-у, фалокатлардан ўзига бир сабоқ олади, тажриба орттиради. Замонавий файласуфлар пандемиянинг инсоният истиқболига таъсири борасида хилма-хил қараш ва нуқтаи назарларни илгари сурмоқдалар, баъзилар умидбахш келажакдан башорат қилсалар, бошқалар аксинча, салбий оқибатларидан ташвишдалар. Фикрлар қанчалик зиддиятли бўлмасин, файласуфлар бир жиҳатдан якдилдирлар, пандемиядан кейинги давр инсоният ҳаёти ўзгача бўлиши аниқ.
Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бўлади, деганларидек, пандемия бизни нималарга ўргатганини бир сарҳисоб қилиб кўрайлик.
Гапни, энг аввало, Ўзбекистонда таълим соҳасида рўй берган ўзгаришлардан бошлайлик. COVID-19 дунёнинг кўплаб мамлакатларида кенг тарқалган масофавий таълим соҳаси ривожига туртки вазифасини ўтади. Масофавий таълимнинг афзалликлари аллақачон ўз тасдиғини топган; юртимизда уни татбиқ қилиш борасида ҳаракатлар бошланганига ҳам анча вақт бўлди.Кўпчилик профессор-ўқитувчиларда масофавий таълим борасида тўлиқ тасаввур йўқлиги ёки тасаввур ва билим бўлса-да, тажриба ва малаканинг мавжуд эмаслиги туфайли суст ривожланган мазкур соҳада пандемия вазиятида катта олға қадам ташланди. Қатор камчиликлари, заиф томонларига қарамасдан, дарсларнинг онлайн тизимда ташкил этилиши ўзининг ижобий самараларини берди: талабалар кўпроқ мустақил ишлаш кўникмаларини шакллантириш зарурлигини ҳис қила бошладилар, ўқитувчи ҳамда талабанинг ўрни ва ролига муносабат ўзгарди. Энди ўқитувчи бор нарсани чайнаб оғзига солиб қўювчи эмас, йўл кўрсатувчи, маслаҳат берувчи, ундовчи мақомини олди; талабада ўз устида ишлаш, изланиш, ижодкорлик кўникмалари пайдо бўлди. Айни пайтда, ўқитувчи учун ҳам янги рақамли таълим муҳити дарсни замонавий усулда ташкил этиш, ижодкорона ёндашув, бор куч-ғайратини сафарбар этиб ишлаш борасида синов ва тажриба мактаби бўлди.
Замонавий немис файласуф-адибаси Свенья Фласпёлер пандемия туфайли юзага келган вазият ҳақида шундай фикр билдиради: “Биз одатланган шиддатли кундалик ҳаёт тарзидаги кутилмаган танаффус бизга ўйлаб кўриш ва балки жамиятимизни яхши томонга ўзгартириш учун имконият яратди. “Тезликни пасайтириш”, айни ўз ички оламимизга мурожаат қилиш, ўзимизнинг ижтимоий қадриятларга бўлган қарашларимизни қайта кўриб чиқиш вақтидир”.
Чиндан ҳам пандемия инсоннинг моддий неъматларга, мол-у дунёга ҳирс-у ҳавасига сув сепгандек бўлди, аста-секин маънавий эҳтиёжлар юзага қалқиб чиқа бошлади: санъат, мусиқа, китобхонликка эътибор ортди, жисмоний ва маънавий баркамоллик уйғунлигига интилиш – уй шароитида спорт билан шуғулланиш кенг оммалаша бошлади. Одамларда ўзини ўзи тафтиш қилиш, орзу-интилишлари, мақсадларини қайта кўриб чиқиш, танқидий баҳолаш имкони пайдо бўлди.
Миллий Интернет манбаларимиз бойиди. Ўзбек тилида интернет манбалар анча камлиги ва борлари ҳам унча бой эмаслиги сир эмас. Жуда катта захира мавжуд бўлгани ҳолда, маълумотлар базаси ҳали етарли даражада тўлиқ киритилмаган. Карантин даврида web-ресурслар анча бойитилганлиги, виртуал интерфаоллик кучайганлигини эътироф этиш лозим.
Нима учун карантин чоралари ва “ўзини ўзи яккалаш” (изоляция) – “уйда қолиш”муҳимлиги ҳозирги кунда баҳс уйғотмайди. Пандемияни жиловлашнинг энг самарали усули – бу фуқароларнинг ўзини ўзи изоляция қилиш ва ижтимоий масофани сақлаш орқали вирус тарқалиши йўлларини чеклаш, беморларни аниқлаш ва эпидемия ўчоқларининг кенгайишига йўл қўймаслик бўйича фаол чоралар кўришдан иборатдир.
Шундай экан, биз бу белгиланган чора-тадбирларни онгли равишда қабул қилиб, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси томонидан берилаётган тавсияларга эътиборсизлик билан қарашимиз, карантин қоидаларига амал қилмаслигимиз кўплаб одамларнинг нобуд бўлиши, соғлиқни сақлаш тизимига оғирлик қилиши билан бирга катта иқтисодий талафотларга олиб келишини англаб етишимиз зарур. Соғлом жамият тез тараққий этади. Соғлом фикр жамиятнинг равнақини белгилайди. Албатта, ҳар қандай чеклов чоралари инсон эркини бўғаётгандек туюлади. Аммо эртанги соғлом ва фаровон жамият учун бугун бирозгина “эркинлик”ларимизни жиловлаб турсак арзийди. Ҳар қандай инқироз буюк юксалишнинг бошланишидир.Коронавирусга нисбатан шубҳа кайфияти нотўғри ва ноўриндир. Вақтинчалик кўрилаётган ушбу чораларни тўғри қабул қилиб атрофдагиларга ҳам вазиятни тушунтириш, ҳамжиҳатликка, бағрикенгликка чақириш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Давлатимиз раҳбари яна бир бор жонкуярлик билан халқимизга мурожаат қилди:
«Ҳар биримиз ўзимиз, оиламиз, фарзандларимизнинг соғлиғи ва тақдири учун аввало ўзимиз масъул эканимизни чуқур англашимиз лозим... ...пандемия даврида ҳар бир одамнинг шахсий масъулияти ҳақидаги тарғибот ишларини янада кучайтиришимиз керак. Биз пандемияни қачон енгамиз? Қачонки, ҳар бир одам ўзидаги бепарволикни енгса, ўзи, оиласи ва фарзандлари, бутун халқимиз ҳаётига масъулият билан қарайдиган бўлса.
Биз шунга қодирмизми? Албатта, қодирмиз. Ишончим комил, бугунги вазиятнинг ўзи тақозо этаётган мана шундай ҳиссиёт ва қарашлар ҳар бир юртдошимизнинг қалби ва онгига чуқур кириб боради. Ва биз бу синовдан, албатта, муносиб ўтамиз».
Бу бизга билдирилган ишончгина эмас, балки ҳар биримиз гарданимизга масъулият, фидойилик юклайди. Жамиятда қандай мақомга эга бўлишимиздан қатъи назар, ўз имкониятимиз даражасида халқимиз бошига тушган бу офатга қарши курашишимиз шарт. Бепарволикка ҳаққимиз йўқ.
Ш. Норматова,
М. Абдураҳмонова
ЖИДУ, Ўзбек ва рус тиллари кафедраси ўқитувчилари,