Эмир КУСТУРИЦА: “Ўзбекистон ҳақидаги фикримда собитман у – цивилизациялар чорраҳасидаги мамлакат”

    Маданият 14 октябр 2023 1068

    Кеча қатор босма ва электрон нашрлар режиссёр Музаффар Эркиновнинг “Муболағасиз, ғурур туйдим...” сарлавҳали мақоласини эълон қилди.

    Ўзбек режиссёри яқинда мамлакатимиз мезбонлик қилган XV Тошкент халқаро кинофестивалига меҳмон бўлиб келган Эмир Кустурицанинг таассуротларига асосланган самимий мақоласида хорижлик ҳамкасби кечинмаларининг чиройли баёнини келтирган.

    Европанинг энг йирик кинофестиваллари, шу жумладан, Канн кинофестивалида икки марта “Олтин пальма япроғи”ни олишга мушарраф бўлган ягона ижодкор, келиб чиқиши босниялик кинорежиссёр ва актёр билан Тошкент кинофестивали доирасида суҳбатлашиш имконияти бўлмаган эди. Шунинг учун Музаффар Эркинов билан боғландик, яхши мақола ёзгани билан табрикладик. Дарвоқе, Озарбайжонда Турк дунёси III “Қўрқут ота” кинофестивали ўз ишини якунлади. Унда Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов туркий дунё кинемато графияси ривожига қўшган ҳиссаси учун махсус мукофот билан тақдирланди. Шунингдек, кинофестивалда режиссёрлар Музаффар Эркинов “Абдулла Орипов” бадиий фильми учун “Энг яхши сценарий”, Шуҳрат Маҳмудов “Менинг доирам” ҳужжатли фильми учун “Энг яхши ҳужжатли фильм” номинациялари бўйича ғолибликни қўлга киритди. Ушбу эътироф билан ҳам ижодкорни муборакбод этдик.

    — Музаффар, билишимизча, ҳам ғойибона устозингиз, ҳам дўстингиз Эмир Кустурица ҳозир қисқа таътилда экан. У юртимизга сафари давомида тиғиз жадвалда ишлади, суҳбатлашишга имконимиз бўлмади. Режиссёр билан боғланиб, айрим саволларимизга жавоб олишда ёрдамингиз керак.

    — Техника ривожланган асрда бу муаммо эмас, жоним билан! Ҳеч қанча фурсат ўтмай, жаҳон киноси ривожига улкан ҳисса қўшган “Яшамоқ — бир мўъжиза”, “Аризона орзуси”, “Оқ мушук, қора мушук”, “Андеграунт”, “Лўлилар соати” каби машҳур фильмлар муаллифи, режиссёр, актёр ва мусиқачи Эмир КУСТУРИЦА ва унинг продюсери Мирко РАДИНОВИЧ билан ижтимоий тармоқлар орқали алоқа ўрнатилди, онлайн режимда саволларимизга жавоб олдик.

    * * *

    — Бугун ўзбек матбуотида сизнинг юртимизга ташрифингиз таассуротлари ёритилган мақола эълон қилинди. Бироқ у Тошкент ва Самарқандда бўлиб турган вақтингиз билан боғлиқ ҳамда муаллиф — ҳамкасбингиз тилидан берилган. Мана, ўз мамлакатингизга қайтдингиз, орадан вақт ўтди. Таҳлил, ташбеҳ ва хулосаларингиз ўзгармадими?

    — Аввало, айтишим керак, Ўзбекистондан қайтганимдан сўнг ҳам менга кўрсатилаётган бундай эътибордан миннатдорман. Дўстим, ҳамкасбим Музаффарнинг мақоласи эълон қилингани ва унда билдирилган изҳорлардан қисман хабарим бор. Ўзбекистон ҳақидаги фикрларимда собит қоламан ва ҳамон сафар ҳаяжони мени тарк этмаганини таъкидламоқчиман. Мен Тошкент ва Самарқанд шаҳарларининг гўзаллигидан, мафтункорлигидан, ихлосмандларнинг кино санъатига ҳурмати, уни теран англаши ва тушунишидан, Тошкент халқаро кинофестивалининг юқори савияда ўтганидан қандай ҳайратланган бўлсам, халқингизнинг самимийлиги, меҳмондўстлиги, эътиборидан шунча таъсирландим. Шаҳарларингиз сайилгоҳ ва истироҳат боғларига бой, кирган ва сайр қилаётган одамни сеҳрлаб қўядиган даражада эртакнамо эканига гувоҳ бўлдим. Турли ёш, дин, ирқдаги одамлар ўзларини бирдек хотиржам, бехавотир ҳис қилаётганини кўрдим. Оиласи, фарзандлари билан ҳар қадамда фавворалар шарқираб турган тунги кўчаларни, музейларни эслатиб юборувчи тамаддихоналарни тўлдириб, ҳордиқ чиқараётган ҳар хил динга мансуб, либослари ҳам турлича русумда бўлган фуқаролар билан саломлашдим. Бу демократиянинг олий кўринишидир. Бу Ўзбекистоннинг цивилизациялар чорраҳасида эканига ишора эди.

    — Дунёнинг етакчи кино мутахассислари сизга “олдинни кўра билиш, башорат қилиш қобилиятига эга, буни ўз ижоди, яратган фильмлари орқали ҳам исботлаган, жамиятининг қарашларини ўзгартиришга қодир ижодкор”, дея таъриф беради. Ўзбекистоннинг келажаги, хусусан, киносаноати истиқболлари ҳақида қандай фикрдасиз?

    — Мен Ер сайёрасининг бир фуқароси сифатида, ўз таҳлилларимга таяниб, дунёнинг келажагини Осиёда кўраман. Ўзбекистон эса Осиёнинг ажралмас қисми, боз устига Марказий Осиёдек муҳим минтақада етакчи позицияга эга мамлакат. Келажакка назар ташлаш шарт эмас, бугуннинг ўзида Осиё давлатлари қандай ривожланиб бораётганини кўриб турибмиз. Ишонаманки, Ўзбекистон энг олдинги сафлардан мустаҳкам ўрин олади. Иқтисод ривожлангани сари миллий кино санъати ҳам тараққий этиб боради. Бунинг учун сизларда улкан салоҳият ҳам, имконият ва шароит ҳам етарли. Менинг қадрдоним, айни пайтда продюсерим Мирко Радинович 1991 йилда илк бор мамлакатингизда бўлган. Кечаги сафарда менга ҳамроҳлик қилди. Ўзгаришлардан, ислоҳотлардан оғзи очилиб қолди. Музаффар Эркинов гувоҳ, тунги “Тошкент сити”да айланиб юрганимизда Францияда бўлиб турган саёҳатчи дўстларимиз билан телефон орқали гаплашди. Уларга “Парижда нима бор, Тошкент ёки Самарқандга келинглар”, дея хитоб қилганидаги ҳаяжонини, гаплари самимий ва чин юракдан чиқаётганини ҳаммамиз сездик. Яна бир гап, фақат ҳеч кимга айтманг (кулади). Тошкент халқаро кинофестивалига қизим Дуняни ҳам олиб келгандим. Мен тадбирма-тадбир юрганимда у кўплаб манзилларни айланди, кўрди, ўзига Ўзбекистондан дўстлар орттирди. Қайтишда қизим билан сафар таассуротлари ҳақида гаплашишга имкон бўлмади, мен ўз ишларим, у ўз юмушлари билан банд бўлдик. Лекин биласизми, кеча у менга нима деди? “Париждаги уйимни сотиб, Тошкентдан уй олиш ҳақида ўйлаяпман”, деди. Қизимнинг бу гапи менда бошқа савол қолдирмади.

    — Навбатдаги кинофестивалда иштирок этиш учун Тошкентга яна келиш режангизда борми?

    — Менимча, навбатдаги фестивални кутиб ўтирмайман. Имкон туғилса, яна Ўзбекистонга бормоқчиман. Ишонаманки, юртингизда мен кўрмаган ва ҳайратимга ҳайрат қўшадиган манзиллар, жиҳатлар кўп. Қолаверса, Президентингиз Шавкат Мирзиёев бошлаган кенг ислоҳотлар бугун авж паллада ва изчил давом этмоқда. Яъни мен яна гувоҳ бўладиган беқиёс ва кўламли ўзгаришлар олдинда. Ўзбекистон кун сайин нафақат Осиёнинг, балки жаҳоннинг етакчи мамлакатлари сафидан жой олиш сари дадил қадам ташлаяпти. Ушбу жараённи бевосита кузатиш, тараққиётнинг ичида бўлиш истагидаман.

    — Демак, Тошкентда кўришгунча, жаноб Кустурица!

    Нодир МАҲМУДОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates