баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    Эндиликда давлат ва идоралардаги бутун жараёнларни кузатиб бориш имкони бўлади

    Рақамлаштириш 23 феврал 2021 136

    АОКАда «Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотлар соҳасини янада ривожлантириш истиқболлари» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

    Унда Давлат статистика қўмитаси раиси ўринбосари Зоҳиджон Зияев ҳамда бир гуруҳ масъул ходимлар, Очиқ маълумотлар портали фаолиятини мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Акром Султонов, шунингдек, Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази раҳбари Баҳром Зияевлар иштирок этишди.

    Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 апрелдаги «Давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг статистика салоҳиятини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, Давлат статистика қўмитаси давлат органлари ва ташкилотларининг очиқ маълумотлар тўпламлари рўйхатини шакллантириш, юритиш ва янгилаш, тегишли ахборотларнинг Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар портали (data.gov.uz)да ўз вақтида акс эттирилишини мувофиқлаштиришга масъул этиб белгиланди.

    Нима учун бу масала охирги йилларда жуда муҳим ва долзарблик даражасига кўтарилди? Очиқ маълумотлар давлатга, бизнес жараёнлари ва жамият тараққиётига нима беради? Лойиҳа бошланганидан буён қандай ютуқларга эришилди? Порталнинг янги версиясидан ўзига хос ёндашувлар ўрин олганми? Матбуот анжуманида айнан шу каби саволлар мутахассислар томонидан очиқланди.

    Бугунги кунда маълумотларнинг очиқлик ва шаффофлик билан етказилиши нафақат юртимиз, балки дунё ҳамжамияти томонидан тан олинишимизда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда мамлакатимизда бу борада сезиларли ислоҳотлар амалга оширилди. Давлат органларининг шаффофлиги таъминланиб, кенг жамоатчилик назоратини ўрнатиш имконияти яратилди.

    «2015 йилда ташкил этилган Очиқ маълумотлар порталига 2019 йилги Президент қарори асосида катта ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, техник томондан мукаммаллаштирилиб, порталнинг концепцияси ишлаб чиқилди, хорижий тиллар қўшилди, маълумотлар базаси кенгайтирилди, вазирлик ва идоралар жалб қилинди, рўйхатлар шакллантирилди», – дейди Давлат статистика қўмитаси раиси ўринбосари Зоҳиджон Зияев. — «Натижада ижобий ўзгаришларга эришилди. Шунингдек, 2019-2020 йиллар давомида 100 дан ортиқ вазирлик ва идоралардаги 385дан ортиқ ходимнинг халқаро ва маҳаллий экспертларни жалб қилган ҳолда малакаси оширилди. Албатта бу йўналишдаги ишларимиз энди бошланди. Ҳали олдинда қиладиган ишларимиз жуда кўп».

    Очиқ маълумотлар рейтингида (Open Data Inventory - ODIN) Ўзбекистоннинг 63 балл тўплаб, 125та позицияга кўтарилгани ва дунёда 44-ўринни, Марказий Осиёда эса 1-ўринни эгаллагани ислоҳотлар ўз натижасини бера бошланидан далолат.

    Албатта, бу каби кўрсаткичларни эътироф этиш лозим. Айниқса, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Электрон ҳукумат кузатуви 2020»да «Очиқ давлат маълумотлари индекси» бўйича Ўзбекистон энг юқори (Very High OGDI) кўрсаткичга эга бўлган жаҳоннинг 41 та мамлакати орасидан жой олгани, ушбу индексда жами 193та мамлакат баҳоланиб, улар орасида юртимиз энг юқори балл тўплагани ҳам катта ютуғимиздир.

    Ҳозирги кунда, Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталида жами 11 мингга яқин маълумотлар тўпламлари 3 тилда (ўзбек, рус ва инглиз) жойлаштирилган.

