Тошкент шаҳридаги “Файзабод” транспорт воситалари диагностика марказида ўтказилган пресс-турда “Экологик транспорт” тизимининг амалий ишлаш жараёни намойиш этилди. Масъул мутахассислар экостикер бериш тартибини босқичма-босқич тушунтириб, реал автомобиль мисолида унинг бепул ва тезкор амалга оширилишини кўрсатиб беришди.
Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини асраш ва транспорт воситаларининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш мақсадида Ўзбекистонда “Экологик транспорт” тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда.
Жорий йилнинг 19 декабрь куни Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига қарашли Тошкент шаҳри Миробод туманида жойлашган Файзабод транспорт воситалари диагностика текшируви марказида матбуот ва жамоатчилик вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Мазкур тадбир Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 ноябрдаги 750-сон қарори билан жорий этилиши белгиланган “Экологик транспорт” тизимининг мазмун-моҳияти, амалий ишлаш тартиби ҳамда фуқаролар учун яратилаётган қулайликларни жойида кўрсатиш мақсадида ўтказилди.
Пресс-тур давомида масъул мутахассислар томонидан экостикер бериш жараёни назарий ва амалий жиҳатдан босқичма-босқич тушунтирилди. Журналистлар ва блогерларга диагностика текшируви қандай ўтказилиши, экологик тоифа қандай аниқланиши ва экостикер қандай берилиши амалда кўрсатиб берилди.
Хусусан, тадбир доирасида 1996 йилда ишлаб чиқарилган автомобиль диагностика текширувидан ўтказилиб, унга “яшил” экологик экостикер берилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, экостикер бериш транспорт воситасининг ишлаб чиқарилган йилига боғлиқ эмас. Асосий мезон — автомобилнинг экологик синфи (“Yevro” стандарти) ва унинг техник ҳолатининг амалдаги экологик талабларга мослиги ҳисобланади.
Шу билан бирга, масъуллар 1986 йил 1 октябргача ишлаб чиқарилган автомобиллар “яшил” экологик тоифага киритилмаслигини алоҳида қайд этишди.
Мутахассислар экостикер олиш жараёни ҳеч қандай маблағ талаб қилмаслиги, барча хизматлар бепул эканини ҳамда бутун жараён ўртача 2 дақиқа ичида амалга оширилишини амалда намойиш этиб беришди.
Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот котиби Зойир Йўлдошевнинг таъкидлашича:
“Автотранспорт воситаларидан чиқадиган зарарли газлар атмосфера ҳавосига, қолаверса инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун 2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда экологик экостикерлар тизими тўлиқ жорий этилади. Экостикерлар транспорт воситаларига биринчи марта диагностик текширувдан ўтказиш ва экологик стикер бериш алоҳида тўлов ундирилмасдан Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмаларида Ички ишлар вазирлигининг «Инновация лойиҳалари ва аҳолига сервис хизматлари кўрсатиш маркази» давлат унитар корхонаси томонидан амалга оширилади.
Электромобиллар, шунингдек, мотоцикл, мопед, скутер каби транспорт воситалари учун экостикер талаб этилмайди.”
Гибрид автомобиллар, муқобил ёқилғи турларида (сиқилган ва суюлтирилган газ бундан мустасно) ҳаракатланувчи транспорт воситалари ҳамда ишлаб чиқарилганига уч йилдан ошмаган транспорт воситалари — «тоза» экологик тоифага ажратилади.
Давлат экологик экспертиза маркази бош директори маслаҳатчиси Ислом Хушвақтов эса мазкур қарор орқали икки муҳим механизм жорий этилаётганини таъкидлади:
“Биринчи механизм — транспорт воситаларини экологик тоифаларга ажратиш ва экостикер бериш тартиби. Иккинчиси — шаҳарларда экологик зоналарни белгилаш. Фуқаролар сариқ ёки қизил экостикер олган тақдирда, транспорт воситасини қайта диагностикадан ўтказиб, экологик тоифасини яхшилаш ҳуқуқига эга.”
Мазкур тадбирда маълум қилинишича, экологик зоналар шаҳарларнинг ҳавоси энг кўп ифлосланган ҳудудларида жорий этилади. Уларнинг чегаралари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан Экология қўмитаси таклифи асосида белгиланади.
Сариқ ва қизил экостикерга эга транспорт воситалари белгиланган экологик зоналарда ҳаракатланиши мумкин бўлган ҳудудлар доирасида чекланиши мумкин. Бу жараёнлар бўйича назорат механизмлари босқичма-босқич ишлаб чиқилаётгани ҳам таъкидланди.
Мутахассислар қайд этишича, мамлакатимизда атмосфера ҳавосининг ифлосланиши нафас йўллари ва аллергик касалликлар кўпайишига олиб келмоқда. Шу боис “Экологик транспорт” тизими нафақат экологик, балки ижтимоий аҳамиятга ам эга.
“Экологик транспорт” тизими:
- 2025–2027 йилларда — Тошкент шаҳрида,
- 2028–2030 йилларда — Нукус шаҳри ва вилоят марказларида,
- 2031–2034 йилларда — мамлакатнинг барча ҳудудларида жорий этилиши режалаштирилган.
Файзабод диагностика марказида ўтказилган мазкур пресс-тур “Экологик транспорт” тизимининг амалда қандай ишлаётганини жамоатчиликка очиқ ва аниқ кўрсатиб берди. Экостикерлаштириш орқали транспорт воситаларининг атроф-муҳитга таъсирини назорат қилиш, шаҳарлар ҳавосини тозалаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида муҳим қадам қўйилмоқда.
Зулхумор АКБАРОВА








