Энди Ўзбекистонда ҳам учувчилар мактаби бўлади

    25 нафар талаба дастлаб университетимизда таҳсил олади. Икки йиллик таҳсил ва тиббий кўрик хулосаларига кўра, 20 нафари Францияда таълимни давом эттириши учун Фуқаро авиацияси миллий мактабига юборилади.

    Ўзбекистоннинг очиқлик ва шаффофликка, хорижий мамлакатлар билан самимий ва конструктив мулоқотга асосланган ташқи сиёсати транспорт дипломатияси орқали такомиллашиб, янгича мазмун билан бойимоқда. Халқаро муносабатлардаги дўстона кайфият юртимизни ҳамкор давлатлар билан боғловчи транспорт йўлагини, тизимли логистика тармоғини ишга туширишни талаб этади. Бу жараёнда сифатли авиация қатновини ташкил этиш ҳам муҳим ўрин тутади.

    Бугун бир ҳақиқатни баралла айтсак бўлади. Шу пайтгача Ўзбекистонда авиация мактаби бўлмаган. Авиация факультети бор эди, лекин унда учувчилар эмас, фақат техник хизмат кўрсатувчи мутахассислар тайёрланган. Мураккаб пайтларда мамлакатимизда учувчи етишмаслиги боис чет элдан мутахассис чақиртирилган. Ваҳоланки учувчиларнинг ойлиги жуда яхши. Беш-ўн минг АҚШ доллари атрофида маош олади.

    Олдин сараланган мутахассислар учувчиликка ўқиш учун Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига юборилган. Ҳар бир учувчининг таълими учун 25 минг доллардан 100 минг долларгача маблағ сарфланган. Бироқ улар ҳам юртимизга кичик ҳажмли самолётлар учувчиси бўлиб қайтиб келган. Кейин халқаро тоифа олиши учун бошқатдан авиакомпаниянинг Ўқув-тренажёрлик марказига юборилган.

    Давлатимиз раҳбарининг шу йил 30 апрелдаги “Фуқаро авиацияси корхоналарини трансформация қилиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Франция Фуқаро авиацияси миллий мактаби (ENAC) билан биргаликда Тошкент давлат транспорт университети таркибида Фуқаро авиацияси учувчиларини тайёрлаш мактабининг ташкил этилиши юртимизда миллий учувчиларни тайёрлаш имкони беради.

    Франциянинг Фуқаро авиацияси миллий мактаби авиация соҳаси муҳандисларини тайёрловчи олий мактаби сифатида 1949 йилдан бери фаолият олиб боради. Асосий базаси Франциянинг Тулуза шаҳрида жойлашган. 2011 йил 1 январидан Европада авиация соҳаси бўйича энг йирик авиация таълим муассасаси бўлиб келмоқда.

    Мулоқотимиз Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси орқали бошланган. Пандемия туфайли ўтган йили бир неча бор онлайн учрашувлар ўтказилди. Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ҳам онлайн тарзда имзоланди. Шериклик доирасида талабалар алмашинуви, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, илмий-педагог кадрларни тайёрлаш назарда тутилди.

    Бу муассаса билан ҳамкорлик ўрнатиш орқали Европанинг, қолаверса, дунёнинг етакчи олий таълим муассасалари билан алоқани йўлга қўямиз. Авиация соҳасидаги илғор таълим технологияларини университетимиз таълим жараёнига олиб кириш, келгусида битирувчиларимизга дунёдаги нуфузли авиакомпанияларда фаолият юритиш имкониятини яратиб берамиз. Шу йўналишда таълим бераётган педагогларнинг малакасини ошириш, ёш мутахассисларимизни стажировкаларга юбориб, илмий салоҳиятини оширишга эришамиз.

    Франция фуқаро авиация миллий мактаби замонавий ускуналар ва самолёт тренажёрлари билан жиҳозланган. Бу дегани ҳамкорликда ўқитиладиган фуқаро авиацияси учувчилари замонавий ўқув тренажёрларидан фойдаланиб таълим олади ва дунёда тан олинадиган учувчилик лицензияларига эга бўлади.

