VX-4 тилтротор 27 километр масофани босиб ўтди. Йўналиш масофаси қисқа бўлса-да, аэротакси оддий ҳаво ҳудудидан учиб ўтган.
VX-4 самолёт ва вертолётнинг хусусиятларини ўзида мужассам этган: у вертикал равишда кўтарилади ва қўнади, лекин парвоз пайтида горизонтал режимга ўтади. Бу комбинация, айниқса, анъанавий учиш-қўниш йўлаклари учун жой бўлмаган шаҳар муҳити учун муҳим аҳамиятга эга. Қурилма учувчи томонидан бошқарилади, аммо масофадан ва автоматик бошқарув ҳам таъминланган, бу йўловчи, қутқарув, тиббий ва ҳатто ҳарбий вазифаларни бажариш учун кенг имкониятлар очади.
VX-4 тўрт нафар йўловчига мўлжалланган бўлиб, иккита версияда – тўлиқ электр ва қўшимча генераторли гибрид версияда ишлаб чиқарилади. Максимал тезлик соатига 185 километргача, парвоз баландлиги 550 метргача, электр версиясининг круиз масофаси тахминан 160 километр, гибрид версиясида эса 1600 километргача етади. Максимал юк ташиш ҳажми 1100 килограмм.
Парвозлар Буюк Британия авиация идоралари томонидан рухсат этилган. Синов натижалари технологиянинг мавжуд инфратузилмага интеграциялашувига тайёрлигини тасдиқлади. Йил охирига қадар такомиллаштирилган версиянинг парвози режалаштирилган, шундан сўнг компания сертификатлаштиришни 2028 йилгача якунлаб, унинг тижорат вариантини бозорга чиқишга умид қилмоқда, деб хабар беради korrespondent.net.








