Дунёни асраш қайғуси биз ёшларни ҳар лаҳза ҳушёр ва сергак бўлишга ундайди

    Инсоний фазилат ва ахлоқ-одоб мустаҳкам маънавий-маърифий маконда, заминда вужудга келади, юксалади. Аждодларимиз эришган барча ютуқлар ва зафарлар ана шу пойдеворга асосланган.

    Президентимиз маърузаларидан бирида таъкидлаганидек: “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва мен ишонаман, худо хоҳласа, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз ҳам, албатта, бўлади”.

    Ҳа, янги Ўзбекистоннинг янги маънавий макони кўп минг йиллик тарихимиз, жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий мероси, ахлоқий-руҳий, ҳаётий тажрибаларига асосланади.

    Ҳозир хориждан келган қайси бир сайёҳ билан суҳбатлашманг, кўҳна Самарқанд шаҳрини дунё таниб, у халқаро анжуманлар ўтказиладиган масканга айланиб бораётганини эътироф этади. Шу боис, АҚШнинг “The Huffington Post” нашри Самарқанд шаҳрини “Дунёнинг албатта бориб кўриш керак бўлган 50 шаҳри” рўйхатига киритди.

    Шу йил 1-2 ноябрь кунлари Франция Президенти Эммануэль Макроннинг мамлакатимизга ташрифи доирасидаги тадбирларни биз, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабалари ҳам катта қизиқиш билан кузатдик. Ташриф айнан Регистондан бошлангани бежиз эмас. Бу ерда халқларимиз ўртасидаги тарихий муштаракликни мужассам этган жиҳатлар кўп. Хусусан, Соҳибқирон Амир Темур буюк саркарда, савдо ва илм-фан ҳомийси сифатида Осиё ва Европада рўй берган тарихий ўзгаришларга катта таъсир кўрсатгани бизга ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиздан маълум. XV асрда Парижда буюк саркарда Амир Темур шарафига “Европанинг халоскорига” ёдгорлиги бунёд этилган. Амир Темур ва Франция қироли Карл VI бир-бирига мактублар юбориб, алоқа ўрнатган. Ёзишмаларда сиёсий масалалар билан бирга, савдо-иқтисодий алоқаларга ҳам катта эътибор қаратилган.

    Олимларимизнинг таъкидлашича, Амир Темурнинг тарихий хизмати яна шундан иборатки, унинг ҳаракатлари туфайли Осиё ва Европа давлатлари тарихда биринчи марта ягона жуғрофий-сиёсий маконда эканини ҳис этди.

    Бугун Самарқандга ташриф буюраётган давлат раҳбарлари, халқаро экспертлар, академик доиралар ҳамда сайёҳлар Самарқанднинг тарихий обидалари ва музейлари, нодир архитектура ансамбллари билан танишиб, бетакрор тарихий мўжиза олдида таъзим қилаётгани бежиз эмас.

    Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музейининг ўзи бир дунё. Бобоси Темурнинг эзгу ишларини давом эттирган Улуғбек ҳам ҳукмдор, ҳам олим сифатида илм-фан ва маданиятни ривожлантирган, бунёдкорликка катта эътибор қаратган. Унинг “Зижи жадиди Кўрагоний” асари дунё астрономиясида муҳим қўлланма ҳисобланади. Ушбу асарни Европа, жумладан, францияликлар ҳам яхши билишади.

    Хусусан, француз астрономи Жозеф-Николя Делил фаолияти давомида Мирзо Улуғбекнинг асарларини ўрганган, “Зижи жадиди Кўрагоний” асарини лотин тилига таржима қилдирган. Делил 1739 йилда буюк бобокалонимизнинг астрономия жадваллари ҳақида нутқ сўзлаган. Ушбу нутқ матни ҳозиргача сақланиб қолган. Бу каби маълумотлар икки халқ алоқаларининг тарихий илдизлари қанчалик теранлигини кўрсатади.