    Ўқув жараёни “2+2” тизими асосида олиб борилади. Биринчи ва иккинчи ўқув йили Тошкент давлат транспорт университетида олиб борилади. Таълим жараёнига университетимизнинг етакчи ўқитувчилари ҳамда ҳаво кемалари инструктор-учувчилари жалб қилинади. Талабалар учинчи ва тўртинчи ўқув йилини Франциянинг Фуқаро авиацияси миллий мактабида ўтайди.

    Дастлабки жараёнда талабалар битта — “Ҳаво кемаларининг парвоз эксплуатацияси” таълим йўналиши бўйича таҳсил олади. Унга қабул квотаси 25 та этиб белгиланган. Ўқув жараёни инглиз тилида олиб борилиши сабабли абитуриентлар чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги халқаро сертификатни тақдим этади. Сўнгра талабгорлар махсус низом бўйича тиббий кўрикдан ва касбий лаёқатлилик бўйича суҳбатдан ўтади. Бу жараёндан муваффақиятли ўтган абитуриентлар тест синовларига киритилади. 25 нафар талаба дастлаб университетимизда таҳсил олади. Икки йиллик таҳсил ва тиббий кўрик хулосаларига кўра, 20 нафари Францияда таълимни давом эттириши учун Фуқаро авиацияси миллий мактабига юборилади. Танловдан ўтолмаган талабалар ҳудудий авиакомпаниялар учун тайёрланади.

    Ўқув жараёни назарий ва амалий қисмлардан иборат бўлади. Ҳар бир босқичда назарий билимлар амалий машғулотларда мустаҳкамлаб борилади. Жараён компьютер тренажёрлари, самолёт тренажёрлари ҳамда тўлиқ парвоз симуляторларида, шунингдек, ўқув самолётларида ўтказилади. Бу эса битирувчиларнинг бевосита касбий фаолиятга тез киришиб кетишига муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

    Таълим фаолиятига ўз фанини мукаммал билган ўқитувчилар жалб қилинади. Ўқув жараёни инглиз тилида ташкил этилишини айтиб ўтдик. Демак, педагогларимиз ҳам чет тилини етарли даражада билиши шарт.

    Ҳозир фуқаро авиацияси учувчилари муҳандислик ихтисослигига эга бўлиши талаб этилади. Чунки бортдаги мураккаб ускуналардан фойдаланиш учун нафақат назарий, балки амалий кўникмалар ҳам зарур. Амалий машғулотлар ўқув йилининг дастлабки икки йилида Тошкент давлат транспорт университетида ташкил этилади. Шу боис олдимизда янги таълим йўналиши учун талаб қилинадиган жиҳозларни харид қилиш ва ўрнатиш масаласи турибди.

    Таълим жараёнининг кейинги икки йилидаги амалий машғулотлар, жумладан, тренажёр тайёргарлиги, ўқув парвозлари Франциянинг турли шаҳарларида жойлашган ўқув марказларида олиб борилади. Фуқаро авиацияси миллий мактаби замонавий самолётлар тренажёрлари билан жиҳозланган. Машғулотларни малакали учувчи-инструкторлар олиб боради. Талабаларимиз ўқув парвозларини Diamond DA 40, DA 42, Beech 58, Airbus A320 самолётларида амалга оширади.

    Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори Ўзбекистон дунёга юз тутиб, халқаро алоқаларни янада кенгайтираётган айни кунларда миллий авиациямиз ривожи учун ўта муҳим аҳамият касб этади. Чунки узоқ-яқин давлатлар билан муносабатларда узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қиладиган самолётлардан фойдаланамиз. Уларни бошқариш учун эса миллий кадрларга талаб ҳар қачонгидан юқори.

    Одил АБДУРАҲМОНОВ,

    Тошкент давлат транспорт университети ректори

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates