Элдор Шомуродов қаерга ўтади?

    Бу савол бугун кўпчиликни қизиқтирмоқда

    Европада трансферлар авжига чиққан паллада Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг кейинги мавсумни қаерда бошлаши тўғрисидаги савол ҳамон очиқ турибди. Футболчи Римнинг “Рома” клуби билан 2026 йилга қадар шартнома имзолаган. Лекин Шомуродов жамоа бош мураббийи Жозе Моуриньонинг янги мавсум учун режаларидан ўрин олмаган. Рим клуби Элдор бўйича ҳар қандай таклифни кўриб чиқишга тайёр.

    Ўтган ҳафта “RomaPress” ўзбекистонлик футболчига “Лечче” клуби қизиқиш билдираётганини ёзганди. Хабарда айтилишича, ўтган мавсум А Серияда 16-ўринни эгаллаган леччеликлар янги мавсум олдидан ҳужум чизиғини Шомуродов билан кучайтирмоқчи. Ўтиш трансфер орқали амалга ошадими ёки ижара асосидами, ҳозирча номаълум.

    Кейинроқ матбуотда Элдорга Испаниянинг “Жирона” клуби қизиқиш билдираётгани ҳақида ҳам хабар пайдо бўлди.

    Куни кеча эса TuttoСagliari нашри ўзбекистонлик 28 ёшли ҳужумчи Италиянинг “Кальяри” клубига ўтиши мумкинлиги ҳақида ёзди. Қайд этилишича, жамоа бош мураббийи Клаудио Раньери Шомуродовни ўз жамоаси сафида кўришни истамоқда.

    Италиялик 71 ёшли таниқли мутахассис январь ойида “Кальяри” бош мураббийига айлангач, B Серияда 14-ўринда бораётган клубни ярим йил ичида пешқадамлар сафига кўтариб, мавсум якунида плей-офф орқали А Серияга олиб чиқишга муваффақ бўлди. Раньери А Серия янги мавсуми олдидан жамоаси таркибини кучайтиришни режалаштирган.