Қуйида уларнинг таассуротлари билан ўртоқлашамиз.
Ўзгаришим керак!
— Ўн саккиз ёшдаман. Телевидениеда тенгдошларим эришган ютуқларни кўриб, ҳавас қилардим. Шунда ўзим ҳам ҳаракат қилсам, улардек бўлишга кучим етади-ку, деган қатъий аҳд пайдо бўлди.
Ўзгаришим керак! Токи одамлар, тенгдошларим менга ҳам ҳавас билан қарасин. Мана шу мақсадимга эришишда “Жасорат мактаби” ўқув-йиғини катта куч, руҳий мадад берди. Ҳаётий қарашларимни тубдан ўзгартириб юборди. Бу ерда кимки мақсад қўйиб, олға интилсагина, натижага эришиши мумкинлигини англадим, — дейди Сакен Қилишбоев.
Бемақсад ва бесамар кетган йиллар ҳақида ўйладим
— “Жасорат мактаби” ўқув-йиғини давомида таниқли инсонлар билан учрашдик, тадбиркорлар билан суҳбатлашдик, малакали психологлар тренингларида қатнашдик.
Ўн кун ҳарбийлар ҳаётида яшадик. Бу жуда қизиқ эди. Йиғинга келганимдан бир неча кун ўтиб, мулоҳаза қилдим, бемақсад ва бесамар кетган йиллар ҳақида ўйладим. Ишсизлар сафида кунлик ишларни бажариб юрардим. Бўш вақтим жуда кўп бўлган экан, йиллар ортга қайтмайди, лекин бугун ҳам кеч эмаслигини тушундим. Ўқишга кириб, юртим равнақи йўлида хизмат қилиш мақсадини олдимга қўйдим. Ҳарбий қисмда менга билдирилган ишончни оқлайман, — дейди Расул Рисназаров.
Ватан ҳимоячиси бўламан!
— Ҳарбий кийимнинг ҳам салобати бор экан, улардек бўлишга ҳаракат қилар экансан. Юрт келажаги, тинчлиги сенинг зиммангда гўё. Мен ўзимни ҳақиқий ҳарбийдек ҳис этдим.
Генераллар биз билан жуда самимий суҳбатлашди. Мудофаа вазири ўринбосари ва ҳарбий округ қўмондонининг ҳар бир сўзи панду насиҳатга йўғрилган. Улардан ҳаётимиз учун муҳим хулосалар олдик.
Округ қўмондони “Юлдузингиз сўнмасин. Юлдуз нима? Орзу. Орзулар қилинг, яхши яшаш ва яхши ном қолдиришга интилинг!”, дея бизга ҳаётбахш гапларни айтганида, ичимда ғалаён турди. Болаликдаги орзум яна қайтадан забт этди. Мен, албатта, Ватан ҳимоячиси бўламан, — дейди Сердар Тагиев.
Мени ишга таклиф қилишди
— Ҳарбий қисмга келган куним қайтиб кетмоқчи ҳам бўлдим. Ҳарбийча ҳаётда яшаш қийин бўлса керак, деб ўйлагандим. Ундай эмас экан. Тўғри, бир оз уйқучиман. Эрта тонгдан уйғониш қийин бўлди, лекин тартибга мослашдим.
Эрталабки бадантарбия ва соғломлаштириш машқларида фаоллигим ошди. Фавқулодда вазиятлар вазири кубоги учун бўлиб ўтган волейбол мусобақасида фаол иштирок этган эдим, мени вазирлик тизимига ишга таклиф қилишди. Кутилмаган таклиф қувонтириб юборди. Йиғинда очилмаган қирраларимиз намоён бўлди. Инсон ҳар нега қодир экан, фақат хоҳиш, ирода, сабр ва ҳаракат бўлса бас, — дейди Одилбек Мамутов.
Телефон ўйинлари ва ижтимоий тармоқлар ҳисларни ўтмаслаштириб қўяр экан
— Шеър ёзишни машқ қилиб тураман, кейин уни гитара оҳангида хиргойи қилиш иштиёқи кучли. Лекин уч йилча бўлди, бу иштиёқ ҳам сўна бошлаган эди. Сабабини аниқ билмайман, ҳозир англашимча, телефон ўйинлари ва ижтимоий тармоқлар ҳисларни ўтмаслаштириб қўяр экан чоғи. “Жасорат мактаби”га келишим билан илҳомландим. Ҳарбийча ҳаёт ҳақида шеър ёздим.
Ўн кунлик йиғинда қайта туғилгандек ички дунём янгиланди. Вақт қадрини англадим. Энди мақсадларим аниқ ва дадил. Мени биров тингламайди, деб ўйлардим. Бу ерда мен билан ҳам фикрлаша бошлашди, қолаверса, ўз фикримни жамоага айта оляпман.
“Жасорат мактаби” мени жасоратли бўлишга ўргатди, — дейди Саломат Пиржонов.
* * *
“Жасорат мактаби” ўқув-йиғини иштирокчиларининг таассуротлари, ўй-фикрлари, орзу-умидлари билан танишдингиз. Ҳар бири бошқа дунё.
Ҳарбий қисмдаги ўн кунлик ҳаёт тарзи ёшлар дунёқарашини буткул ўзгартириб юборганини уларнинг мулоҳазаларидан ҳам сезиш қийин эмас. Шунда Президентимизнинг Ватан ҳимоячиларига байрам табригида айтган фикри ёдга тушади: “Ҳарбий-жанговар салоҳият ва юксак маънавий салоҳият Ўзбекистон Қуролли Кучларининг икки буюк таянчига айланиши зарур. Шонли тарихимиз, буюк аждодларимиз, енгилмас саркардаларимиз жасорати, уларнинг “Билаги зўр — бирни енгар, онги ва юраги зўр эса — мингни”, деган доно ўгитлари бизга айнан мана шундай ҳаётий ҳақиқатни уқтиради”.
Дарҳақиқат, ҳарбий қисмда Сакен, Расул, Сердар, Одилбек ва Саломат каби ёшларнинг шахду шижоатини кузатар эканмиз, шу икки буюк таянч тобора мустаҳкамланиб бораётганига амин бўламиз.
Шоҳиста Абдураҳмонова,
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати
Бош мутахассиси








