“Электрон таълим” имкониятлари

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 12 август сонида ТДЮУ профессори в.б, юридик фанлар доктори Хуршида Абзалованинг “Электрон таълим” имкониятлари” номли мақоласи чоп этилди.

    Миллий таълим тизимининг халқаро ҳамжамиятга интеграциялашуви йўлидаги саъй-ҳаракатлар бугунги жадал ислоҳотларда ўз ифодасини топмоқда. Хусусан, олий таълимни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ва бошқа бир қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилингани бунга ёрқин мисолдир.

    Президентимизнинг 2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони соҳа ривожида муҳим қадам бўлди.

    “Электрон университет” (E-University) тизимини жорий этган ҳолда, очиқ, шаффоф, субъективлик ва суиистеъмолчиликдан холи таълим муҳитини яратиш каби устувор вазифалар ижроси Тошкент давлат юридик университети фаолиятида ҳам ўз аксини топмоқда. Ҳозирги кунда университет профессор-ўқитувчилари масофадан туриб онлайн ва офлайн тарзда видеодарс, аудиодарс, электрон китоб ва ўқув материаллари асосида таълим бермоқда.

    2020/2021 ўқув йилидан бошлаб жорий этилган кредит-модуль тизими (ECTS Европа кредит тизими)нинг нафақат талабалар, балки профессор-ўқитувчилар фаолияти, ўз вазифасига кўрсатаётган ижобий таъсирини ҳис қилмаслик мумкин эмас.

    Бу тизим машғулотлар сифати ва самарасини кескин ошириш баробарида талабалар билимини баҳолашда ҳам объективлик ва шаффофлик таъминланишининг кафолати бўляпти.

    Назорат турлари — синов ва имтиҳонларни олиш ва баҳолаш тартиби махсус электрон тизим орқали амалга оширилиши, бунда талаба исм-шарифи яширилган ҳолда текширишга берилиши, бу жараён электрон тизимда шаффоф намоён бўлиб, ўқитувчи томонидан қўйилган баҳо ҳамда иш юзасидан шарҳ талабага дарҳол кўриниши ҳар қандай нохолисликнинг олдини олади.

    Университетда ўқув ва бошқарув тизимини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўқув жараёни учун қатор электрон тизимлар жорий қилинган. Талабалар учун ҳар қандай масала юзасидан электрон мурожаат қилиш имконияти яратилиб, “ягона дарча” тамойили асосида фаолият юритувчи Талабаларга хизмат кўрсатиш маркази ташкил этилди. Битирув малакавий ишлари ва магистрлик диссертациялари ҳамда илмий раҳбарларни танлаш электрон тизими, тўлов шартномасини электрон равишда олиш ҳамда тўлов бўйича қарздорликни назорат қилиб бориш механизми ишга туширилди.

    Университетнинг масофавий таълим платформаси (http://distant.tsul.uz) дунё бўйича эътироф этилган Moodle (объектга йўналтирилган динамик таълим муҳити) тизимида йўлга қўйилиб, янада такомиллаштирилди. Жумладан, маъруза машғулотларини ўтказиш учун видеочат (Big Blue Button) ва Zoom дастурий воситаси, назорат ишларини топшириш ҳамда уларни антиплагиат тизимдан ўтказиш механизмлари интеграция қилинди. Таълим платформасига 21 мингдан ортиқ электрон контент (видеомаъруза, аудио, электрон адабиётлар, маъруза матнлари, тест ва топшириқлар, қўшимча амалиёт материаллари) жойлаштирилди.

    Бундан ташқари, университет электрон кутубхонаси ҳам ташкил этилиб, унда 10 мингдан зиёд манба жойлаштирилди, ҳуқуқшунослар учун мўлжалланган WestLaw, LexisNexis ва JSTOR халқаро маълумотлар базаларидан фойдаланиш имконияти яратилди. Университет томонидан янги авлод дарсликларини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Янги ишлаб чиқилган талаблар, хорижий адабиётлар намуналари асосида ҳамда хорижий профессорларни жалб этган ҳолда, дарсликлар тайёрлаш ишлари, шунингдек, Оксфорд ва Кембриж каби хорижий нашриётлар билан шартномалар тузилиб, уларнинг энг машҳур ҳуқуқий адабиётларини ўзбек тилига таржима қилиш ва нашр этиш йўлга қўйилди. Бунинг натижасида ҳар йили 20 дан ортиқ дарс лик ва ўқув қўлланмалар нашр этиб борилмоқда.

    Start-up экотизимини яратиш мақсадида ТДЮУда Legal Tech лабораторияси ташкил этилган. У ёшларнинг стартап лойиҳаларини ахборот-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган. Ҳозирги кунда лаборатория томонидан Huquqiy shahar электрон платформаси ва мобиль иловаси ишлаб чиқилди. Мобиль илова Google Play Market платформасига жойлаштирилди ҳамда юклаб олиш имконияти яратилди. Платформа орқали университетда тайёрланган долзарб мавзулардаги 20 та илмий-оммабоп рисола жойлаштирилди. Бундан ташқари, платформада фуқароларга ҳуқуқий соҳага оид савол юбориш ҳам мумкин. Ҳозирги кунда фуқаролардан Huquqiy shahar мобиль иловаси орқали келиб тушган саволлар бўйича ҳуқуқий асосланган тушунтиришлар бериб борилмоқда.

    Университет таълим платформаси орқали ўқув жараёни онлайн дарслар учун барча имкониятларни яратиб бермоқда ва таълим сифатини оширмоқда. Ушбу платформада маърузалар ҳамда амалий машғулот ва семинарлар учун форум очишда Big Blue Button имкониятларидан фойдаланилмоқда. Кредит-модуль тизимининг асосий критерийси талабаларнинг мустақил таълим олиши бўлиб, бунинг учун барча манбалар платформага жойлаштирилган.

    Шунингдек, мустақил таълим жараёнида ўзлаштирилган билимларни платформа орқали автоматик баҳолаш имконияти мавжуд. Дарсда қатнашмаган ёки дарсни ўзлаштира олмаган талаба профессор-ўқитувчилар маърузаларини қайта кўриш имкониятига эга. Форум воситасида онлайн мулоқот қилиш барча муаммоларни биргаликда ҳал этишга йўл очади.

    “Электрон таълим” соҳасида Жанубий Корея, Буюк Британия, Дания ва Россия каби давлатлар тажрибасида ахборотлаштиришнинг асосий мақсади, биринчи навбатда, таълим сифатини оширишга, сўнг эса жараёнларни автоматлаштириш орқали олий таълим муассасаси ходимлари ва профессор-ўқитувчилари фаолиятида кўп такрорланадиган вазифалар учун кетадиган вақтни тежашга қаратилган. Таълим сифатини оширишда асосий эътибор таълим контентларини яратиш ва улардан очиқ фойдаланишни ташкил этишга аҳамият берилади.

    Мухтасар айтганда, “электрон таълим”нинг юридик кадрларни тайёрлашдаги ўрни ҳуқуқий таълимни ихтисослаштириш ва ҳуқуқшунос кадрларни муайян йўналишлар бўйича тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates