Гап шундаки, 2014 йили Шийринхан опа Қўнғирот туманидаги бир коллежда директор ўринбосари бўлиб ишларди. Шу коллеж раҳбари бир чойхонадан 148 минг сўм қарз бўлиб қоладию, бу пулни ўша кунларда ишдан бўшатилаётган психологга тўлашни буюради. Психолог аёл ҳам ишда қолиш учун дастлаб 50 минг сўм олиб келганда, директор пулни ўзи олишдан қўрқиб уни ўринбосарининг олдига юборади.
Шийринхан Таумуратованинг бор айби шу 50 минг сўм нима учун эканини, яъни узумнинг боғини сўраб-суриштирмай олиб қолгани ва директорга элтиб берганида бўлади. Эртаси куни психолог яна 100 минг сўм олиб директор олдига кириб бераётган жойда директор қўлга олинади, табиийки, олдинги 50 минг сўм поранинг воситачиси сифатида Шийринхан опа ҳам жиноятчилар қаторига қўшилиб қолади. 2015 йил 13 февралдаги суд ҳукми билан Шийринхан Таумуратова 2 йил мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, унга 2 йиллик шартли синов жазоси тайинланади.
Куни кеча Оролбўйида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича ташкил қилинган оммавий қабулларда Шийринхан Таумуратова Олий суд масъулларидан қарийб 7 йил олдинги суд ҳукмини қайта кўриб, қонуний-адолатли ҳал қилиб беришларини сўради. Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати бу шикоятни жиноят иши материаллари билан бирга кўриб чиқиб, Қўнғирот туман судининг 2015 йил 13 февралдаги айлов ҳукмини бекор қилди. Ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмаганлиги сабабли Шийринхан Таумуратовани айбсиз деб топиб, оқлади.
Ҳа, Президент Халқ қабулхоналари Элликқалъа, Чимбой, Нукус, Қонликўл, Шуманай туманларида ташкил қилган очиқ-жонли мулоқотларда Шийринхан опа сингари муқаддам асоссиз равишда судланган жами 4 инсоннинг иши судда қайта кўрилиб, уларнинг барчаси оқланди. Яна кўплаб инсонларнинг мушкули осон бўлди, қонун устуворлиги, одил судлов яна бир бор амалда таъминланди, адолат, инсонпарварлик тамойиллари қарор топди.
Уч кунлик оммавий қабулларда Оролбўйининг барча ҳудудидаги мурожаатчилар қамраб олинди. Ҳар бир ариза ва шикоят ҳудудлардаги масъул раҳбарлар ва мурожаатчилар иштирокида синчиклаб кўриб чиқилди.
Бу жараёнда Олий суд масъуллари кўриб чиққан 615 та мурожаатнинг 118 таси жойида ҳал қилиб берилди. Хусусан, жиноят ишлари бўйича Беруний, Тўрткўл, Элликқалъа, Кегейли, Қонликўл, Қўнғирот, Хўжайли, Тахиатош, Шуманай туманлари ва Нукус шаҳар суди томонидан 36 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди. Яна 11 нафар шахсга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш ва озодликни чеклаш жазолари енгилроғига алмаштирилди.
Султонбек Султонов уч йил олдин ўйламай босган қадами туфайли 7 йил 6 ойга қамалган эди. Умрининг 3 йилу 10 ойини темир панжара ортида ўтказган Султонбек ўтган даврда айбини тушунди, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлди. Олий суд масъуллари қабуллар давомида унинг ҳам белгиланган жазони енгилроғига алмаштириш сўралган аризасини кўриб чиқди. Шу ариза асосида сайёр суд ўтказилиб, Султонбек Султонов шу куннинг ўзида қамоқдан чиқарилди.
Шунингдек, қабулларда 2 нафар шахс маъмурий жавобгарликдан озод қилинди. Фуқаролик ишлари бўйича судлар 91 нафар шахснинг алимент ундириш, 24 нафар шахснинг юридик аҳамиятга эга фактларни белгилаш бўйича аризасини қаноатлантирди, 113 та даъво аризалари иш юритувига олинди. Ажрашиш ёқасига келиб қолган 34 та оила яраштирилди.
Қабулларда 104 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилиниб, тегишли судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказилди.
Бош прокуратура масъуллари келиб тушган 214 та масаланинг ҳар бирини мурожаатчи ва Қорақалпоғистон прокуратураси раҳбарияти билан юзма-юз муҳокама қилди. Улар асосан тергов-суриштирув, суд қарорларини қайта кўриб чиқиш, суд қарорлари ижроси, иш билан таъминлаш, кредит ажратиш, тадбиркорлик ва бошқа масалалардаги аризаю шикоятлардан иборат. Бу мурожаатларнинг асосий қисми қўшимча ўрганишни талаб қилгани боис назоратга олинган бўлса, айрим масалалар жойида ҳал қилинди.
Дейлик, қонликўллик Зарафшан Туржанова нон цехи очиб тадбиркорлик билан шуғулланишни ният қилгану, дастмояга пул тополмай турган экан. Камига 150 миллион сўм кредит ажратиш масаласини ҳам банклар анчадан бери чўзмоқда. Аёлнинг Бош прокуратура масъулларига мурожаатидан сўнг унга имтиёзли кредит ажратиш масаласи жойида ечим топди. Шу сингари қўнғиротлик Гулзира Атабаева ва Ирисгул Жакиевага қўшимча даромад топиши учун замонавий тикув машиналари олиб берилди.
Қонликўллик Абадан Сапарованинг соғлиғида муаммолар бор, оилавий шароити оғир. Шу боис Бердақ номидаги қорақалпоқ давлат университети кимё факультетида ўқиётган фарзандининг шартнома пулини тўлай олмаётир. Онанинг шу масалада амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати ҳам эътиборсиз қолмади. Қонликўл тумани ҳокимлиги бу талабанинг шартнома пулини тўлаб берадиган бўлди.
Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари кўриб чиққан 60 та масаланинг аксарияти ички ишлар органларига ишга қайта тиклаш, суриштирув ва тергов, ички ишлар ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норозилик каби масалалар ташкил қилгани учун ҳар бир мурожаат бўйича аниқ муддат ва масъуллар тайинланиб, назоратга олинди.
Соҳа ходимлари устидан келиб тушган ҳар бир шикоят бўйича хизмат текшируви тайинланди. Мурожаатлар асосида бир қатор шахсларнинг фуқаролик паспорти олиш билан боғлиқ масалалари ҳал қилиб берилди. Чимбойлик Элбурс Айтбаевнинг ҳам икки йиллик муаммосига шу ерда ечим топилиб, суд қарорига асосан олиб қўйилган ҳайдовчилик гувоҳномаси қайтариб берилди.
Шуманайлик Паруаз Мамутова эса Ички ишлар вазирлиги масъулларига ўтган галги оммавий қабулда қилган мурожаатлари ижобий ҳал этилгани учун миннатдорчилик билдирди.
Умумлаштириб айтганда, Оролбўйида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича ташкил қилинган навбатдаги оммавий қабулларда 970 нафардан зиёд мурожаатчининг мингта масаласи кўриб чиқилди. Уларнинг 144 таси жойида ҳал этилди, 342 та мурожаат бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди, қўшимча ўрганиш талаб этиладиган 514 та масала назоратга олинди.