Бу ҳақда таҳлилчи Эркин Каримов дорихоналарда ўтказилган тажриба лойиҳаси, Datfo Analytics маълумотларига таяниб LinkedInʼда маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 10 декабрдан Тошкент шаҳри ва республикадаги яна 15 та ҳудудда DMED платформасида «Электрон рецепт» пилот лойиҳаси ишга туширилди. Ушбу тизим FOM GROUP маҳсулотлари билан интеграция қилинган ҳолда амалга оширилмоқда.
Таҳлилчининг ёзишича, назарий жиҳатдан бу савдоларнинг кескин пасайишига олиб келиши мумкин эди: ўртача дорихона кунига 300 нафар мижозга хизмат кўрсатади, чекларнинг 65 фоизидан ортиғи рецептур препаратлардан иборат, электрон рецептлар эса дастлаб кунига бор-йўғи 3–4 тани ташкил этган.
Бироқ Datfo Analytics маълумотларига кўра, 300 дан ортиқ дорихонада 10 декабргача ва ундан кейинги кўрсаткичлар солиштирилганда, кутилган «обвал» кузатилмади.
Жумладан, одатда шифокор тайинловисиз харид қилинадиган:
- «Фаниган 100 таб.» (оғриқ қолдирувчи) — 11 декабрга қадар ўртача кунига 45,8 таблетка сотилган бўлса, электрон рецептлар жорий этилгандан кейин бу кўрсаткич 54 таблеткага етган.
Антибиотиклар бўйича:
- «Азимак 500 мг №3» — сотув ҳажми 2,3 тадан 2,6 тагача ошган (+13%);
- «Левомак 500 мг №5» — 1,52 тадан 1,50 тага тушган, яъни деярли ўзгаришсиз қолган.
Гормонал ва ҳаётий муҳим препаратларда ҳам барқарорлик сақланган:
- «Инсулатард 100 МЕ/мл, 10 мл» — 10 декабргача кунига 3,21 ўрам сотилган, кейин эса 3,04 тани ташкил этган. Қарийб 5 фоизлик пасайиш ҳаётий муҳим дори воситаларига бўлган талаб форматдан қатъи назар сақланишини кўрсатади.
Таҳлилларга кўра, дорихоналарда савдо тўхтаб қолиши кузатилмаган. Ҳаётий муҳим препаратлар барқарор сотилмоқда, оғриқ қолдирувчи ва антибиотиклар эса аҳолидаги хавотир ва «захира учун харид» туфайли айрим ҳолларда ошган бўлиши мумкин.
Мутахассислар фикрича, асосий хулоса электрон рецепт тизими ишламагани эмас, балки бозор ҳозирча аввалги режимда фаолият юритаётганидир. Таҳлиллар давом эттирилиб, бозор иштирокчилари учун маркетинг стратегияларини мослаштириш ва шаффофликни таъминлаш мақсадида натижалар эълон қилиб борилади.