    Тан олиш керак, яқин-яқингача йиллаб янгиланмаган, нотўлиқ базаси туфайли Ўзбекистоннинг очиқ маълумотлар порталига ишонч йўқолган, уни деярли унутишган эди. Лекин қаловини топсанг, қор ҳам ёғади, деганларидек, 2 йиллик саъй-ҳаракатлар йўқотилганларни қайтариш имкониятини берди.

    «2 йил олдин Ўзбекистоннинг очиқ маълумотлар портали бўйича фикрларни ўрганганимизда жуда кўп салбий гапларни эшитдик. Ўша пайтда порталда 4000тага яқин маълумотлар бор бўлиб, кўпи эскириб ҳам қолганди. Ўз вақтида тўлдирилмагани, долзарб эмаслигидан келиб чиқиб, барча маълумотларни олиб ташладик ва ўрнига бутунлай янгиларини жойлаштирдик. Бундан ташқари, очиқ маълумотлар рўйхатини янгидан шакллантирдик», – дейди Очиқ маълумотлар портали фаолиятини мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Акром Султонов. — «Ҳозирги амалдаги рўйхатда 1500тага яқин маълумотлар тўплами мавжуд. 2019 йилнинг 1 августида эса порталнинг инглиз тилидаги версияси ишга туширилди. Шунингдек, дунёдага барча халқаро статистик ҳамда халқаро ташкилотлар маълумотлар базаларини ўрганиб чиқдик. Ўша пайтдаги таҳлилимизга кўра, уларда Ўзбекистон тўғрисида атиги 28% маълумот мавжудлиги аниқланди. Кейинги тўлдириш ва маълумотларни шакллантириш бўйича амалга оширган ишларимиз натижасида бу кўрсаткич 53 фоиздан ўсди. Олдимизга қўйган мақсад – янги шакллантирилаётган маълумотларни порталга жойлаштириб бориш билан бирга ҳам халқаро, ҳам ички фойдаланувчилар учун қулай ва ягона базани яратишдир».

    Сўнгги йилларда электрон ҳукуматни ташкил этувчи кўпгина давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари яратилди. Бунга катта-катта маблағлар ажратилди. Шундай экан, эндиликда ушбу маълумотлардан нафақат давлат сектори, ижтимоий масалалар, балки тижорат соҳасида ҳам имкон қадар самарали фойдаланиш зарур.

    «Бугун Ўзбекистонда ички ва ташқи очиқлик сиёсати олиб борилмоқда. Буни давлат идораларининг ахборот ресурсларидан тортиб, барча хизматларини очиқ ва шаффоф Очиқ маълумотлар порталига жойлаштириб келаётганидан ҳам англаш мумкин», – дейди Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази раҳбари Баҳром Зияев. – «Эндиликда ҳар бир давлат ва идоралардаги долзарб маълумотлар Очиқ маълумотлар порталига интеграция қилиниши орқали аҳолимиз бутун жараёнларни кузатиб бориш имкониятига эга бўлади: нима хизматлар кўрсатиляпти, қандай шароитлар ва қулайликлар яратиляпти ва ҳоказо».

    «Яна бир муҳим жиҳати, Очиқ маълумотлар порталидаги очиқлик ва шаффофлик туфайли катта-катта хорижий компаниялар Ўзбекистондаги ҳар бир давлат идораларининг аҳволини, улардаги статистик маълумотларни ўрганиб, ўзларига кераклиларини электрон кўринишда олиш имкониятига эга бўлишади. Бу Ўзбекистонга инвестиция олиб киришда жуда қўл келади. 2021 йил 1 августга қадар Ўзбекистон Республикаси очиқ маълумотлар порталининг янги версиясини ишлаб чиқиш ва фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бу ҳар бир давлат идораларини автоматик тарзда ягона нуқтага бирлаштирадиган платформа бўлади», қўшимча қилди Баҳром Зияев.

    Очиқлик ва шаффофлик юртимизнинг жаҳон майдонидаги имижини ошириб, инвестициявий жозибадорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

    Матбуот анжуманида масъуллар ОАВ вакиллари томонидан берилган саволларга ҳам атрофлича жавоб берди.

    No date selected
    March 2021
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates