Экологик муаммоларнинг оқилона ечими

    Яқин кунларда мамлакатимизда кузатилган чанг бўронлари экологик муаммолар ечими бўйича кечиктириб бўлмайдиган зарурий чора-тадбирлар кўришни тақозо этмоқда.

    Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биологик хилма-хилликни сақлаш, иқлим ўзгаришларининг олдини олиш, озон қатламининг емирилиши, чўлланиш, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши каби глобал аҳамиятга эга масалаларни ҳал этиш ҳозирги кунда инсоният олдида турган энг муҳим вазифалардан ҳисобланади.

    Мамлакатимизда ҳам атроф-муҳит муаммоларини ўрганиш, уларни ҳал этиш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Айниқса, сўнгги йилларда давлат томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсини, атмосфера ҳавоси ва табиий ресурсларни асраш ҳамда чиқинди муаммоларини бартараф этиш, экологик таълимни жорий этишга қаратилган эътибор ва бу борада меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилаётгани фикримиз далилидир.

    Бу борада Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан мамлакатимиз экология соҳасида кенг кўламли ислоҳотларни янада чуқурлаштириш бўйича қатор долзарб вазифалар белгилаб берилди.

    Бутун мамлакат миқёсида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахтларни экиш ва парвариш қилиш соҳасидаги бошқарув тизимини такомиллаштириш, илмий ёндашувлар асосида ҳудудларнинг тупроқ-иқлим ва бошқа хусусиятларини аниқлашга қаратилган тадқиқот ва таҳлилларни амалга ошириш ҳамда бунинг натижасида ҳудудлар кесимида республика харитасини ишлаб чиқиш, кўчатхоналар сонини кўпайтириш шулар жумласидан.

    Фармон билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилди. Мораторий талабларини бузганлик учун маъмурий жарималар миқдори беш баробар, ўсимлик дунёсига етказилган зарар суммалари икки баробар оширилди.

    Республикамизда экотизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш, кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш ва яшил майдонларни кенгайтириш борасида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг амалга оширилиши бу борада муҳим қадам бўлди. Ушбу лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатлари экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режалаштирилган.

    Эндиликда барча шаҳар ва қишлоқларда дарахт экиш бўйича кенг кўламда иш олиб борилаётгани таҳсинга сазовор. Шу билан бирга, ҳар йили баҳор ва куз ойларида экиладиган дарахтлар парваришига, уларнинг кейинги тақдирига ҳам эътибор қаратилиши лозимлиги белгиланди.

    Жиззах вилоятида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2023 йилнинг баҳор мавсумида вилоят ҳудудида 10 миллион 57 минг туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари экилди.

    Ушбу кўчатлар “Яшил макон” туман ва шаҳар штаблари томонидан “Яшил макон” электрон платформасига киритилган бўлиб, вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг барча туман ва шаҳар бўлимлари давлат инспекторлари томонидан улар ҳақиқатда экилганлиги тасдиқланди.

    Ҳар бир дарахт кўчатларини экишда суғориш тизимига алоҳида эътибор қаратилди. “Яшил макон” электрон платформасига киритилган 10 миллион 57 минг туп дарахт ва бута кўчатини парваришлаш учун ҳар бир корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарлари ва масъул шахсларга далолатнома асосида бириктирилди. Шунингдек, экилган кўчатларни суғориш, парвариш қилиш юзасидан кўрсатмалар берилди. 47 та корхона, ташкилот ва муассасада жами 335 минг 494 туп кўчатнинг суғориш тизими ташкил қилинишига эришилди.

    Маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда барча тоифадаги ер майдонларида, жумладан, аҳоли томорқаси, суғориладиган ва лалми ерлар, чўл, тоғ ва тоғолди ҳудудларида мевали, ёнғоқ мевали, узум плантацияларига экилган кўчат ва қаламчалар “Яшил макон” электрон платформасига киритиб борилмоқда. Жумладан, Фориш туманида фаолият олиб бораётган “Lazzat kafolati” хусусий корхонаси томонидан туманнинг лалми ерлардаги 87 гектар ер майдонида 98 минг туп ток экилган эди. Айни кунларда уларни томчилатиб суғориш тизими шакллантирилиб, ёзнинг жазира иссиқ кунларида ниҳоллар оби-ҳаёт билан тўйинтирилмоқда.

    Зомин туманида фаолият олиб бораётган “Zamin wonderful food” МЧЖ томонидан 100 гектар лалми ерда 120 минг туп мевали кўчат экилиб, боғ ташкил қилиш билан бирга томчилатиб суғориш тизими ҳам йўлга қўйилди.

    Алоҳида таъкидлаш жоизки, вилоятда дарахт кўчатларини экишда ҳар бир ҳудуднинг табиий шароити, иқлими, тупроғи ва бошқа омилларни ҳисобга олиб, бевосита олимлар, мутахассислар ва боғбонларнинг тавсиялари асосида экилмоқда.

    Жумладан, “Ўзавтомоторс” акциядорлик жамияти томонидан 2021 йилнинг куз ва 2022 йилнинг баҳор мавсумларида Арнасой туманининг чўл ҳудудларидаги 103 гектар майдонга 80 000 га яқин павловния, заранг, шумтол, катальпа, қайрағоч ва япон сафораси дарахтлари кўчати экилган эди.

    Чўл ҳудудларида дарахт ўстиришнинг ўзи ғоят мушкул вазифа. Бундай ҳудудлар табиатининг ўзига хослиги, ҳароратнинг юқори бўлиши ва намликнинг кескин пастлиги дов-дарахтларнинг гуркираб ўсишида чекловчи омил эканлиги кўпчиликка маълум. Аммо шунга қарамасдан, экилган кўчатларнинг ўз вақтида парвариш қилиниши натижасида дарахтларнинг қарийиб 90 фоизи кўкарди. Бу ишларни амалга оширишда Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод штатида дунёдаги энг катта яшил ҳудудларнинг асосчиларидан бўлган “Pragati Group” компанияси билан ҳамкорликдаги ишлар яхши самара бераяпти.

    Компания раҳбари доктор Г. Раонинг айтишига қараганда, Ўзбекистонда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси табиат ва инсонлар ҳаёти учун ниҳоятда зарур тадбир ҳисобланади. Арнасой туманидаги ушбу яшил ҳудуд 5 йилдан кейин улкан боғга айланиб, экотизимларнинг барқарорлиги, биохилма-хилликнинг бойиши ва экотуризмнинг ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга бўлади. Лойиҳа доирасида яшил ҳудудда тозаликни асрашга катта эътибор қаратилади. Келгуси режаларга кўра, Ҳиндистоннинг “Valmiki” компанияси билан ҳамкорлик олиб борилиб, чиқиндиларни қайта ишлаш, пластик чиқиндилар кўпайишининг олдини олишга қаратилган чоралар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

    Ҳозирда бу ерда дарахтларни томчилатиб суғориш тизимини шакллантириш устида иш олиб борилмоқда. Бунинг учун кўлдан сув тортиб келиниб, Хитой технологияси асосида шўр сув чучук сувга айлантирилади ва кўчатлар суғорилади. Янги технология асосида бир кунда 70 минг куб сув қайта ишланади. Арнасой туманида барпо этилган яшил ҳудуд лойиҳасини амага ошириш учун ҳозиргача 1 миллион АҚШ доллари қийматида маблағ сарфланди. Ҳозирда сув автотранспорт воситаларида олиб келиниб, кўчатлар суғорилмоқда.

    Айни пайтда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган дарахт ва қаламчаларни суғориш билан бирга, ниҳолларни зараркунандаларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида агротехник тадбирлар ҳам ўтказилмоқда.

    “Яшил макон” умумиллий лойиҳасининг ҳаётга татбиқ этилиши табиатни муҳофаза қилиш ва экологик муаммоларнинг олдини олиш борасида энг муҳим дастуриламал бўлмоқда. Ҳеч шубҳасиз, яшил ҳудудларни кенгайтириш, яшил майдонлар ва жамоат паркларини ташкил этиш атроф-муҳитни кўкаламзорлаштирибгина қолмай, балки атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, тупроқ эррозияси, иқлим ўзгариши, озон қатламининг емирилиши ва айни пайтдаги энг долзарб муаммолардан бири бўлаётган қум ва чанг бўронларининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

    Эркин ХОЛМАТОВ,

    Жиззах вилоят экология, атроф-муҳитни

    муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши

    бошқармаси бошлиғи

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates