Электрон юридик клиника

    Ўзбекистонда эса 2020 йил апрель ойи маълумотларига кўра, интернет хизматидан фойдаланувчилар сони 22 миллиондан ортди. Шундан мобиль интернет фойдаланувчилари сони 19 миллионни ташкил этади. Бу кўрсаткич Ўзбекистондаги меҳнатга лаёқатли аҳолининг деярли барча қисмини ташкил этади.

    2020 йил дунё давлатлари олдига қатор синовлар қўйиш билан бирга, кўп имкониятлар эшигини ҳам очди. Рақамли воситалар одамларга ва иқтисодиётга пандемиядан омон қолиш учун масофадан туриб ишлаш, контактсиз пул ўтказиш, ҳукуматнинг рақамли хизматларини осонлаштириш орқали ёрдам беришда муҳим роль ўйнамоқда. COVID-19 пандемияси туфайли рақамлаштириш янада долзарб вазифага айланди. У бизга янги авлод инновацион дастурчилари томонидан яратилган юқори сифатли рақамли хизматлар келтирадиган афзалликларга нафақат гувоҳ бўлиш, балки улардан фаол фойдаланиш имконини берди.

    Рақамлаштириш Ўзбекистон учун янгилик эмас. Сўнгги 3-4 йил ичида ахборот-коммуникация технологияларидан давлат бошқарувини ислоҳ қилиш ва иқтисодий ўсишни тезлаштириш воситаси сифатида фойдаланиш бўйича кўп ишлар қилинди. 2020 йилда рақамли иқтисодиёт келажакдаги ривожланиш учун муҳим пойдеворга айланди. Бугун Ўзбекистонда пандемияга қарши амалга оширилаётган чора-тадбирлар қаторида рақамли усулда ижтимоий ёрдам кўрсатиш масаласи ҳам долзарб аҳамият касб этиб бормоқда.

    Айниқса, бу йўлда янги технологиялардан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишда янада самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Адвокатга мурожаат этиш имконияга эга бўлмаган фуқароларнинг ўзларини қийнаб келаётган саволларга ва муаммоларга масофадан туриб, рақамли технологиялар орқали жавоб олишлари уларнинг вақти, маблағини тежаш билан бир қаторда ҳуқуқий масалаларига ечим топишга хизмат қилади.

    Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари статистикаси

    Бу борадаги рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2020 йил июль ҳолатига кўра, деярли 4, 57 миллиард киши фаол интернет фойдаланувчилари бўлиб, бу дунё аҳолисининг 59 фоизини қамраб олади. Телеграмда ҳар куни 1,5 миллион янги фойдаланувчи рўйхатдан ўтади. Ҳозир телеграмнинг дунё бўйлаб 400 миллион фойдаланувчиси бор. Инстаграм эса ойига 1 миллиарддан ортиқ фаол фойдаланувчи билан дунё бўйлаб энг машҳур ижтимоий тармоққа айланди. Фейсбук 2020 йилнинг иккинчи чорагида 2,7 миллиарддан ортиқ ойлик фаол фойдаланувчи билан дунёдаги энг йирик ижтимоий тармоқ қаторига кирди.

    Ўзбекистонда эса 2020 йил апрель ойи маълумотларига кўра, интернет хизматидан фойдаланувчилар сони 22 миллиондан ортди. Шундан мобиль интернет фойдаланувчилари сони 19 миллионни ташкил этади. Бу кўрсаткич Ўзбекистондаги меҳнатга лаёқатли аҳолининг деярли барча қисмини ташкил этади.

    Бу борада ўрганилиши керак бўлган масалалар талайгина. Ушбу мақола орқали рақамли платформада бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш тартиб-қоидалари ҳақида мулоҳаза юритмоқчимиз.

    Ижтимоий тармоқлар орқали ҳуқуқий масалаҳат олиш турлари

    Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда канал, гуруҳ ва бот очиш орқали ҳуқуқий маслаҳат олиш турлари ривожланган. Масалан, телеграм ижтимоий тармоғида канал очиш орқали, асосан, шахсларга қонунчиликдаги янгиликлар, ҳуқуқий маълумотлар, ҳуқуқий тушунтиришлар бериб борилади. Канал орқали шахслардан келаётган саволларга ҳам жавоб бериш мумкин.

    Ижтимоий тармоқ орқали бепул ҳуқуқий маслаҳат беришнинг яна бир кўриниши бу гуруҳ очиш орқали бўлиб, бунинг ҳам бир қатор афзаллик ва камчиликлари мавжуд. Масалан, телеграм тармоғида гуруҳ очилганда, асосан, гуруҳда савол-жавоб тарзида мулоқот олиб борилади. Гуруҳ орқали савол берилганда шахслардан ортиқча вазифа талаб этилмайди. Сабаби, саволларини гуруҳга юбориш уларга қийинчилик туғдирмайди. Гуруҳ очиш орқали ҳуқуқий маслаҳат беришнинг бир қатор камчиликлари ҳам мавжуд. Энг аввало, гуруҳда берилган савол барча гуруҳ аъзолари томонидан ўқилиши имконияти мавжудлиги сабабли шахсий хусусиятга эга бўлган саволлар бериш имкони чекланади. Рақамли платформа орқали онлайн ҳуқуқий маслаҳат берилганда мурожаатчининг шахси ва мурожаати мазмуни сир сақланиши муҳим тамойиллардан саналади.

    Бундан ташқари, берилган савол ёки мурожаат бўйича гуруҳнинг ҳар бир аъзоси ўз муносабатини билдириб, малакали юридик ёрдам олиш имкониятига халал бериши мумкин. Қолаверса, гуруҳ очиш орқали саволларга жавоб беришда гуруҳ аъзолари сони ортиши билан саволларнинг сони ҳам ортиб боради. Натижада агар гуруҳда ҳуқуқий маслаҳат берадиган мутахассислар кам сонли бўлса, саволларга ўз вақтида жавоб берилмайди ёки саволларга жавоб берилмай қолиб кетиш эҳтимоли ҳам ортади. Одатда, гуруҳ очиш орқали ҳуқуқий маслаҳат берилганда қуйидаги тартибда иш олиб борилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

    Биринчидан, телеграм ижтимоий тармоғида гуруҳ очилганда келаётган саволлар билан ишлайдиган ва уларга тез ҳамда сифатли жавоб бериш учун кичик-кичик соҳавий бўлимлар (телеграм тармоғида соҳавий мутахассислар гуруҳи)ни ташкил этиш лозим.

    Масалан, гуруҳга оила, уй-жой, мерос, кредит ва бошқа масалаларга доир савол келса, соҳа бўйича тузилган мутахассислар гуруҳи ушбу саволлар билан шуғулланиб, жавобини гуруҳга юборади. Натижада тезкорлик ва сифат ошади. Бунинг учун, албатта, малакали мутахассислар сони ҳам кам бўлмаслиги талаб этилади.

    Иккинчидан, гуруҳ орқали саволларга берилган жавобнинг сўнгида қисқа хулоса берилиши ва бу хулосанинг тавсиявий характерга эгалиги кўрсатилиши мақсадга мувофиқ.

    Энди эса телеграм ижтимоий тармоғида рақамли платформадан фойдаланган ҳолда бот орқали ҳуқуқий маслаҳат бериш тўғрисида тўхталиб ўтамиз. Фикримизча, бот, асосан, телеграмда канал очиб маслаҳат бериш учун қулай восита саналади. Қолаверса, кейинчалик ботга қўшимча вазифаларни юклаб, унинг фаолиятини такомиллаштириш мумкин.

    Бот орқали ҳуқуқий маслаҳат берилганда мурожаатлар кўп, мурожаатга жавоб берувчи мутахассислар эса нисбатан кам бўлса, жавоб бериш қийинлашади. Чунки бот орқали саволлар битта профилдан кетма-кетлик асосида келади. Жавоб берилаётганда ҳам айни бир саволни белгилаб жавоб бериш керак. Акс ҳолда мурожаатчига жавоб етиб бормаслиги мумкин.

    Бот орқали савол бериш ва унга жавоб олишнинг яна бир афзаллик томони шундаки, шахс ва келтирилган маълумотлар тўлиқ сир сақланади. Берилган савол фақат мутахассисга, жавоб эса фақат мурожаат этувчига кўринади.

    Энди эса рақамли платформада фейсбук ижтимоий тармоғи орқали ҳуқуқий маслаҳат бериш тўғрисида тўхталиб ўтамиз.

    Ушбу ижтимоий тармоқ турида канал ёки гуруҳ очиш орқали ҳуқуқий маслаҳат берилиши мумкин. Агар канал очиб, фақат ҳуқуқий маълумотлар бериб борилса, фойдаланувчилар ўз изоҳларини ёза олмайди. Фақат берилаётган маълумотларни ўқий олишади. Гуруҳ очишнинг бир қатор тартиблари бор. Улар қуйидагилар:

    Биринчидан, барча фойдаланувчилар ёза олиши яъни берилаётган ҳар бир постга ўз муносбатини билдира олиши керак.

    Иккинчидан, ушбу тармоқда савол-жавоб постлардан кўра мақолалар чиқариш яхши самара беради.

    Учинчидан, берилаётган саволларга ўз вақтида ва сифатли жавоб бериб бориш лозим.

    Рақамли платформада инстаграм ижтимоий тармоғи орқали ҳуқуқий маслаҳат бериш ҳам деярли юқорида фейсбук тармоғи ҳақида келтириб ўтганларимиздан фарқ қилмайди. Фақат айрим техник жиҳатларни қуйида келтириб ўтамиз.

    Инстаграм ижтимоий тармоғи орқали ҳуқуқий маслаҳат берилганда, асосан, расмли, график кўринишда пост тайёрлаган маъқулроқ. Чунки ушбу ижтимоий тармоқда узун постлар ва мақолалар ўқилмаслиги эҳтимоли юқори. Инфографикалардан кўпроқ фойдаланиш самара беради.

    Рақамли платформадага яна бир оммабоп восита, ютуб ижтимоий тармоғи орқали ҳуқуқий маслаҳат беришнинг ҳам ўзга хос жиҳатлари мавжуд. Ушбу ижтимоий тармоқда ҳуқуқий маслаҳатлар асосан видеороликлар орқали бериб борилади. Берилаётган видеороликлар сифатли, қисқа, аниқ, содда, равон тилда бўлиши талаб этилади. Берилаётган ҳар бир маълумот шарҳланиши керак. Қонунни тўғридан-тўғри ўқиб бериш тушунмовчиликни келтириб чиқариши мумкин. Бу эса рақамли платформа орқали бепул ҳуқуқий ёрдам бериш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишдек эзгу мақсадга эришишда тўсқинлик қилиши мумкин.

    Отабек НАРЗИЕВ,

    ТДЮУ юридик клиникаси раҳбари

    Муҳриддин ШАМСИДДИНОВ,

    ТДЮУ юридик клиникаси битирувчиси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates