«Рома» январда Шомуродов билан хайрлашмоқчи

    Клуб Элдор Шомуродовни трансфер қилиш ёки ижарага бериш вариантини кўриб чиқмоқчи.

    «Рома» клуби қишки трансфер ойнасида жамоа ҳужумчиси Элдор Шомуродов билан хайрлашишни режалаштирмоқда, дея ёзади Corriere dello Sport нашри.

    Италия А Серияси жорий мавсумида муваффақиятсиз иштирок этаётган Рим клуби раҳбарияти қишки трансфер ойнасида таркибда бир қатор ўзгаришларга қўл урмоқчи. Клуб Элдор Шомуродовни трансфер қилиш ёки ижарага бериш вариантини кўриб чиқмоқчи.

    Инсайдер Никола Скиранинг ёзишича, «Рома» қишки трансфер ойнасида жамоанинг асосий форварди Артём Довбикга рақобат қила оладиган ва унинг ўрнини билинтирмайдиган ҳужумчини таклиф этмоқчи. Шунингдек, ўнг қанот ҳимоясини кучайтириш учун ҳам вариантларни излашга тушган.

    Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов ноябр ойида Ўзбекистон миллий жамоаси таркибида Қатарга қарши учрашувда жароҳат олиб, икки ҳафтага сафдан чиққан ва ўтган ҳафтада «Аталанта»га қарши учрашувда (0:2) римликлар сафида захирадан майдонга тушганди.