    Шу боис, бутун дунёда Амир Темур шахсига ва темурийлар меросига қизиқиш катта. Жумладан, 1988 йилда Францияда Темурийлар тарихи ва маданиятини ўрганувчилар уюшмаси тузилган. Унинг собиқ президенти, профессор Люсен Керен Амир Темур ва темурийлар даврини кўп йиллар давомида тадқиқ этгани, Франция ва Ўзбекистон халқлари яқинлашишига катта ҳисса қўшгани учун “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

    1996 йилда ЮНЕСКОнинг Париждаги қароргоҳида “Темурийлар даврида илм-фан, маданият ва маорифнинг гуллаб-яшнаши” кўргазмаси бўлиб ўтган. Ўтган йили давлатимиз раҳбарининг Францияга ташрифи доирасида Лувр музейида ташкил этилган “Ўзбекистон воҳаларининг мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида” кўргазмаси катта воқеа бўлган эди. Унда темурийлар меросига алоҳида ўрин ажратилди.

    1404 йилда Соҳибқирон Амир Темур саройига келган Кастилия (Испания) элчиси Руи Гонсалес де Клавихо йўл хотираларидан иборат “Кундалик”ларида бундай ёзади: “Темур давлатининг шон-шуҳрати Оврўпо мамлакатларигача бориб етди. Англия, Франция, Испания, Генуя ва Византия сингари давлатларнинг ҳукмдорлари Амир Темур билан сиёсий ва савдо-иқтисодий муносабатлар ўрнатишга интилиб, улуғ жаҳонгир ҳузурига мунтазам равишда ўз элчиларини юбориб турдилар”.

    Демак, VI-VII аср аввал ҳам юртимиз жаҳон сиёсати ва дипломатиясида муҳим ўрин тутган. Қолаверса, иқлими ва табиати беназир, тупроғи унумдор бу замин ўша замонларда ҳам хорижликларни ўзига мафтун этган.

    Амир Темур Испания қироли Генрих III, Франция ҳукмдори Карл VI, Англия қироли Генрих IV саройларига элчилар юбориб, мутаносиб равишда испаниялик, франциялик, англиялик, хитойлик ва бошқа қатор хорижий элчиларни ўз салтанатида қабул қилган.

    Соҳибқироннинг Франция қироли Карл VI га ёзган хатидаги қуйидаги фикри диққатга сазовордир: “Сиз ўз савдогарларингизни менинг салтанатимга юборинг. Биз уларни илиқ қарши олиб, иззат-икром кўрсатамиз. Биз ҳам ўз савдогарларимизни сизнинг юртингизга йўллаймиз. Сиз ҳам уларга ҳурмат кўрсатинг, ортиқча тазйиқлар қилинишига йўл қўйманг. Сизга бундан бўлак талабим йўқ. Зеро, дунё савдо аҳли ила обод бўлажак”.

    Эътибор беринг, қандай оддий ва аниқ фикр: дунё савдо аҳли ила обод бўлажак! Демак, Амир Темур ташқи сиёсатида халқаро иқтисодий-савдо алоқаларини кенг миқёсда йўлга қўйиш, ундан барчани, авваламбор, ўзининг халқини баҳраманд этиш бош ғоя бўлиб хизмат қилган.

    Бугун маърифатли Мовароуннаҳр руҳи, темурийлар даврида фан ва санъатнинг гуллаб-яшнагани Европада уйғониш жараёнига ҳаётбахш таъсир этганини, умумжаҳон тараққиётига кўмаклашганини англаб фахрланамиз.

    Самарқанд халқаро мулоқот ва ҳамкорлик марказига, муҳим сиёсий ва иқтисодий қарорлар қабул қилинадиган жойга айландики, амалий аҳамият тус олаётган самарали халқаро ҳамкорлик дунёда барқарор, ишончли ва фаровон тараққиётнинг муҳим омили бўлиб қолди. Айнан шундай ёндашув замонамизнинг долзарб муаммоларини баҳамжиҳат ҳал этиш, янги хавф-хатар ва ижтимоий ларзалардан ҳимояланиш учун аниқ, мақбул ҳамда самарали йўлдир.

    Шаҳзода КАМОЛОВА,

    Мирзо Улуғбек номидаги ЎзМУ

    тарих факультети талабаси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates