Жумладан, 2023 йил 1 июндан бошлаб солиқ соҳасида бир қатор янгиликлар амалиётга киритилди. Мисол учун, эндиликда фуқаролар “Солиқ ҳамкор” тизими орқали ноқонуний алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдоси юзасидан мурожаат йўллашлари мумкин. Яъни, ой бошидан қалбаки акциз маркали ёки акциз маркасиз, маркировкаланмаган, рухсати бўлмаган, сифатсиз алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш каби қонун бузилиши ҳолатлари ҳақида солиқ органига мурожаат йўллаш тизими ишга туширилди. Мазкур тизимдан келиб тушган мурожаатлар назорат ва бошқа тадбирларни ўтказиш учун асос бўлади ва у ўн иш кунида мажбурий тартибда кўриб чиқилиб, натижаси бўйича мурожаатчи хабардор қилинади.
Тасдиғини топган мурожаатлар бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жариманинг 20 фоизи, жиноятлар учун эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваригача миқдорда рағбатлантирилади. Шунингдек, “Солиқ ҳамкор” ёрдамида чек бермаслик, пластик картага савдо қилмаслик, маҳсулотни пластик картага қиммат сотиш ва ноқонуний тадбиркорлик фаолияти юзасидан мурожаат қилса бўлади.
Жорий йилнинг 1 июнидан, шунингдек, жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи (нотурар кўчмас мулк объектлари бундан мустасно) бўйича муддатида тўланмаган қарзига ҳисобланган пеня; охирги 6 ой мобайнида молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий белгиланган миқдордаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқдан вужудга келган қарзи, уларга ҳисобланган пеня ва жарималар; хўжалик юритувчи субъектларнинг ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги учун қўлланилган жарималар суммаси бекор қилинди.
Ушбу солиқ қарзи, пеня ва жарималарни ундириш билан боғлиқ суд ва ижро ишлари тугатилади. Шу билан бирга, даромад солиғини қайтариб бериш тартиби жорий этилади.
Бундан ташқари, жорий йил 1 июлдан 2024 йил 1 июлгача иссиқхонага ихтисослашган ер майдони 25 сотихдан кўп бўлган тадбиркорлар томонидан ишчиларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини қуйидаги шартларга бир вақтнинг ўзида риоя қилинганда тадбиркорларга қайтариб бериш тартиби жорий этилади. Бунда ҳар бир 5 сотих ер майдони учун ойига камида бир нафар ишчи бандлиги таъминланиши, ҳар бир ишчи учун ойига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1 бараваридан кам бўлмаган (980 минг сўм) миқдорда маош белгиланиши, иссиқхонага ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари томонидан иссиқхона фаолияти бўйича олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этиши лозим.
Шу билан бирга, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан асосий воситалар, номоддий активлар ва товар-моддий ресурсларни ҳисобга олиш ҳамда ўз устав фондини шакллантириш ва камайтириш билан боғлиқ барча операцияларни солиқ органларининг “E-Aktiv” ахборот тизимида ихтиёрий акс эттириш тартибининг амал қилиш муддати 2024 йил 1 апрелга қадар узайтирилди.
2024 йил 1 июнгача ер участкаларидан ҳужжатларсиз фойдаланаётган жисмоний шахсларга ер солиғининг 3 карра оширилган ставкасида солиқ ҳисоблаш тартиби тўхтатилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 4 апрелдаги қарорига мувофиқ эса, фермер хўжаликларига 2023 йил 1 июнь ҳолатига шаклланган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ қарзини 12 ой мобайнида тенг улушларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилди. Шунингдек, электрон ҳисобварақ-фактураларни тўлдириш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Яъни, июнь ойидан бошлаб уни расмийлаштиришда етказиб берувчи тоифаси шартлиги белгилаб қўйилди. У ишлаб чиқарувчи, импорт қилувчи, улгуржи ва чакана савдо билан шуғулланувчи, воситачи, хизмат кўрсатувчи эканлиги ЭҲФда қайд этилиши керак. Қолаверса, унда реализация мақсади кўрсатилиши шарт. Мазкур маълумотлар киритилмаса, ЭҲФ расмийлаштирилмайди. Ушбу тартиб ўтган даврлар учун расмийлаштириладиган тузатувчи ёки қўшимча ЭҲФларга ҳам татбиқ этилади.
Кези келганда қайд этиш керакки, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳолига қулай шароит яратиш ва уларни қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Яъни, бугун юртимизда инсон манфаатини ҳимоя қилиш энг устувор вазифага айланган, олий қадрият даражасига кўтарилган. Барча давлат идоралари фаолиятида аҳолининг мурожаатлари билан ишлашга алоҳида урғу берилиб, бу борадаги ишлар сифат жиҳатидан мутлақо янги тизим асосида ташкил этилмоқда. Хусусан, ўтказилаётган сайёр қабуллар халқнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда, шак-шубҳасиз, кутилган натижаларни бермоқда. Шундан келиб чиқиб, бошқармамиз томонидан аҳоли ва ёшлар билан ўтказилган оммавий сайёр қабуллар жараёнида 78 минг 572 фуқаронинг бандлиги таъминланди. Эҳтиёжманд оилалар қаторида бўлган 90 минг 574 фуқарога 21,1 миллиард сўмлик амалий ёрдам кўрсатилиб, 188 нафарига 6,2 миллиард сўмлик имтиёзли кредит, 116 нафарига 1 миллиард сўмлик субсидия ажратилишида амалий кўмак берилди.
Маҳаллаларда ёшлар билан ўтказилган тўғридан-тўғри мулоқотларда ёшларга ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун кўмаклашиб келинмоқда. Амалга оширилаётган бундай тадбирлар изчиллик касб этаётган ислоҳотларнинг натижаси сифатида инсон қадри ва манфаатига хизмат қилмоқда.
Юнусжон НАСИМЖОНОВ,
Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи