Бугунги глобаллашув шароитида электротехника тармоғи фақат техник тараққиётнинг эмас, балки миллий иқтисодиёт ва ижтимоий фаровонликнинг муҳим таянч устунига айланмоқда. Кундалик ҳаётимизда кўп ишимиз тушадиган компьютер тизимлари, интернет инфратузилмаси, сунъий интеллект, “ақлли” шаҳарлар, транспорт ва замонавий сигнализация тизимлари — буларнинг барчаси электротехника ютуқларига таянган ҳолда яратилмоқда. Бу эса нафақат қулайлик, балки иқтисодий ва ижтимоий фаолликка замин яратмоқда. Шу жиҳатдан олганда, саноатни модернизация қилиш ва рақамли иқтисодиётни жорий этишга интилаётган Ўзбекистон учун электротехника тармоғининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Кейинги йилларда юртимизда электротехника саноатини ривожлантириш йўлида муҳим қадамлар ташланмоқда. Тармоқнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда. Жумладан, жорий йил 22 январда давлатимиз раҳбарининг “Электротехника саноатини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, инвестициялар ва хорижий брендларни жалб этиш, тажриба-конструкторлик ишларини ривожлантириш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида БМТнинг электрон ҳукумат рейтингида дунёдаги энг илғор 30 мамлакат қаторига кириш мақсади белгилангани бежиз эмас.
Кооперация ва инвестиция янги босқичда
Юртимизда маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, кооперацияни ривожлантириш ва инвестиция лойиҳаларини рўёбга чиқариш борасида изчил ва аниқ стратегия амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотлар саноатда туб ўзгаришлар қилиш, янги иш ўринлари яратиш ва иқтисодий барқарорликка эришишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бунда электротехника соҳасида импортга қарамликни камайтириш ва ўзимизда ишлаб чиқаришга катта урғу берилаётгани қўл келяпти. Буни биргина кабель мисолида кўриш мумкин. Жорий йилдан барча хорижий ва маҳаллий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларда кабель-ўтказгич маҳсулотларининг камида 70 фоизини маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилиш тизими яратилди.
Ҳозир “Masdar”, “ACWA Power” ва “China Gezhouba Group” каби йирик хорижий компаниялар иштирокидаги лойиҳаларга 1,1 триллион сўмлик кабель маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз томонидан етказиб берилиши режалаштирилган. Бу нафақат маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, балки янги иш ўринларини яратиш ва ташқи иқтисодий таъсирларни камайтиришда муҳим қадам бўлмоқда.
2025 йилда 6538 дона насос ва 906 дона электр двигатель маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб берилади. Бу талаб йирик тармоқлар — тоғ-кон саноати, энергетика, кимё ва сув хўжалиги соҳаларидаги лойиҳаларга нисбатан белгилаб берилган.
Шу асосда жорий йилда 1,5 триллион сўмлик электротехника маҳсулотлари тармоқлараро кооперация орқали бозорга чиқарилиши режалаштирилган. Бу маҳаллий корхоналар салоҳиятини кенгайтириш ва тармоқлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида жорий йилда 3,3 триллион сўмлик 12 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган. 2024 йилда умумий қиймати 516 миллион доллар бўлган 85 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Уларда 1,7 триллион сўмлик маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Бу лойиҳалар нафақат маҳаллий эҳтиёжларни қоплаш, балки экспорт салоҳиятини кенгайтиришга ҳам йўл очяпти.
Янги бозорлар сари
Жаҳон иқтисодиётидаги катта ўзгаришлар ва глобал рақобат ортган сайин мамлакатлар янги бозорларга чиқишда креатив ёндашувларни ишлаб чиқишга мажбур бўлмоқда. Юртимизда ҳам бу жараён ўз самарасини бераётгани ва электротехника саноатига эътибор катта натижаларга олиб келганини кўриш мумкин.
Сўнгги етти йил давомида электротехника маҳсулотларининг экспорти 7 баробар ошди, географияси эса 63 та мамлакатгача кенгайди. 2024 йилда асосий экспорт бозорлари бўлган Россия, Қозоғистон ва Тожикистонга экспорт ҳажми 2023 йилдагидан 30 миллион доллар камайган бўлса-да, бу йўқотишлар янги, юқори истеъмолга эга бозорларда қопланди. Жумладан, Польша, Италия, Исроил, Ҳиндистон ва Озарбайжон каби давлатларда маҳсулотлар экспорти 60 миллион доллардан ошди.
Шунингдек, истеъмол даражаси юқори бўлган Қатар, Марокаш ва Канадага ҳам экспорт кенгайди. Бу бозорларнинг ўзига хос хусусияти ҳамда юқори талаб савдонинг ўсиб боришига замин яратмоқда.
Экспорт логистикасидаги янгиликлар ҳам ўзига хос. Мослашувчан экспорт логистикаси ишлаб чиқилиб, илгари кириш имкони бўлмаган Ҳиндистон каби йирик бозорга БААнинг Дубай шаҳрида савдо омборхоналарини ташкил этган ҳолда 2,5 миллион долларлик экспорт амалга оширилди.
Тармоқ салоҳиятини юксалтиришда импорт хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва қўшилган қиймат яратиш ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Масалан, импорт қилинган алюминийдан тайёрланган маҳсулотлар АҚШ, Канада ва Малайзия каби ривожланган бозорларга экспорт қилинмоқда. Ушбу маҳсулотлар умумий экспорт ҳажмида 50 миллион долларлик улушни ташкил этмоқда.
Бюрократик тўсиқлардан холи савдо тизими
Янги бозорларга чиқиш, ўзаро савдо ҳажми ошиши нафақат иқтисодиёт ривожи, балки саноатнинг глобал рақобатдаги мавқеини мустаҳкамламоқда. Бу натижалар, албатта, тармоқдаги юқори технологиялар, янгиликлар ва инновациялар қўлланиши ортидан келяпти. Энг муҳими, маҳсулотларимиз глобал бозорларда тан олиниб, рақобатбардошликни оширади, бу эса нафақат иш ўринлари яратиш, балки иқтисодий ўсиш ва аҳоли фаровонлиги ошишини таъминлайди.
Қувват, салоҳият, имконият — булар темирда эмас, балки инсон тафаккурида. Шу маънода, юртимиз ишбилармонларининг ҳар бир имкониятни самарали ишлатишга, янги ҳудудларни очиш орқали миллий иқтисодиёт ривожига йўл очишга ҳаракат қилаётгани диққатга сазовор. Натижада янги савдо йўллари ва бозорлар сари одимлаётган Ўзбекистон глобал рақобат майдонида ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда.
Жаҳон бозори ва савдо муҳитидаги улкан ўзгаришлар, анъанавий савдо усуллари орқали кўпинча кўплаб бюрократик тўсиқларга дуч келиш табиий ҳолат. Шу боис, савдо соҳасида рақобатлашиш ва тезкор натижаларга эришиш учун янги усуллар, жумладан, онлайн маркетплейслар орқали экспорт қилиш кенг тарқалмоқда. Бунинг натижасида тўсиқлар қисқараётгани ва янги имкониятлар пайдо бўлаётгани кўзга ташланмоқда.
Ҳозирги кунда онлайн маркетплейслар орқали савдо қилиш натижасида миллий маҳсулотларимиз жаҳон бозорларига янада осон ва самарали етказилмоқда. 2024 йилда электротехника соҳасида маркетплейслар орқали 10 та корхона томонидан 15 миллион долларлик экспорт амалга оширилди. Бу рақамлар 2025 йилда тўрт баробар кўпайиши, яъни
30 та корхона 65 миллион долларлик экспортга етиши кутилмоқда. Маркетплейслар воситасидаги экспорт ҳиссаси йилдан йилга ўсиб бормоқда, бу эса мамлакатимиз учун муҳим иқтисодий босқични белгиламоқда.
Масалан, 2025 йилда тармоқнинг 30 та корхонаси Россиянинг “Вайлдберриз”, “Озон”, “Холодильник.ру”, “М-Видео”, “Эльдорадо” ва Қозоғистоннинг “Каспи”, “Техноград”, “Халик маркет”, “Теез” каби савдо платформалари орқали қўшимча 50 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилишни режалаштирган. Бу платформалар нафақат маҳсулотларни осон етказиб бериш, балки савдо жараёнини қатор бюрократик тўсиқлардан халос қилишга ҳам ёрдам бермоқда.
Маркетплейслар билан савдо тизимини кучайтириш ҳамда иқтисодий интеграция ва савдонинг рақобатбардошлигини ошириш орқали мамлакатимиз саноатига янги йўналишлар очилмоқда. Шу тариқа маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун ички ва глобал бозорларда рақобатлашиш учун янги имкониятлар яратилади.
Экспорт логистикасидаги ўзгаришлар ҳамда онлайн платформалар орқали савдо қилишнинг самарадорлиги иқтисодий ривожланишга катта ҳисса қўшмоқда. Бу эса янги савдо имкониятлари пайдо бўлаётганини англатади.
Маркетплейслар орқали савдо қилиш савдо, иқтисодий фаолият ва экспорт ҳажми ўсишига сабаб бўлган янги қадамдир. Бу тизим бюрократик тўсиқларни енгиб, рақобатга қодир, ривожланган иқтисодий муҳит яратишга ёрдам беради. Шунингдек, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, электротехника соҳаси ривожи мамлакатимиз иқтисодиёти ўсиши, халқ фаровонлиги ва рақамли жамият қуриш сари ишончли қадамлардан бирига айланмоқда. Юртимизда ушбу йўналишга қаратилаётган эътибор эртанги технологик тараққиёт пойдеворини мустаҳкамламоқда.
Сардор ТОЛЛИБОЕВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири